Cайт ранги: A A


Фракция йиғилишлари

Фракция аъзолари Ҳукуматнинг ҳисоботини қандай баҳолади?

Фракция аъзолари Ҳукуматнинг ҳисоботини қандай баҳолади?

2022 йил 21 июль куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги “Адолат” социал демократик партияси, Халқ демократик партияси ҳамда Ўзбекистон Экологик партияси фракцияларининг қўшма йиғилиши бўлиб ўтди.

Унда 2022 – 2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясини “Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили”да амалга оширишга оид Давлат дастурининг 2022 йил биринчи ярим йиллигида бажарилиши юзасидан Вазирлар Маҳкамасининг ҳисоботи эшитилди.

Таъкидланганидек, Давлат дастури 7 та устувор йўналиш бўйича 100 та мақсад ва 398 та банддан иборат. Уларда белгиланган чора-тадбирларни амалга ошириш мақсадида 318 та қонун, фармон ва қарор ишлаб чиқиш кўзда тутилган. Давлат дастури ижроси доирасида жорий йилнинг ўзида умумий қиймати 55 трлн. сўм ва 11,7 млрд. долларга тенг лойиҳаларни амалга ошириш назарда тутилган.

Давлат дастурининг жами 607 та яхлит ва кичик бандларида назарда тутилган топшириқлардан 215 тасининг ижро муддати 2022 йилнинг февраль-июнь ойлари этиб белгиланган. Шундан 137 та банд ва кичик бандлар тўлиқ бажарилган, 10 тасининг ижро муддати узайтирилган, қолган бандларнинг ижроси юзасидан ишлаб чиқилган тегишли ҳужжат лойиҳалари кўриб чиқилмоқда.

Ҳисобот даврида олий таълим муассасаларига академик ва молиявий мустақиллик бериш билан бир қаторда, уларнинг тайёрлов йўналишларини кенгайтириш ва замон талаблари асосида ишлаб чиқариш билан интеграцияси таъминланди. Аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизмат сифатини ошириш, бюджет маблағларидан самарали фойдаланиш, тиббий хизматларни марказлаштириш ва аҳолини тиббий суғурталаш амалиётини жорий қилиш бўйича эътиборга лойиқ ишлар амалга оширилди.

Шунингдек, хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг жамият ҳаётидаги фаол иштирокини таъминлаш мақсади бўйича қатор ишлар амалга оширилди. Республикадаги 9 348 та маҳаллаларда “Ёшлар баланси” шакллантирилиб, улар билан тизимли ишлаш йўлга қўйилди. Маҳаллалар осойишталиги ва хавфсизлигини таъминлаш мақсадида 6 822 та “Фидокор ёшлар” жамоатчилик патруль гуруҳлари фаолияти йўлга қўйилиб, уларга
14 957 нафар ёшлар жалб қилинди.

Бундан ташқари, мамлакатимизда адолат ва қонун устуворлиги тамойилларини тараққиётнинг энг асосий ва зарур шартига айлантириш борасида белгиланган мақсадларга эришиш учун қатор тизимли чора-тадбирлар амалга оширилди.

Жумладан, хусусий мулк дахлсизлиги ва ҳимоясининг кафолатлари кучайтирилди, мулкий, ер участкасига бўлган ҳуқуқларни сўзсиз таъминлаш чоралари кўрилди. Маҳкумлар ва жазони ўтаб бўлган шахсларнинг меҳнат, ижтимоий таъминот ва халқаро эътироф этилган бошқа ҳуқуқларини таъминлаш мақсадида уларнинг ижтимоий мослашуви ва жамиятга реинтеграциясига кўмаклашишнинг самарали механизмлари жорий этилди, мазкур йўналишда давлат ва жамият институтларининг биргаликдаги фаолияти йўлга қўйилди.

