Cайт ранги: A A


Фракция йиғилишлари

Интеллектуал мулк объектларини рўйхатдан ўтказиш муддатлари қисқармоқда

Интеллектуал мулк объектларини рўйхатдан ўтказиш муддатлари қисқармоқда

2021 йил 16 апрель куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги “Адолат” СДП фракциясининг навбатдаги йиғилиши видеоконференц алоқа шаклида бўлиб ўтди. Депутатлар йиғилиш давомида мамлакатимизда олиб борилаётган кенг қамровли ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий ислоҳотларга алоҳида тўхталиб, экология, тиббиёт, суд-ҳуқуқ ва бошқа соҳаларига оид қатор қонун лойиҳаларини кўриб чиқишди.

Йиғилишда дастлаб, депутатлар томонидан давлат тилини ривожлантириш соҳасини тартибга солиш, давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятида, таълим, маданият, ноширлик фаолияти ва оммавий ахборот воситаларида давлат тилининг қўлланилиши ҳамда халқаро муносабатларда давлат тилининг ўрнини белгилашга қаратилган “Ўзбекистон Республикасининг Давлат тили ҳақида”ги Ўзбекистон Республикасининг Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда кўриб чиқилди.

Таъкидланганидек, лойиҳанинг қабул қилиниши давлат тилининг ижтимоий ҳаётнинг барча соҳаларида тўғри қўлланилишига, унинг ривожланиши ва оммалашувига замин яратади. Жумладан, давлат тилини ривожлантириш соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий йўналишлари, шунингдек, Вазирлар Маҳкамасининг давлат тилини ривожлантириш соҳасидаги ваколатлари мамлакатимизда қонун даражасида белгиланиши барча соҳаларда ўзбек тилининг адабий тил меъёрлари асосида ифода этилишига хизмат қилади.

Бундан ташқари, давлат бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, давлат муассасалари ва ташкилотларида ходимларнинг давлат тилини билишини қўллаб-қувватлаш ҳамда таълим соҳасида давлат тилининг қўлланилишининг қонун даражасида белгиланиши юртимиз ҳар бир фуқаросининг ўзлигини англашига, ўзбек тили билан боғлиқ тарихий-маънавий меросимизни асраб, келгуси авлодларга етказишилишини таъминлайди.

Йиғилишда депутатлар давлат тилининг қўлланилиши масаласига таълим соҳасида алоҳида эътибор қаратиш зарурлигини айтиб ўтишди. Бунда таълим ташкилотларида давлат тилини ўқитиш тизимини янада такомиллаштириш, унинг илм-фан тили сифатидаги нуфузини ошириш ўта долзарблиги таъкидланди. Қолаверса, депутатлар давлат тилининг софлигини сақлаш, уни бойитиб бориш ва аҳолининг нутқ маданиятини ошириш масалаларига оид амалий таклифларни илгари сурдилар.

Шунингдек, географик объектлар номларида давлат тилининг қўлланилиши, шахс исми, отасининг исми ва фамилиясининг ёзилиши, муҳр, тамға ва кўргазмали маълумотларда давлат тили меъёрлари ва қоидаларига риоя қилишни назорат қилиш долзарб эканлигини алоҳида таъкидлашди. Боиси, амалиётда кўринганидек, айрим реклама эълонларидаги матнларни тузиш ва тарқатишда адабий тил меъёрларига мувофиқлигини таъминлашга риоя қилмаслик кенг жамоатчиликнинг ўринли эътирозига сабаб бўлаётгани қайд этилди. Шу боис, фракция аъзолари давлат тили тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганлик учун жавобгарлик белгиланаётганини эътироф этишди.

Шу билан бирга, депутатлар томонидан қонунчилик техникаси талабларига оид бир қатор таҳририй тузатишлар юзасидан таклифлар билдирилди.

Фракция йиғилишида, шунингдек, “Интеллектуал мулк объектларининг ҳуқуқий муҳофазаси янада такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонуни лойиҳаси биринчи ўқишда кўриб чиқилиб, депутатлар лойиҳанинг соҳадаги фаолиятини ҳуқуқий тартибга солишнинг аниқ ва ҳаётий механизмлари яратилаётганлигига эътибор қаратишди.

