Cайт ранги: A A


Фракция йиғилишлари

Ҳайдовчиларга қандай воситалардан фойдаланишга рухсат бериляпти?

Ҳайдовчиларга қандай воситалардан  фойдаланишга рухсат бериляпти?

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги “Миллий тикланиш” демократик партияси фракциясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди.

Унда депутатлар партия мақсад, вазифаларидан келиб чиққан ҳолда дастлаб “Ўзбекистон Республикасининг Меҳнат кодексини тасдиқлаш тўғрисида”ги қонун лойиҳасини кўриб чиқдилар.

Таъкидланганидек, янги таҳрирдаги Меҳнат кодексида бандлик, индивидуал меҳнат муносабатлари, ходимларни касбга тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш, айрим тоифадаги ходимлар меҳнатини тартибга солиш хусусиятлари, ходимларнинг меҳнат ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, меҳнат низоларини кўриб чиқиш каби нормалар киритилмоқда. Меҳнат шартномасини тузиш билан боғлиқ айрим муносабатлар такомиллаштирилмоқда.

– Ушбу қонун лойиҳасига “иш режимининг ўзгарувчан вақти” деган норма киритилмоқда ва бу билан “Миллий тикланиш” демократик партиясининг Сайловолди дастурида устувор вазифа ҳисобланган бир таклиф ўз аксини топмоқда, – деди фракция аъзоси Жаҳонгир Ширинов. – Яъни, тарбия ва таълим тизими ислоҳотлари самарадорлигини ошириш учун аёлларга муносиб иш шароитини яратиш, болали аёлларга қулай иш вақтини белгилаш ғоясидир. Ҳатто айрим партиялар бу таклифга қаршилик қилиб, уни “дискриминация” деб ҳам баҳолади.

Депутатлар Меҳнат кодексининг янги таҳрирда қабул қилиниши бир қатор имкониятларни юзага чиқаришини эътиборга олиб, уни маъқулладилар.

Сир эмаски, “Миллий тикланиш” фракцияси аъзолари анчадан бери айрим жарималар, айниқса, транспорт воситасини бошқариш билан боғлиқ жарималар аҳолининг харид қувватига мос эмаслигини таъкидлаб келади. Ҳатто фракция аъзолари ташаббуси билан баъзи жарималар миқдори камайтирилган бўлса-да, депутатларнинг фикрича, бу ҳали етарли эмас.

Шу жиҳатдан, фракция йиғилишида ҳайдовчиларга қўшимча енгилликлар беришни назарда тутувчи “Маъмурий жавобгарлик тўғрисида”ги кодексга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси қизғин муҳокама қилинди.

Янги қонун лойиҳасида бир неча жарималар миқдорини камайтириш назарда тутилган. Масалан, муддати ўтган суғурта полиси ёки унда қайд этилмаган шахснинг автотранспортни бошқарганлиги, суғурта полисига эга бўлмаганлик, паспорт тизими қоидаларини бузганлик учун жарималар миқдори икки бараварга камайтирилмоқда.

Шунингдек, кодексдаги айрим жавобгарликлар миқдори ҳам бугунги кун талаби ва хавфлилик даражасига мос эмас. Шундан келиб чиқиб, янги қонун лойиҳасида ҳайдовчиларга «bluetooth», қулоқчин ва қўлни банд қилмайдиган бошқа воситалардан фойдаланишга рухсат берилмоқда. Монитор ўрнатганлик учун ҳам жавобгарлик бекор қилиняпти.

Шу билан бирга, транспорт воситасини бошқаришда зарур бўлган ҳужжатлар ҳайдовчи ёнида бўлмаса, унинг шахсини тасдиқловчи бошқа ҳужжати асосида транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқи бериладиган бўляпти. Бунда ушбу ҳужжатларнинг мавжудлиги йўл назорати ходими томонидан электрон тизим орқали текширилиши белгиланмоқда.

Фракция аъзолари ушбу қонун лойиҳасини ҳам иккинчи ўқишда маъқулладилар.

Йиғилишда шунингдек, бир қатор қонун лойиҳалари кўриб чиқилиб, кун тартибидаги масалалар юзасидан тегишли қарор қабул қилинди.

 

 

 

 


Кўришлар сони: 1007

Депутатлар минбари

Янгиликлар

02.12.2022
Муҳим масалалар муҳокама қилинди

Олий Мажлис Қонунчилик палатасида Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар қўмитаси аъзолари ҳамда Халқаро...

02.12.2022
Конституция ва жамоатчилик назорати

Конституциямиз мамлакатимизнинг асрий қадриятлари ва анъаналари, миллий қонунчилик ва менталитетини...

02.12.2022
Миллий марказда БМТ Хавфсизлик кенгаши Аксилтеррор қўмитаси экспертлари билан учрашув бўлди

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари Акмал Саидов БМТ Хавфсизлик кенгаши...

Тадбирлар тақвими