Cайт ранги: A A


Фракция йиғилишлари

Янгидан ташкил этиладиган тадбиркорлик субъектларига қандай имтиёзлар берилмоқда?

Янгидан ташкил этиладиган тадбиркорлик субъектларига қандай имтиёзлар берилмоқда?

Жорий йилнинг 3 май куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзЛиДеП фракциясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди.

Унда депутатлар томонидан кўриб чиқилган дастлабки ҳужжат –“Молиявий ҳисоботнинг халқаро стандартларига ўтиш муносабати билан бухгалтерия ҳисобини тартибга солиш тизимини такомиллаштиришга қаратилган Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартишлар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси бўлди.

Таклиф этилаётган лойиҳа давлатимиз раҳбарининг 2020 йил 24 февралдаги тегишли қарори билан тасдиқланган Илғор халқаро тажрибани ҳисобга олган ҳолда молиявий ҳисоботнинг халқаро стандартларини ва мазкур соҳада кадрлар тайёрлашнинг замонавий усулларини босқичма-босқич жорий этиш бўйича “йўл харитаси”нинг 3.1-банди ижросини таъминлаш мақсадида ишлаб чиқилган.

Депутатларнинг фикрича, қонун лойиҳасининг қабул қилиниши мамлакатимизда Молиявий ҳисоботнинг халқаро стандартлари(МҲХС)ни сифатли қўллашни таъминлаш, мансабдор шахсларнинг МҲХСни жорий этишда жавобгарлигини ошириш, молиявий ҳисоботни эълон қилиш муддатларини қисқартириш ва молиявий ҳисоботнинг ўз вақтида тайёрлаш ва эълон қилишга олиб келади.

Йиғилишда “Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексига ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳаси ҳам қизғин бахс-мунозараларга сабаб бўлди.

Хўш, мазкур қонун лойиҳасида қандай янги нормалар акс этмоқда, ушбу ҳужжатга ўзгартириш ва қўшимчалар киритишга нега зарурат туғилди?

Маълум қилинишича, ўрганишлар амалдаги қонунчиликда кучли таъсир қилувчи моддаларнинг ноқонуний муомаласи билан боғлиқ қилмишларни малакалашда бир қатор муаммолар мавжудлигини кўрсатмоқда. Жумладан, бугунги кунда кучли таъсир қилувчи моддалар билан қонунга ҳилоф равишда муомала қилганлик учун жавобгарлик Жиноят кодексининг турли моддаларида назарда тутилган.

Масалан, Жиноят кодекси 2511-моддасининг биринчи қисмида дори препаратлари ҳисобланмайдиган кучли таъсир қилувчи моддаларни ўтказиш мақсадида қонунга хилоф равишда тайёрлаганлик, қайта ишлаганлик, олганлик, сақлаганлик, ташиганлик ёхуд жўнатганлик, шунингдек, уларни қонунга хилоф равишда ўтказганлик учун жавобгарлик белгиланган.

Қонун лойиҳаси билан Жиноят кодексига таркибида кучли таъсир қилувчи моддалар бўлган дори воситаларининг ноқонуний муомаласи учун тўғридан-тўғри жиноий жавобгарликни белгилаш, таркибида кучли таъсир қилувчи моддалар бўлган дори воситаларини рецепт бўйича чакана реализация қилиш тартибини бузганлик учун дастлаб маъмурий, сўнгра жиноий жавобгарликни сақлаб қолиш таклиф этилмоқда.

Фракция аъзолари қонун лойиҳасини муҳокама қилиш жараёнида унинг қабул қилиниши аҳоли саломатлигини асраш, кучли таъсир қилувчи моддаларнинг ноқонуний муомаласига чек қўйишга хизмат қилишини инобатга олиб, уни концептуал жиҳатдан маъқуллашди.

Йиғилишда кейинги масала – “Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодексига ўзгартишлар ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси бўлди.

Халқ ноибларининг айтишича, қонун лойиҳасининг мақсади тадбиркорлик субъектларини янада қўллаб-қувватлаш, айниқса, коронавирус пандемияси ҳолатларининг иқтисодиёт тармоқларига салбий таъсирини юмшатиш ва аҳоли даромадаларини оширишдан иборат бўлиб, унда ЎзЛиДеП электорати бўлган тадбиркорлар учун бир қатор имтиёзлар берилиши назарда тутилмоқда.

Лойиҳа билан Президентимизнинг 2020 йил 11 ноябрдаги тегишли қарорига асосан Солиқ кодексининг 483-моддасига қўшимчалар киритиш таклиф қилинмоқда. Унга кўра, 2024 йил 1 январга қадар давлатимиз раҳбари томонидан белгиланадиган, Қорақалпоғистон Республикаси ҳар бир шаҳар ва туманларининг ўзига хос “ўсиш нуқтаси” деб аниқланган фаолият йўналишлари бўйича янгидан ташкил этиладиган ҳамда Тахтакўпир, Бўзатов ва Шуманай туманларида жойлашган янгидан ташкил этиладиган саноат йўналишидаги тадбиркорлик субъектлари бир қатор солиқлардан озод қилинади. Қолаверса, мазкур тоифадаги солиқ тўловчилар фойда солиғи ва сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқлар бўйича белгиланган солиқ ставкасини 50 фоизи миқдорида амалга оширади.

Солиқ кодексининг 483-моддасига киритилаётган ўзгартириш ва қўшимчаларга кўра, жорий йил якунигача бўлган давр учун туроператорлар, турагентлар ва туризм соҳасида меҳмонхона хизматлари кўрсатувчи субъектлар, фойда солиғи ставкалари белгиланган солиқ ставкаларига нисбатан 50 фоизга камайтириб ҳисобланган ҳолда тўлайди.

Қонун лойиҳасининг қабул қилиниши натижасида пандемия даврида иқтисодий қийинчиликларга дуч келган соҳалардан бири бўлган туризм соҳасини қўллаб-қувватлаш мақсадида вақтинчалик имтиёзлар ва Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳамда Вазирлар Маҳкамаси қарорлари асосида белгиланадиган давлат дастурларида иштирок этаётган фуқароларга жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи бўйича имтиёзлар берилади.

Йиғилишда депутатлар “Ўзбекистон Республикасининг Сайлов кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳасини ҳам биринчи ўқишда муҳокама қилишди.

Фракция йиғилишида яна бир қатор қонун лойиҳалари муҳокама этилиб, кун тартибидаги масалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.

 


Кўришлар сони: 309

Депутатлар минбари

Янгиликлар

13.05.2021
Сувдан фойдаланиш ва сув ресурсларини бошқариш муаммолари муҳокама марказида

Сув ресурслари бўйича Осиё миллий ассамблеяси маслаҳат кенгашининг3-йиғилиши видеоконференц алоқаси...

12.05.2021
Ҳамкорлик алоқалари янги босқичда ривожланади

Қонунчилик палатасида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Канада парламенти Жамоат палатаси...

12.05.2021
Facebook, TikTok, Telegram ва шу каби коммуникация платформалари ўз техник воситаларини Ўзбекистон ҳудудига ўтказишлари шарт

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Инновацион ривожланиш, ахборот сиёсати ва ахборот технологиялари...

Тадбирлар тақвими