Биргина мисол. Агентлик томонидан 2018 йилда – 5 749 та объект интеллектуал мулк объектлари рўйхатдан ўтказилган. 2019 йилга келиб бу кўрсаткич янада ошган. Яъни 6 331 тани ташкил этиб, шу жумладан товар белгилари – 4 096 та, ихтиролар – 378 та, фойдали моделлар – 109 та, саноат намуналари – 169 та, селекция ютуқлари – 32 та, ЭҲМ учун дастур ва маълумотлар базалари – 1 547 та рўйхатдан ўтказилган.

Йиғилишда рўйхатга олинган объектлар сони кўпайишига қарамасдан, ҳимоя қилинадиган объектларнинг турига қараб уларни рўйхатдан ўтказиш муддатлари 8 ойдан 4 йилгача бўлган муддатни талаб этиши бу масаладаги тизимли муаммолардан бири сифатида баҳоланди. Хусусан, товар белгилари бўйича рўйхатдан ўтказиш муддати 8 ойни, ихтиролар бўйича – 4 йил, фойдали моделлар бўйича – 20 ой, саноат намунаси бўйича – 11 ойни ташкил этади. Бу, ўз навбатида, уларнинг интеллектуал мулк ҳуқуқларини инсофсиз рақобатчилардан муҳофаза қилишга таъсир кўрсатади.

Шу мақсадда қонун лойиҳасида интеллектуал мулк объектларини давлат рўйхатидан ўтказиш жараёнига тезкор экспертизани жорий этиш, интеллектуал мулк объектлари рўйхатдан ўтказилиш муддатларини қисқартириш, айни пайтда муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқлар соҳасида мулкий ҳуқуқлар ҳимоя муддатини узайтириш, етказилган зарар учун товон миқдорининг белгиланиши каби масалалар ўз ифодасини топган.

Депутатлар эътироф этишганидек, таклиф этилаётган нормаларнинг қабул қилиниши билан товар белгиларини рўйхатдан ўтказиш муддати 3 ойгача қисқартиришга эришилади. Шунингдек, амалдаги қонунга муаллиф вафотидан кейин муаллифлик ҳуқуқлари ҳимоя муддатини 50 йилдан 70 йилга ошириш тўғрисидаги норма киритилмоқда. Бу орқали муаллифнинг камида иккита авлоди яшаган давр мобайнида унга тегишли бўлган мулкий ҳуқуқлар ҳимояси таъминланиши назарда тутилади.

Лойиҳанинг яна бир аҳамиятли томони, ҳозирги кунда қонунчиликда муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқларни бузганлик учун тўланадиган компенсациянинг миқдорлари белгиланмаган. Эндиликда, лойиҳа билан ЭҲМ учун яратилган дастур ёки маълумотлар базасининг муаллифи ва ўзга ҳуқуқ эгалари фойда кўрган ҳуқуқбузардан етказилган зарар қопланиши ўрнига базавий ҳисоблаш миқдорининг тегишли суд қарори билан белгиланадиган йигирма баробаридан минг баробаригача бўлган миқдорида товон тўланишини талаб қилишга ҳақлилиги белгиланмоқда.

Фракция депутатлари “Адолат” СДП Сайловолди дастуридан келиб чиқиб, мазкур қонун лойиҳасида давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари тизимида коррупция, бошқа ҳуқуқбузарликлар содир этилиши учун шароит яратадиган, шунингдек тадбиркорлик субъектлари учун асоссиз харажатлар қилишга олиб келувчи ортиқча маъмурий ҳамда бошқа чекловларни жорий этадиган қоидалар ва нормалар мавжуд эмаслигини алоҳида эътироф этишди.

Йиғилишда муҳокама этилган шу ва бошқа қонун лойиҳалари бўйича депутатлар томонидан партия позициясидан келиб чиққан ҳолда таклиф ва муносабатлар билдирилди ҳамда улар концептуал жиҳатдан қўллаб-қувватланди.


Кўришлар сони: 721

Депутатлар минбари

Янгиликлар

22.09.2021
Фракция аъзолари қонун лойиҳасига қандай эътирозлар билдирди?

Мамлакатнинг қудратини белгилайдиган омиллар кўп. Лекин уларнинг энг асосийларидан бири, шубҳасиз,...

22.09.2021
Аҳолини гидрометеорологик маълумотлар билан таъминлаш тизими такомиллаштирилмоқда

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон Экологик партияси фракциясининг навбатдаги йиғилишида...

22.09.2021
Фракция аъзолари муҳим қонун лойиҳаларини муҳокама қилди

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракциясининг навбатдаги...

Тадбирлар тақвими