Cайт ранги: A A


Фракция йиғилишлари

Амалдаги қонуннинг таъсири нега сезилмаяпти?

Амалдаги қонуннинг таъсири  нега сезилмаяпти?

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги “Миллий тикланиш” демократик партияси фракциясининг навбатдаги йиғилишида дастлаб “Алкоголь ва тамаки маҳсулотларининг тарқатилиши ҳамда истеъмол қилинишини чеклаш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси муҳокама қилинди.

Таъкидланганидек, юқумли бўлмаган касалликлар – юрак қон томир, саратон, қандли диабет каби хасталиклар бугун глобал муаммога айланди. Уларнинг пайдо бўлишига эса тамаки ва алкоголь маҳсулотлари сабаб бўлмоқда. БМТ маълумотига кўра, тамакидан йилига 5,4 миллион, яъни ҳар 6 сонияда 1 киши ҳаётдан кўз юмар экан. Алкогол сабаб эса 3,3 миллионта ўлим қайд этилмоқда.

Мамлакатимизда ҳам бу борадаги аҳвол хавотирли. Республика саломатлик ва тиббий статистика институти маълумотларига кўра, Ўзбекистонда ҳар йили 30 мингга яқин киши айнан чекиш билан боғлиқ касалликлар туфайли оламдан ўтади. Яқин йилларда бу рақам икки бараварга ортиши мумкин. Юртимиздаги жами эркакларнинг 23 фоизи, аёлларнинг 1 фоизи чекувчилардир. Айниқса, кейинги пайтларда ёшларнинг электрон сигареталар, никотинли снюсларга ружу қўйиши кўпаймоқда.

Мутахассисларнинг фикрича, электрон сигарета чекувчилар кейинчалик одатий сигареталарни икки баравар кўпроқ чека бошлайди. Бу эса ёш авлоднинг никотинга қарамлик даражаси янада кўтарилишига олиб келади.

Шулар инобатга олиниб, ушбу қонун лойиҳаси тайёрланди ва унда алкоголь ҳамда тамаки маҳсулотларининг айланмасини тартибга солиш, салбий оқибатлардан фуқароларни ҳимоя қилиш, жамиятда соғлом турмуш тарзини шакллантиришнинг ташкилий ва ҳуқуқий шарт-шароитларини яратиш кўзда тутилган. Чунки амалдаги қонуннинг ташкилий-ҳуқуқий механизмлари кучсизлиги натижасида унда белгиланган қоида ва чекловларга риоя этиш даражаси жуда паст бўлмоқда.

“Миллий тикланиш” демократик партияси 2020-2024 йилларга мўлжалланган Сайловолди дастуридан келиб чиққан ҳолда бу борада жамоатчилик назоратини кучайтириб, тизимли ўрганишларни амалга оширмоқда. Жумладан, партия тегишли идоралар билан ҳамкорликда 2019 йилда мактабларда ўтказган рейдлари давомида 110 нафар ўқувчи ёнидан никотинли снюслар топилган бўлса, бу кўрсаткич 2020 йилда 270, ўтган йилнинг икки ойида эса 301 тани ташкил қилди. Уларни истеъмол қилувчиларнинг энг ёши 5-синф ўқувчилари экани янада хавотирлидир.

Мутахассисларнинг қайд этишича, ўсмирлик даври мия ривожланиши учун критик давр ҳисобланади. Мияга никотин таъсири эса кучли қарамликка, хотира, билим олиш қобилиятининг пасайишига ва таҳликали неврозларга олиб келади.

Маълумотларга кўра, никотиннинг бир марта қабул қилгандаги токсик дозаси чекмайдиган катталарда 4-8 мг га тенг, болалар учун эса, бу доза ичга қабул қилинганда, ўлимга олиб келиши исботланган. Шу боис, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти электрон сигареталарни бутунлай тақиқлаш ёки тамаки маҳсулотларига қўлланиладиган қатъий чоралар орқали вазиятни тартибга солишни таклиф этмоқда. Ҳозирча дунёнинг 32 мамлакатида электрон сигареталарни сотиш тақиқланган.

Йиғилишда қонун лойиҳаси депутатларнинг қизғин муҳокамаларига сабаб бўлди. Фракция аъзоларининг барчаси қонун лойиҳасида электрон сигареталарни тақиқлаш бўйича қатъий чеклов киритишни таклиф қилди.

– Дунёнинг 32 мамлакатида электрон сигареталар чекланган экан, нима учун биз чекламаслигимиз керак. Мутахассислар унинг генофондга жиддий таъсир кўрсатишини айтмоқда. Партиямиз ҳам ушбу масалани мунтазам кўтариб келади. Ким нима деса десин, ушбу қонун лойиҳасига электрон сигареталарни қатъий тақиқлаш бўйича чеклов киритилмас экан, биз ушбу қонуннинг қабул қилинишига қарши овоз бераверамиз, – деди “Миллий тикланиш” демократик партияси фракция раҳбари Алишер Қодиров.

Ушбу таклиф бир овоздан қўллаб-қувватланди ва қонун лойиҳаси қўмитага қайтарилди.

Фракция йиғилишида кун тартибига киритилган бошқа масалалар ҳам муҳокама қилиниб, тегишли қарорлар қабул қилинди.

 



Кўришлар сони: 222

Депутатлар минбари

Янгиликлар

15.01.2022
Халқимиз манфаатларига хизмат қиладиган таклифлар илгари сурилди

Жамоатчилик муҳокамасига қўйилган “Янги Ўзбекистоннинг 2022-2026 йилларга мўлжалланган тараққиёт...

15.01.2022
Қўмитанинг 2021 йил якунлари бўйича фаолияти сарҳисоб қилинди

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Фан, таълим, маданият ва спорт масалалари қўмитаси томонидан...

14.01.2022
Тараққиёт стратегияси:75 минг гектар интенсив боғ ва янги узумзорлар барпо этилади

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Аграр ва сув хўжалиги масалалари қўмитаси “Янги Ўзбекистоннинг...

Тадбирлар тақвими