Cайт ранги: A A


Фракция йиғилишлари

Моддий маданий мерос объектларига зарар етказган шахсларга нисбатан жазо чоралари кучайтирилмоқда

Моддий маданий мерос объектларига зарар етказган шахсларга нисбатан жазо чоралари кучайтирилмоқда

Мамлакатимизда 8210 та моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объекти давлат муҳофазасига олинган бўлса-да, сўнгги йилларда тарихий обидаларни рухсатсиз ёки ўз билганича таъмирлаш-тиклаш ишлари кўпайган. Натижада уларнинг тарихий ва бадиий қимматига жиддий зарар етказилган.

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги “Миллий тикланиш” демократик партияси фракцияси йиғилишида айнан бундай ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида ишлаб чиқилган “Моддий маданий мерос объектларининг муҳофаза қилиниши кучайтирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонуни лойиҳаси атрофлича муҳокама қилинди.

– Инсон ҳаётини қайтариб бўлмаганидек, моддий маданий объектларга ҳам зарар етказилдими, уни асл ҳолида тиклаб бўлмайди, – деди фракция раҳбари Алишер Қодиров. – Айрим виждонсизлар олдида бу борадаги қонунларимиз ҳам қизил чироқ ёқа олмаяпти. Шу боис, жазо чоралари кескин кучайтирилиши лозим.

Бош прокуратура томонидан мамлакат бўйича сўнгги уч йилда 320 та моддий маданий мерос объектида амалга оширилган таъмирлаш-тиклаш ишлари ҳужжатлари ўрганилган ва кўплаб қонун бузилиш ҳолатларига йўл қўйилгани аниқланган. Жумладан, биргина Ситораи Моҳи Хосса тарихий мажмуасида реставрация ишлари нотўғри олиб борилгани натижасида унинг бадиий безаклари, нақш, кошинлари нобуд қилиниб, тарихий ва бадиий қийматига жами 28 млрд. сўмлик зарар етказилган.

Амалдаги қонунчиликка кўра, Маданий мерос департаменти Илмий экспертлик кенгашининг рухсатисиз маданий мерос объектларида бирон-бир реставрация ёки таъмирлаш ишларини амалга ошириш мумкин эмас. Лекин экспертлар кенгаши рухсатисиз 14 та объектда жами 12 454,9 млн. сўмлик таъмирлаш-тиклаш ишлари бажарилган.

Айрим шахслар томонидан, ҳатто мансабдорлар рухсати билан минг йиллик тарихга эга обидаларимизга тиклаб бўлмас даражада зарар етказилган. Амалдаги Жиноят кодекси 132-моддасига кўра, бу ижтимоий хавфи катта бўлмаган жиноятлар тоифасига киради ва ушбу модда билан 2017-2021 йилларда жами 14 та жиноят иши қўзғатилган.

Қонун лойиҳасида моддий маданий мерос объектларига зарар етказган шахсларга нисбатан жазо чоралари янада кучайтирилмоқда. Шунингдек, мансабдор шахслар иштирокида содир этилаётган бундай жиноятларни тергов қилиш ваколатини прокуратура органлари терговчиларига ўтказиш таклиф қилинмоқда. Чунки таҳлилларга кўра, Маданий мерос агентлиги ва унинг ҳудудий бошқармалари томонидан 2017-2021 йилларда ҳуқуқбузарликларни бартараф этиш бўйича киритилган 486 та кўрсатма ва тақдимномаларнинг 179 таси бажарилмаган.

Лойиҳада соҳада давлат назоратини тўлиқ таъминлаш ҳамда ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш мақсадида Маданий мерос агентлиги ва унинг ҳудудий бошқармаларининг бажарилиши мажбурий бўлган кўрсатма ёки тақдимномаларини бажармаганлик учун ҳам жавобгарлик кучайтирилмоқда. Хусусан, мансабдор шахсларга базавий ҳисоблаш миқдорининг беш бараваригача, бир йил давомида такрор содир этилса, етти бараваригача миқдорда жарима солиниши назарда тутилган.

Депутатлар ушбу қонун лойиҳасини партия мақсад ва вазифаларидан келиб чиқиб, бир овоздан маъқулладилар.

Фракция йиғилишида кун тартибига киритилган бошқа қонун лойиҳалари ҳам муҳокама қилинди.

 


Кўришлар сони: 768

Депутатлар минбари

Янгиликлар

15.01.2022
Халқимиз манфаатларига хизмат қиладиган таклифлар илгари сурилди

Жамоатчилик муҳокамасига қўйилган “Янги Ўзбекистоннинг 2022-2026 йилларга мўлжалланган тараққиёт...

15.01.2022
Қўмитанинг 2021 йил якунлари бўйича фаолияти сарҳисоб қилинди

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Фан, таълим, маданият ва спорт масалалари қўмитаси томонидан...

14.01.2022
Тараққиёт стратегияси:75 минг гектар интенсив боғ ва янги узумзорлар барпо этилади

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Аграр ва сув хўжалиги масалалари қўмитаси “Янги Ўзбекистоннинг...

Тадбирлар тақвими