Cайт ранги: A A


Фракция йиғилишлари

Фарзандликка олиш тартибининг ҳуқуқий асослари такомиллаштирилмоқда

Фарзандликка олиш тартибининг ҳуқуқий асослари такомиллаштирилмоқда

Кейинги йилларда мамлакатимизда оммавий ахборот воситалари соҳасида туб ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Натижада барча даражадаги бошқарув идоралари раҳбарлари ОАВ вакиллари, журналистлар билан мунтазам учрашиб, жамият ҳаётига дахлдор муҳим масалаларни эркин мулоқот асосида кенг муҳокама этиб келмоқда.

Оммавий ахборот воситаларининг жамият ҳаётидаги ўрни ва таъсири, фаолият самарадорлиги ва таъсирчанлигини ошириш, уларнинг моддий-техник базаси, кадрлар салоҳиятини мустаҳкамлаш, соҳа ходимларининг меҳнатини ҳар томонлама рағбатлантириш борасида қабул қилинган қонунлар туфайли медиа соҳаси, ахборот хизматлари тизими тубдан янгиланди. Масалан, 2019 йилда давлат ва нодавлат ташкилотлардаги ахборот хизматларининг манбалари – расмий веб-сайтлар, ижтимоий тармоқлардаги каналлар 559 тани ташкил этган бўлса, 2021 йилда бу рақам 2410 тага етди. Энг муҳими, ОАВдаги танқидий чиқишларга вазирлик ва идоралар, ҳокимликларнинг ахборот хизматлари орқали тезкор муносабатлар билдирилмоқда.

Бугун, 28 июнь куни бўлиб ўтган Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзЛиДеП фракциясининг навбатдаги йиғилишида бу ҳақда сўз юритилди.

Унда фракция аъзолари Президентимизнинг Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимларига йўллаган табриги ҳамда “Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни муносабати билан соҳа ходимларидан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида”ги фармонида белгиланган устувор вазифаларни муҳокама қилдилар.

Йиғилишда матбуот, оммавий ахборот воситалари иши ҳамма замонларда ҳам оғир ва масъулиятли бўлгани, мамлакат янги тараққиёт босқичига кўтарилаётган, очиқлик ва ошкоралик, сўз ва фикр эркинлиги ҳаёт мезонига айланиб бораётган ҳозирги даврда бу масъулият янада кучайиб бораётгани таъкидланди. Кейинги пайтда мамлакат оммавий ахборот воситалари ҳаётидаги ижобий ўзгаришлар таҳлили, соғлом танқидий руҳ кучайиб бораётгани алоҳида эътироф этилди.

– Ҳозирги оммавий ахборот воситалари бундан 4-5 йил олдинги даврдан тубдан фарқ қилади. Шаффофлик, очиқлик тамойилига асосланган сўз эркинлиги, ошкоралик журналистларимизнинг қаламини кун сайин янгитдан чархламоқда, – деди Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзЛиДеП фракцияси раҳбари А.Ҳаитов. – Таъбир жоиз бўлса, бугун ОАВда меҳнат қилаётган ижодий ходимлар давлат билан халқ ўртасида ўзига хос кўприк вазифасини талаб даражасида бажариб келмоқда. Айниқса, уларни юзага келган айрим муаммоларга ечим топилишида кўмаклашиш, жамоатчилик назорати таъминланишига катта ҳисса қўшаётганини алоҳида таъкидлаш жоиз.

Фарзандли бўлиш ҳар бир инсоннинг ҳуқуқи ҳисобланади. Таҳлиллар республикада фарзандликка олиш истагини билдирган шахслар 4 мингдан ортиқ эканлигини кўрсатмоқда. Амалдаги қонунчиликка кўра, қасддан содир этган жиноятлари учун илгари ҳукм қилинган шахслар вояга етмаганни фарзандликка олишларига йўл қўйилмайди.

Мазкур норма ижтимоий аҳамияти катта бўлмаган, унча оғир бўлмаган ҳамда фарзандликка олишга тўсқинлик қилмайдиган жиноят турлари учун ҳам татбиқ қилинади. Бунда, фарзанд асраб олиш учун 2018 – 2019 йилларда 1,9 мингтадан, 2020 йилда эса 1,5 минг нафар фуқаро васийлик ва ҳомийлик органларида навбатда турган.

