Cайт ранги: A A


Депутат фикри

Шерзод ТЎХТАШЕВ: Конституция – суд-ҳуқуқ тизими соҳасидаги ислоҳотларнинг ҳуқуқий асоси

Шерзод ТЎХТАШЕВ: Конституция – суд-ҳуқуқ тизими соҳасидаги ислоҳотларнинг ҳуқуқий асоси

Тез кунларда Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 27 йиллигини кенг нишонлаш бўйича қизғин тайёргарлик кўрилмоқда.

Конституциямиз юртимизда ҳуқуқий демократик давлат, кучли фуқаролик жамияти, эркин бозор муносабатлари ва хусусий мулк устуворлигига асосланган иқтисодиётни қуриш, халқимиз учун тинч, обод ва фаровон ҳаёт барпо этиш, Ўзбекистоннинг халқаро майдонда муносиб ўрин эгаллашида мустаҳкам пойдевор бўлиб хизмат қилмоқда.

Мамлакатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев Конституция қабул қилинганининг
26 йиллиги муносабати билан сўзлаган маърузасида бежизга: “
Халқимиз сиёсий-ҳуқуқий тафаккурининг юксак намунаси бўлган Конституциямиз юртимизда демократик давлат ва фуқаролик жамияти барпо этиш, Ўзбекистоннинг халқаро майдонда муносиб ўрин эгаллашида мустаҳкам пойдевор бўлиб хизмат қилмоқда”, деб таъкидлаб ўтмаган эди.

Бош қомусимиз Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси ва бошқа асосий халқаро ҳужжатлар талабларига тўла мос ҳолда, инсон ва фуқароларнинг шахсий ҳуқуқ ва эркинликлари, сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий ҳуқуқларини кафолатлаб берди.

Конституциямизда олий қадрият сифатида белгилаб қўйилган инсон ҳуқуқларини таъминлаш масаласида суд ҳокимиятининг тутган ўрни беқиёсдир. Шу сабабли судни ҳокимиятнинг мустақил ва алоҳида тармоғи сифатида ташкил этиш, уни ўтмишдаги жазолаш органидан инсон ҳуқуқ ва эркинликларини муҳофаза қилувчи ҳамда ишончли ҳимоя қилувчи давлатнинг чинакам мустақил институтига айлантириш бўйича салмоқли ишлар амалга оширилди.

Бу ислоҳотларнинг амалга оширилишига сўнгги уч йил мобайнида суд-ҳуқуқ тизимини тубдан ислоҳ қилиш, жамиятда қонун устуворлигини таъминлаш ҳамда қонунийликни мустаҳкамлаш, суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини таъминлашга оид норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар, қонунлар, фармон ва қарорлар ҳуқуқий замин яратиб берди. 

Бошқача айтганда, суд-ҳуқуқ тизимидаги ислоҳотлар давлат сиёсатининг асосий устувор йўналишларидан бири сифатида эътироф этилди ва бу йўналишда бир қатор ижобий натижаларга эришилди.

Энг аввало, суд-ҳуқуқ тизимини янада демократлаштириш ва эркинлаштириш, судлар фаолияти самарадорлигига эришиш, аҳолининг одил судловга бўлган ишончини ошириш, жамиятда қонун устуворлигини таъминлаш ва қонунийликни мустаҳкамлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Олий суди ва Олий хўжалик судлари бирлаштирилиб, фуқаролик, жиноий, маъмурий ва иқтисодий суд иш юритуви соҳасида суд ҳокимиятининг ягона олий органи – Ўзбекистон Республикаси Олий суди ташкил этилди.

Фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари, эркинликлари, қонуний манфаатларининг ишончли суд ҳимоясини таъминлаш, маъмурий суд иш юритувини амалга ошириш бўйича конституциявий норманинг амалда ижросини таъминлаш мақсадида маъмурий судлар ташкил этилди. Эндиликда фуқароларимизнинг ҳақ-ҳуқуқлари давлат идоралари томонидан бузилса, улар ҳар бир туман ва шаҳарда тузилган маъмурий судларга мурожаат қилиш имкониятига эга бўлдилар.

