Cайт ранги: A A


Фракция йиғилишлари

Ер муносабатларига доир қонунчилик такомиллаштирилмоқда

Ер муносабатларига доир қонунчилик такомиллаштирилмоқда

Бугун Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракциясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди.

Унда “Фавқулодда ҳолат тўғрисида”ги Конституциявий қонун, “Ер ҳисоби ва давлат кадастрларини юритиш тизими такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги, “Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик процессуал кодексига қўшимча ва ўзгартишлар киритиш тўғрисида”ги, “Органик маҳсулотлар тўғрисида”ги, “Ичимлик суви таъминоти ва оқова сув чиқариш тўғрисида”ги, “Гидрометеорология фаолияти тўғрисида”ги қонун лойиҳалари кўриб чиқилди.

Хусусан, фракция аъзолари томонидан “Ер ҳисоби ва давлат кадастрларини юритиш тизими такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси қизғин муҳокама этилди. Таъкидланганидек, охирги пайтда юртимизда ер муносабатлари соҳасида қонунбузарликлар содир этилиши кўпайгани кузатилмоқда. Бу ҳолат соҳага доир қонунчиликни такомиллаштиршни тақозо этмоқда. Мазкур лойиҳа билан “Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида”ги, Жиноят кодекси ва Жиноят-процессуал кодексига, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига, Ер кодексига, “Нотариат тўғрисида”ги, “Давлат ер кадастри тўғрисида”ги қонунларга ўзгартишлар киритиляпти.

Йиғилишида муҳокама этилган “Органик қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси органик қишлоқ хўжалиги ва ишлаб чиқариш соҳасида бевосита юзага келадиган муносабатларни тартибга солиши, пировардида, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашга хизмат қилиши билан аҳамиятлидир.

Қайд этилганидек, органик маҳсулотлар ва хомашёларни ишлаб чиқариш соҳасидаги масалаларни тартибга солиш бўйича муайян даражада норматив-ҳуқуқий база шаклланмаган. Яъни, юртимизда бу турдаги маҳсулотлар ва хомашёларни ишлаб чиқариш тизимини ривожлантириш ва такомиллаштириш масалаларига алоҳида эътибор берилган бўлса-да, норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда органик маҳсулотлар ва хомашёларни ишлаб чиқариш тизимининг ўзига хос хусусиятлари тўлиқ даражада акс эттирилмаган.

Шуниси эътиборлики, чекланган моддий ва мавжуд молиявий ресурслар шароитидан ва табиий потенциалдан иқтисодий жиҳатдан оқилона фойдаланиш, хусусан, етишмаётган ва фойдаланилмаётган маҳаллий ер ресурслари асосида органик маҳсулотлар ва хомашёларни ишлаб чиқариш тизимини шакллантириш муҳим ишлаб чиқариш йўналиши бўлиб хизмат қилади.

Қишлоқ хўжалиги ерларидан фойдаланишни анъанавий равишда ташкил этилганидан органикага босқичма-босқич ўтказиш муҳимлиги ва зарурлиги, мамлакатимизнинг бутун агросаноат мажмуасини ривожлантиришга янада туртки беради.

Маълумотларга кўра, айни пайтда дунёнинг 179 мамлакатида органик қишлоқ хўжалиги ривожланмоқда, уларда 2 миллиондан зиёд органик маҳсулотларини ишлаб чиқарувчи корхоналар фаолият олиб бормоқда. 2019 йилда органик қишлоқ хўжалиги бўйича халқаро бозорлардаги савдо айланмаси 96,7 млрд. еврони ташкил этиб, 71,5 млн. гектар майдонда 2,8 млн. ишлаб чиқарувчи ушбу фаолият тури билан шуғулланган. Экспертларнинг баҳолашига кўра, дунё органик маҳсулотлари бозорида сўнгги 5 йил давомида йилига ўртача 15 фоиздан ўсишга эришилиб, 2022 йилда савдо айланмаси 212 млрд. АҚШ доллари (жаҳон қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқариши умумий ҳажмининг 20 фоизи)ни ташкил этиши прогноз қилинган.

Органик қишлоқ хўжалиги тадқиқотлари институти (FiBL) ва Органик қишлоқ хўжалиги ҳаракати бўйича Халқаро Федерацияси (IFOAM)нинг Жаҳон органик қишлоқ хўжалиги статистикаси бўйича 2019 йилдаги нашрида Ўзбекистон Республикаси мева етиштириш бўйича қулай шароитга эга бўлган дунёдаги 10 та давлат қаторига киритилган ва республикамиз органик мева ишлаб чиқариш учун қулай ер майдонларига эга эканлиги қайд этилган.

Фракция аъзолари таъкидлаганидек, “Органик қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш тўғрисида”ги қонун лойиҳасининг қабул қилиниши органик қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ва хомашё ишлаб чиқариш тизимидаги муносабатларни шакллантиришнинг ҳуқуқий асосини яратиш, органик қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ва хомашё ишлаб чиқариш фаолиятини ривожлантириш, шунингдек, хўжалик субъектлари учун муносабатларни муфассал ҳуқуқий тартибга солишга ёрдам беради.

Фракция йиғилишида кун тартибидаги бошқа қонун лойиҳалари ҳам атрофлича кўрилиб, тегишли қарор қабул қилинди.

 


Кўришлар сони: 316

Депутатлар минбари

Янгиликлар

19.09.2021
Трансплантация соҳасига оид қонун такомиллаштирилмоқда

Бугун энг муҳим йўналишлардан бири – органлар трансплантацияси саналади. Кейинги йилларда бу соҳага...

19.09.2021
Аҳоли томонидан берилган таклифлар қонун лойиҳасида ўз аксини топади

Ҳар бир соҳанинг ривожи унинг ҳуқуқий асоси билан боғлиқ. Қонун билан мустаҳкамланган соҳа барқарор...

18.09.2021
Инсон саломатлиги билан боғлиқ узоқ кутилган қонун лойиҳаси жамоатчилик муҳокамасида

Аввал хабар берганимиздек, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, қуйи палата Девони ходимлари...

Тадбирлар тақвими