Cайт ранги: A A


Фракция йиғилишлари

Миллий ўзликни англашда Навоий ва Бобур ижодий мероси

Миллий ўзликни англашда Навоий ва Бобур ижодий мероси

Шу кунларда юртимизда мумтоз адабиётимиз тамал тошини қўйган буюк сиймо, ўзбек адабий тилининг асосчиси, давлат арбоби Алишер Навоий таваллудининг 580 йиллиги ҳамда шоҳ ва шоир, буюк саркарда Заҳириддин Муҳаммад Бобур таваллудининг 538 йиллиги муносабати билан адабий-бадиий кечалар ўтказиляпти.

Олий Мажлис Қонунчилик палатасида “Миллий тикланиш” демократик партияси фракцияси ташаббуси билан “Миллий ўзликни англашда Навоий ва Бобур ижодий меросининг аҳамияти” мавзусида бўлиб ўтган халқаро илмий-амалий конференция ана шундай тадбирлардан бири бўлди. Қонунчилик палатаси депутатлари, адабиётшунос олимлар, ёзувчи ва шоирлар иштирок этган конференция Юнус Ражабий номидаги Ўзбек миллий мусиқа санъати институти ижодий жамоасининг бадиий чиқишлари билан бошланди.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари, “Миллий тикланиш” демократик партияси фракцияси раҳбари Алишер Қодиров тадбирни очиб, мутафаккир боболаримизнинг миллатпарвар, инсонпарвар ғоялари, айниқса, она тилимиз ривожига қўшган ҳиссалари ҳақида гапирди.

Бугун миллатимиз том маънода уйғониш даврида экан, бунинг учун аввало, Навоийни, Заҳириддин Муҳаммад Бобурни англашимиз, уларнинг буюк маънавий меросига яқинлашишимиз лозим. Биз боболаримизнинг асарларини ўқиб-ўргансак, ғазалларини ёд олиб уларга муносиб бўлсак, бугунги мураккаб шароитда ёшларимизни қандай қилиб миллатпарвар, фидойи, анъана ва қадриятларимизга муносиб қилиб тарбиялаймиз деган саволларга жавоб топамиз, – деди А.Қодиров.

Тадбирда Тошкент давлат шарқшунослик университети профессори, филология фанлари доктори Боқижон Тўхлиев “Алишер Навоий ва Бобурнинг маънавий оламига бир назар”, филология фанлари доктори, профессор Нурбой Жабборов "Бобур шеъриятида миллий руҳ ифодаси" ва филология фанлари бўйича фалсафа доктори Олимжон Давлатов “Алишер Навоий “Хамса”си ва “Темур тузуклари”да давлатчилик сиёсатининг аҳамияти” мавзуларида маърузалар ўқиди.

Шунингдек, халқаро конференцияда Туркия ва Озарбайжондан ҳам адабиётшунос олимлар масофадан иштирок этдилар. Жумладан, филология фанлари доктори, Бартин университети профессори Зилола Худайбергенова “Алишер Навоийнинг усмонли адабиётига таъсири” мавзусида гапирган бўлса, Озарбойжон Миллий фанлар академияси Адабиёт институти олими Алмаз Улви “Алишер Навоийнинг асри ва насри” номли илмий-филологик ва диний тасаввуф китоби тақдимотини ўтказди.

Турк дунёсида “миллат қуёши” дея эъзозлаб келинаётган Ҳазрат Алишер Навоий бутун ҳаётини ўзбек тили мавқеини кўтариш, адабиётини дунёга танитиш, давлатчилик асосларини мустаҳкамлаш, жамиятда адолат мезонларини қарор топтириш, илм-ҳунар ўрганиб, комилликка интилиш ғояларини тарғиб қилишга бағишланган бўлса, темурийлар сулоласининг ёрқин намоёндаси Заҳириддин Муҳаммад Бобур ўз асарларида умрининг охиригача Ватан соғинчини жўшиб куйлади.

Навоий ўз асарларида давлатчилик асослари, инсон ҳуқуқи масалаларига тўхталар экан, жамият фаровон, ҳукумат адолатли, инсон бахтли бўлмоғи учун нималар лозим экани хусусида фикр юритиб, адолат нафақат шоҳлар, балки оддий кишиларнинг ҳам зийнати бўлмоғини, уни шиор қилган шоҳга бошқа бирон бир шоҳ тенглаша олмаслигини таъкидлайди. Яъни, барча фуқаролар қонун олдида тенгдурлар, ҳар қандай адолатли жамиятда қонунларнинг устувор бўлиши таъминланмоғи лозим.

Навоийнинг идеал ҳукмдор ҳақидаги орзулари Бобур фаолиятида муайян даражада ўз аксини топди дейишга асослар етарли.

Жумладан, Заҳириддин Муҳаммад Бобур бутун Осиё тамаддунига улкан таъсир кўрсатган шахслардан биридир. У салтанатни идора этишда халқ хоҳиш-иродасини инобатга олар, унинг манфаатларини кўзлаб иш тутарди. Маданият, маънавият, яратувчанлик Бобур давлатининг доимий устувор йўналиши бўлган. Айниқса, илм-фан ривожига давлат аҳамиятига молик энг асосий вазифа сифатида қараган. Қаерда бўлмасин, бирор-бир янгиликка қўл уришдан олдин бу иш жамият ва салтанат манфаатига қанчалик хизмат қилишини ҳар томонлама ўйлаб кўрди. У салтанат бошлиғи сифатида қўл остидагилар билан муомалада, юрт осойишталигини таъминлашда, раият, сипоҳ ва беклар билан юксак даражада инсоний муносабатда бўлишни, ахлоқий покликни умр шиорига айлантиришга эътиборини қаратади.

Бобур назарида, салтанат бошлиғи энг аввало, қўл остидагиларга ғамхўр бўлиши, уларни иқтисодий жиҳатдан таъмин этган ҳолда бошқариши лозим. Акс ҳолда давлат бошқарувида кутилмаган зиддиятлар юзага келиши мумкин. Аскарлари ­ризқидан қиядиган, уларнинг маошлари, меҳнат ҳақларидан уриб қоладиган кимса, шубҳасиз, салтанат учун оғир оқибатларни келтириб чиқаришини таъкидлади.

Конференцияда Алишер Навоий ва Заҳириддин Муҳаммад Бобур асарларидаги эзгу ғоялардан ёшларимизни баҳраманд этиш, уларни буюк аждодларимиз меросига юксак эҳтиром руҳида тарбиялашга алоҳида эътибор қаратиш лозимлиги таъкидланди.

Тадбир якунида партия сафига қабул қилинган ижодкорларга аъзолик гувоҳномаси ва эсдалик совғалари топширилди.


Кўришлар сони: 204

Депутатлар минбари

Янгиликлар

06.03.2021
ЎзМТДП фракцияси аъзолари айрим нормаларга қарши чиқди

Амалдаги қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ, аҳолининг ижтимоий заиф қатламлари учун иш ўринларини ...

05.03.2021
Қонун лойиҳасига рағбатлантирувчи норма киритилди

2021 йил 5 март куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида депутатлар “Лицензиялаш,...

04.03.2021
Суғурта фаолияти соҳасидаги муносабатларни бошқаришнинг ягона механизми яратилади

Қайд этилганидек, қонун лойиҳасига суғурта бозори фаолиятини либераллаштириш ва инвесторлар учун...

Тадбирлар тақвими