Бундан ташқари, судлар тузилмасини ҳамда судьялик лавозимларига номзодларни танлаш ва тайинлаш тизимини янада такомиллаштириш мақсадида ҳеч қайси ҳокимият бўғинига бўйсунмайдиган орган – Судьялар олий кенгаши ташкил этилди ва бу билан судьяларни танлаш ва лавозимларга тайинлашда ноқонуний аралашувларнинг олдини олинди, очиқ, ошкора ва муқобил танлов тизими яратилди.

Ўз навбатида мазкур кенгаш томонидан судьялик лавозимларига номзодларни танлаш, малакали ва масъулиятли мутахассислар орасидан судьяларни тайинлаш, шунингдек раҳбар судьялик лавозимларига кўрсатиш учун тавсия бериш йўли билан судьялар корпусини шакллантириш, уларнинг одил судловни амалга ошириш борасидаги фаолиятига аралашишнинг олдини олиш бўйича самарали ишлар амалга оширилмоқда.

Судьялик лавозимига биринчи маротаба беш йил муддатга ва кейин ўн йил муддатга, шундан сўнг муддатсиз тайинлаш (сайлаш)ни назарда тутувчи тартиб жорий этилиши ҳам суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини таъминлаш, судьяларнинг касбий нуфузини оширишга қартилгандир.

Бундан ташқари жиноят, жиноят-процессуал, фуқаролик–процессуал ва бошқа қонун ҳужжатларига инсон ҳуқуқ ва эркинликлари устуворлигини таъминлаш, суд муҳокамасини ўз вақтида ва адолатли ўтказиш, жазонинг адолатлилиги ва инсонийлиги кафолатларини кучайтиришни инобатга олган ҳолда одил судлов самарадорлигини оширишга қаратилган ислоҳотлар амалга оширилди. 

Суд қарорларининг қонунийлиги ва асослилигини қайта кўриб чиқишнинг амалдаги тизимини такомиллаштириш, шунингдек суд процесси муддатлари ва сифатига салбий таъсир кўрсатувчи ортиқча оралиқ инстанцияларни бартараф этиш мақсадида вилоят даражасидаги судлар томонидан фуқаролик ва жиноят ишларини назорат тартибида қайта кўриш бўйича бир-бирини такрорловчи инстанциялар бекор қилинди.

Апелляция ва кассация инстанциялари босқичида иш юзасидан юқори суд инстанцияси томонидан якуний қарор чиқариш кафолатлари мустаҳкамланди. Янги тартиб жорий этилиши билан фуқароларимизнинг судма-суд овора бўлиб юриши каби салбий амалиётга барҳам берилди.

Фуқаролик иши бўйича суд қарорини назорат тартибида қайта кўриб чиқиш имкониятини берувчи муддат уч йилдан бир йилга қисқартирилди, бу эса, фуқаролик ҳуқуқий муносабатларнинг барқарорлиги, фуқаролик процесси иштирокчиларининг ҳуқуқ ва қонуний манфаатлари ҳимоя қилинишини таъминлашга хизмат қилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодекси жазо тизимидаги қамоқ тарзидаги жазо тури бекор қилиниб, унинг ўрнига озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган мажбурий жамоат ишлари жазо тури киритилди.

Фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишнинг ҳуқуқий кафолатларини кучайтириш, жиноят ишларини тергов қилишнинг тезкорлигини ошириш доирасида жиноят содир этишда гумон қилинган шахсларни ушлаб туриш муддати 72 соатдан 48 соатга қисқартирилди. Қамоққа олиш ва уй қамоғи тарзидаги эҳтиёт чораларини қўллашнинг, шунингдек жиноят ишлари бўйича дастлабки терговнинг энг кўп муддатлари 1 йилдан 7 ойга қисқартирилди.

«Хабеас корпус» институтини жорий этиш ва тергов олиб боришда суд назоратини кучайтириш борасидаги ишлар изчил давом эттирилиб, прокурорларнинг почта-телеграф жўнатмаларини хатлаб қўйиш ва эксгумация қилиш каби тергов ҳаракатларини ўтказишга санкция бериш бўйича ваколатлари судларга ўтказилди.

