Cайт ранги: A A


Фракция йиғилишлари

Жорий йил 1 августдан ерга оид муносабатларда қандай ўзгаришлар бўлади?

Жорий йил 1 августдан ерга оид муносабатларда қандай ўзгаришлар бўлади?

Бугунги кунда республикамиз бўйича жами ерлар 44 892,4 минг гектарни ташкил этади. Қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерларнинг умумий майдони эса, 20 236,3 минг гектардан иборат. Ҳозирда уни кенгайтириш бўйича кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда.

Лекин айрим ҳолларда ерни ўзбошимчалик билан эгаллаб олиш, ундан самарасиз фойдаланиш, ер майдонининг аниқ ҳисоби юритилмаслиги сабаб уларни ажратишда коррупцияга йўл қўйиш ҳолатлари учраб туради. Йиллар давомида тартиб-интизом, ҳисоб-китоб бўлмагани натижасида минглаб гектар ер талон-тарож бўлган.

Бугун, 9 июнь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзЛиДеП фракциясининг навбатдаги йиғилишида бу ҳақда алоҳида таъкидланди.

Унда Президентимизнинг “Ер муносабатларида тенглик ва шаффофликни таъминлаш, ерга бўлган ҳуқуқларни ишончли ҳимоя қилиш ва уларни бозор активига айлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони мазмун-моҳияти ва ундан келиб чиқадиган вазифалар атрофлича муҳокама қилинди.

Йиғилишда парламент қуйи палатасидаги ЎзЛиДеП фракцияси раҳбари А.Ҳаитов сўз олар экан, кейинги йилларда халқимиз ҳаёти, фаолияти ва фаровонлиги асоси бўлган ердан оқилона фойдаланиш, қишлоқ хўжалиги ерларининг муҳофаза қилинишини таъминлаш, уларнинг меъёрий қиймати ҳамда сифат кўрсаткичларини аниқлаш энг устувор вазифалардан бирига айланганини таъкидлади.

– Ер умуммиллий бойлик, энг муҳим табиий ресурс ҳисобланиб, унинг ҳисобини аниқ юритиш ва самарали фойдаланиш қишлоқ хўжалиги, тадбиркорлик, ишлаб чиқариш каби кўплаб соҳалар учун жуда муҳимдир, – деди А.Ҳаитов. – Лекин тартиб-интизом, ҳисоб-китоб бўлмагани сабабли ер участкаларини ажратиш масаласи энг чигал муаммо, коррупциялашган жараён эди. Президентимиз томонидан куни кеча имзоланган мазкур фармон бу борада жуда тарихий аҳамиятга эгадир. Зотан, ушбу ҳужжатда жуда кўп чора-тадбирлар белгилаб берилган. Хусусан, энди тадбиркорлик учун ерларни тўғридан-тўғри ва текинга бериш амалиётидан бутунлай воз кечилиб, ерлар ҳамма учун бир хил ва ошкора, электрон аукцион орқали хусусий мулк қилиб сотилади ёки ижарага берилади. Бу билан эса ер ажратишда тенглик ва шафофлик таъминланади.

Йиғилишда эндиликда мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик, доимий эгалик, вақтинча фойдаланиш ҳуқуқи билан ер ажратиш тартиби бекор қилиниб, бунда илгари ажратилган ер участкаларига бўлган бундай ҳуқуқлар уларнинг эгаларида амалдаги тартибда сақланиб қолиниши қайд этилди.

Фармонга мувофиқ, ижарага олинган ер участкасида қонунчиликда белгиланган тартибда қурилган кўчмас мулк объектига мулк ҳуқуқи бошқа шахсга ўтган тақдирда, ушбу объектга мулк ҳуқуқи билан биргаликда у жойлашган ер участкасига бўлган ижара ҳуқуқи ҳам янги мулкдорга ўтиши таъкидланди.

Йиғилишда фармонда белгиланган вазифалар ижросини сифатли ва юқори савияда таъминлаш, жойларда унинг ижросини ташкил этишда депутатлар фаол бўлиши лозимлиги айтилиб, ҳужжатда қўйилган вазифалардан келиб чиқиб, ЎзЛиДеП ва унинг парламентдаги фракцияси олдида турган долзарб вазифалар белгилаб олинди.

Фракция йиғилишида шунингдек, “Давлат божхона хизмати тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига қўшимча ва ўзгартишлар киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳаси ҳам биринчи ўқишда кўриб чиқилди.


Кўришлар сони: 219

Депутатлар минбари

Янгиликлар

22.06.2021
Қонунчилик палатаси Спикери Парламентлараро иттифоқнинг Бош котиби билан учрашди

2021 йил 22 июнь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери Нуриддинжон Исмоилов Парламентлараро и...

22.06.2021
Ёшларнинг ҳуқуқлари ва манфаатларини ҳимоя қилиш масалалари кўриб чиқилди

2021 йил 22 июнь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасида “Мен парламентда ёшларни қўллайман” (I S...

22.06.2021
Фуқаролик процессуал кодексида янги институт жорий этилмоқда

2021 йил 22 июнь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида депутатлар “Ўзбекисто...

Тадбирлар тақвими