Шунингдек, доимий даромадга эга бўлмаган ёки соғлиғи ҳолатига кўра ота-оналик ҳуқуқ ва мажбуриятларини бажара олмайдиган шахсларнинг фарзандликка олиш ҳуқуқларини чеклаш қонунда аниқ белгиланмаган. Оқибатда фуқаролар томонидан ноқонуний йўллар билан фарзанд асраб олиш, жумладан, бола савдоси каби ҳолатларнинг келиб чиқишига сабаб бўлмоқда.

Йиғилишда муҳокама қилинган “Фарзандликка олиш тартибининг ҳуқуқий асослари такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳасида эса бу борада юзага келаётган муаммолар ечими ўз ифодасини топган.

Таклиф этилаётган лойиҳада оғир ва ўта оғир турдаги жиноятларни содир этган шахсларга фарзандликка олиш таъқиқланмоқда. Шу билан бирга, фарзандликка олиш вақтидан олдин 1 йил давомида доимий даромадга эга бўлмаган ёки ойлик иш ҳақи меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдоридан оз бўлган даромад оладиган,фарзандликка олишга монелик қиладиган касалликларга чалинган шахсларнинг фарзандликка олишга бўлган ҳуқуқлари чекланмоқда.

Халқ вакиллари қонун лойиҳасининг қабул қилиниши билан бола ҳуқуқларининг ҳимоя қилиниши тўлақонли таъминланишини ҳисобга олиб, уни маъқуллашди.

Фракция йиғилишида “Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексига ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартишлар киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳасининг муҳокамаси ҳам қизғин кечди.

Ушбу лойиҳа билан Жиноят кодексининг 219-моддаси биринчи қисми санкциясидаги жазо чоралари кучайтирилмоқда. Яъни, жарима миқдори базавий ҳисоблаш миқдорининг эллик бараваридан юз бараваригача оширилиб, бир йилдан уч йилгача озодликни чеклаш жазо чораси киритилмоқда ва озодликдан маҳрум қилиш жазоси бир йилдан уч йилгача кучайтирилиши назарда тутилмоқда.

Депутатларнинг фикрича, мазкур лойиҳанинг қабул қилиниши натижасида Жиноят кодексида ҳокимият вакилига қаршилик кўрсатганлик ёки унга нисбатан зўрлик ишлатганлик учун жавобгарликни белгилаш орқали ҳокимият вакилларининг ҳуқуқий ҳимояси таъминланади.

Йиғилишда кейинги масала – “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси бўлди.

Таклиф этилаётган лойиҳа билан Ўзбекистон Республикасининг 8 та қонунига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш назарда тутилган. Хусусан, Ўзбекистон Республикасининг “Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси тўғрисида”ги Қонунининг 16-моддасига мувофиқ, Миллий гвардия бўлинмаларида ҳарбий хизматчилар билан бир қаторда махсус унвонли ходимлар ҳам фаолият кўрсатиши белгиланган. Лекин кўпгина қонунларда Миллий гвардия ҳарбий хизматчилари, ички ишлар органлари ходимлари ҳақида нормалар мавжуд бўлса-да, Миллий гвардия ходимлари ҳақида сўз юритилмаган. Шу боис, Ўзбекистон Республикасининг “Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида”ги Қонунига, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига, “Дафн этиш ва дафн иши тўғрисида”ги Қонунига, Бюджет кодексига, Солиқ кодексига Миллий гвардия ходимлари билан боғлиқ тегишли қўшимчалар киритилмоқда.

Қонун лойиҳасининг қабул қилиниши юқорида таъкидланган қонунларнинг “Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси тўғрисида”ги Қонунига мувофиқ бўлишини таъминлайди ҳамда “Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси тўғрисида”ги Қонуннинг самарали ижросини ташкил этишга ҳисса қўшади.

Фракция йиғилишида шунингдек, кун тартибига киритилган бир қатор қонун лойиҳалари партия ғояларидан келиб чиқиб муҳокама этилди.


Кўришлар сони: 763

Депутатлар минбари

Янгиликлар

27.09.2021
Хитой – Марказий Осиё:Ягона тақдир жамиятини шакллантиришда қонунчилик органларининг роли

Жорий йилнинг 27 сентябрь куни Марказий Осиё мамлакатлари парламентлари билан биргаликда “Хитой ...

24.09.2021
Масофавий тиббий хизматлар сифатини ошириш масаласи муҳокама қилинди

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Инновацион ривожланиш, ахборот сиёсати ва ахборот технологялари ...

24.09.2021
Халқаро нотариуслар иттифоқи вакиллари Қонунчилик палатасида бўлди

Бугун, 24 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатларининг Хал...

Тадбирлар тақвими