Судда иш юритиш тезкорлиги ва сифатини ошириш, иш бўйича якуний қарорлар қабул қилиш муддатларини асоссиз кечиктиришни бартараф этиш, судларнинг жиноят процессидаги ролини ошириш мақсадида суд томонидан жиноят ишини қўшимча терговга қайтариш институти бекор қилинди.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев, бундан буён Ўзбекистонда қийноққа солиш, руҳий, жисмоний босим ўтказиш ва бошқа зўравонлик ҳолатларига мутлақо йўл қўйилмаслиги, бундай жиноий қилмишларни содир этган ҳар қандай шахс, у ким бўлишидан қатъи назар, муқаррар равишда жавобгарликка тортилиши ҳақида ўз чиқишларида кўп маротаба қайд этди.

Шу нуқтаи назардан ушбу йўналишда далилларни сохталаштирганлик (қалбакилаштирганлик) учун жиноий жавобгарлик белгиланди, ёлғон гувоҳлик ва ёлғон хабар берганлик учун жавобгарлик кучайтирилди. Қонунга хилоф усуллар орқали олинган далиллардан, шу жумладан номаълум манбадан ёхуд жиноят ишини юритиш жараёнида аниқлаш мумкин бўлмаган манбадан олинган маълумотлардан далил сифатида фойдаланиш таъқиқланди. Далилларни тўплаш ва мустаҳкамлашда рухсат берилмаган усуллар қўлланилганлиги тўғрисидаги мурожаатлар прокурор ёки суд томонидан зудлик билан мажбурий текширилиши лозим бўлган тартиб белгиланди.

Судларда жиноят ишлари бўйича очиқ муҳокама принципини чеклайдиган қўшимча талабларни жорий этиш таъқиқланиб, қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала турларини қўллаганлик учун жавобгарлик кучайтирилди.

Ушланган шахсларнинг қамоққа олиш тарзидаги сиртдан қабул қилинган эҳтиёт чораси устидан суд тартибида шикоят қилиш ҳуқуқлари, шунингдек ҳимоячиларни далилларни тўплаш ва тақдим этишга бўлган ҳуқуқлари кенгайтирилди.

Бу каби ислоҳотлар натижасида 2018 йил ҳамда 2019 йилнинг ўтган 10 ойи давомида судлар томонидан бир ярим мингдан ортиқ шахсларга нисбатан оқлов ҳукми чиқарилди. Ушбу кўрсаткичнинг ўзиёқ суд-ҳуқуқ тизимидаги ислоҳотлар ўз самарасини бераётганлигидан далолат беради.

Бир сўз билан айтганда, Конституциямиз юртимизда амалга оширилаётган барча соҳалардаги, хусусан, суд-ҳуқуқ тизимидаги кенг кўламли ислоҳотларнинг мустаҳкам ҳуқуқий асоси вазифасини ўтамоқда. Шу боис, Бош қомусимизнинг моҳияти, хусусиятлари ва салоҳиятини ўрганиш ҳамиша давом этаверади. Зеро, Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қанчадан-қанча бунёдкорлик ҳаракатларининг, эзгу мақсадларга йўналтирилган демократик ислоҳотларнинг, кучли фуқаролик жамияти қурилишининг ҳуқуқий пойдевори бўлиб хизмат қилаверади.

 

 

Шерзод ТЎХТАШЕВ,

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси

Қонунчилик палатаси депутати


Кўришлар сони: 1639

Депутатлар минбари

Янгиликлар

22.01.2020
Депутатлар Вазирлар Маҳкамаси аъзолигига номзодларни кўриб чиқдилар

Парламентнинг ҳозирги ривожланиш босқичида давлатимиз раҳбарининг тавсиялари билан амалиётга жорий...

22.01.2020
Фракция Ҳукумат аъзолигига номзодларни маъқуллади(ми?)

Депутатлар кун тартибидаги масала юзасидан ўз муносабатларини билдириб ўтишди. Номзодларнинг ҳаётий...

22.01.2020
Ҳаракатлар режасида кўзда тутилган вазифаларнинг ижроси парламент назоратида бўлади

Йиғилишда дастлаб, фракция аъзолари номзодларнинг истиқболга мўлжалланган мақсадли кўрсаткичлар ...

Тадбирлар тақвими