Йиғилишда қайд этилганидек, ҳисобот даврида атроф-муҳитнинг ифлосланиш даражасини баҳолаш механизмларини такомиллаштириш, атроф табиий муҳитни кузатиш, унинг ифлосланиш даражасини прогноз қилиш, давлат экологик назоратини доимий ахборот билан таъминлаш, ифлослантирувчи манбаларнинг ҳолати ва атроф муҳитга таъсири мониторинги амалга оширишга устувор аҳамият қаратилган. Хусусан, 680 та корхонанинг    2 898 та ҳаво, сув ва тупроқни ифлослантирувчи манбаларида мониторинг ўтказилди. Натижада 199 та объектнинг 254 та манбасида атроф табиий муҳитни меъёридан ортиқ ифлослантириш ҳолатлари аниқланиб тегишли чоралар кўрилди.

Кўриб чиқилган даврда ўрмон фондининг чўл ҳудудларида, жумладан, Орол денгизининг қуриган туби ва Оролбўйи минтақасида “яшил қопламалар” барпо этиш, республикада кўкаламзорлаштириш ишларини ташкил этиш борасида тизимли ишлар олиб борилган. Бугунги кунга қадар Қорақалпоғистон Республикаси Мўйноқ тумани, Хоразм, Бухоро ва Навоий вилоятлари ҳудудларида жами 208 минг гектар майдонда чўл ўсимликларидан ҳимоя ўрмонзорлари барпо этилган.

Депутатлар Давлат дастури ижроси бўйича бажарилган ишлар ва эришилган ютуқларни эътироф этиб, давлатимиз раҳбари томонидан олиб борилаётган ислоҳотлар тўғри йўналтирилганлигини таъкидладилар. Шу билан бирга, фракция аъзолари Ҳукумат Давлат дастури ижроси бўйича айрим масалаларга эътибор қаратиши лозимлигини ҳам айтиб ўтишди.

Хусусан, бугунги кунда фуқароларимизнинг муаммоларини ўрганиш ва уларни хал этиш бўйича депутатларнинг фаоллиги ошган. Улар томонидан давлат ва хўжалик бошқаруви органларининг мансабдор шахсларига кўплаб депутатлик сўровлари юборилмоқда. Лекин ушбу сўровларга асосланган жавоблар олинишда муаммолар мавжуд. Шундан келиб чиқиб, давлат ва хўжалик бошқаруви органларининг мансабдор шахсларига юборилаётган депутатлик сўровларига ўша мансабдор шахс томонидан асослантирилган жавоб берилиши устидан назоратни кучайтириш лозимлиги таъкидланди.

Йиғилишда депутатлар фармацевтика саноати маҳсулотларига аҳолининг талаблари кўпайиб бориши, тиббий жиҳозларга эҳтиёжларнинг юқорилигини ҳисобга олиб, кундалик эҳтиёжлар учун керак бўладиган препаратлар ва тиббий жиҳозларни маҳаллий ишлаб чиқаришда маҳсулотлар сифатини халқаро талабларга мувофиқлигини таъминлаш, нарх-навони аҳолига қулай нархларда таклиф қилиш бўйича тегишли вазирлик ва ташкилотларга таклифлар беришди.

Шунингдек, фракция аъзолари томонидан илмий ёндашувлар асосида ҳудудларнинг тупроқ-иқлим ва бошқа хусусиятларини инобатга олган ҳолда кўчатларни экиш, экилган дарахтлар ва буталарни қуриб қолишининг олдини олиш мақсадида суғориш тизимларини қайта кўриб чиқиш, уларнинг самарали фаолиятини таъминлаш бўйича фикрлар билдирилди.

Йиғилишда фракция аъзоларининг тегишли таклиф ва тавсифлари асосида, Давлат дастурининг ижроси юзасидан Вазирлар Маҳкамасининг ҳисоботи маъқулланди.


Кўришлар сони: 1302

Депутатлар минбари

Янгиликлар

02.12.2022
Муҳим масалалар муҳокама қилинди

Олий Мажлис Қонунчилик палатасида Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар қўмитаси аъзолари ҳамда Халқаро...

02.12.2022
Конституция ва жамоатчилик назорати

Конституциямиз мамлакатимизнинг асрий қадриятлари ва анъаналари, миллий қонунчилик ва менталитетини...

02.12.2022
Миллий марказда БМТ Хавфсизлик кенгаши Аксилтеррор қўмитаси экспертлари билан учрашув бўлди

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари Акмал Саидов БМТ Хавфсизлик кенгаши...

Тадбирлар тақвими