Cайт ранги: A A


Фракция йиғилишлари

Давлат дастурининг 70 дан зиёд банди ижроси нега кечиктириб бажарилган?

Давлат дастурининг 70 дан зиёд банди  ижроси нега кечиктириб бажарилган?

Жорий йилнинг 25 январь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзЛиДеП фракциясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди.

Унда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар МаҳкамасинингИлм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили” Давлат дастурининг 2020 йилда бажарилиши юзасидан ҳисоботи эшитилди.

Йиғилишда фракция аъзолари партия мақсад ва вазифаларидан келиб чиққан ҳолда Давлат дастурининг асосан иқтисодиётни ривожлантиришнинг устувор йўналишлари бўйича амалга оширилган ишларга тўхталиб ўтишди.

Ҳисоботда таъкидланганидек, пандемия даврида тадбиркорларни қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилиб, 2020 йилнинг 1 апрелидан 1 октябрига қадар якка тартибдаги тадбиркорлар учун ижтимоий солиқнинг минимал базавий суммаси 50 фоизгача камайтирилган. Тадбиркорларнинг мурожаатлари асосида ўтган йилда пандемия оқибатида фаолиятига салбий таъсир кўрсатган 3 442 та кичик бизнес субъектларига 147 млрд сўмдан зиёд солиқларини тўлаш муддати кечиктирилган.

Кичик тадбиркорлик субъектлари ер ва мол-мулк солиқларини тўлашдан озод қилиниб, 50 мингта кичик тадбиркорлик субъектлари 568 млрд сўмлик имтиёзлардан фойдаланган. Хусусан, 2020 йил давомида кичик корхона ва микрофирмалар учун ижтимоий солиқ ставкаси 12 фоиздан 1 фоизгача пасайтирилиши натижасида 262 мингта субъектлар ихтиёрида 854 млрд сўм маблағлар қолган.

Ҳисобот даврида шунингдек, тадбиркорлик субъектларининг узлуксиз ишлашларига шароит яратиш, айланма маблағларини кўпайтириш мақсадида 2020 йилда 5,8 мингта субъектга 9 трлн сўм қўшилган қиймат солиғидан салбий фарқ суммалари бюджетдан қоплаб берилган. Карантин даврида тижорат банклари томонидан аҳоли ва тадбиркорлик субъектларининг 26,5 трлн сўмлик кредитлар бўйича тўловлари муддатлари 2020 йил 1 октябрга қадар узайтирилган.

Йиғилишда бу борада қилинган ишлар алоҳида эътироф этилиб, ҳукумат ҳисоботи юзасидан депутатлар ўз нуқтаи назарини, танқидий мулоҳаза ва таклифларини баён қилдилар.

Хусусан, давлат дастуридаги 206 та банд тўлиқ бажарилган бўлса-да, кўплаб белгиланган вазифаларни кечикиб бажариш ҳолатлари ҳам учрамоқда. Масалан, давлат дастурининг 70 дан зиёд банди 1 ойдан 10 ойгача ижро муддати кечиктириб бажарилган, 20 та банд бўйича белгиланган тадбирлар муддатида бажарилмагани туфайли узайтирилган. 39 та банд бўйича норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари ишлаб чиқилган бўлса-да, улар ўз вақтида қабул қилинмаган.

Шунингдек, вазирлик ва идоралар томонидан “бажарилган” деб ҳисобот берилган айрим вазифалар моҳиятан бажарилмаслиги ҳолатлари бўйича тегишли чора-тадбирлар режалари ҳамда “Йўл харита”лари тасдиқланган бўлса-да, ушбу ҳужжатларнинг ижроси таъминланмаганлик ҳолатлари мавжуд. Қолаверса, ижро муддати кечиктирилган ёки қўшимча ишланиши белгиланган ҳолда, вазирлик ва идоралар томонидан кечикиш сабаблари юзасидан жамоатчиликка тушунтириш берилмаётганлик ҳолатлари ҳам кузатилмоқда.

Халқ вакиллари пандемия даврида иқтисодий ўсишни таъминлаш учун қишлоқ хўжалиги соҳасида амалга оширилган ишларга ҳам алоҳида эътибор қаратдилар.

Қайд этилишича, 2020 йилда қишлоқ хўжалигида мавжуд ер ва сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш, аҳолини қишлоқ хўжалик маҳсулотлари билан кафолатли таъминлаш, соҳада янги иш ўринлари яратиш, манфаатдорликни ошириш ва илғор ёндашувларни жорий этиш масалалари аграр соҳанинг энг устувор йўналишлари бўлган.

Масалан, лалми ва янги ерларни ўзлаштириш, фойдаланишдан чиққан майдонларни оборотга киритиш масаласига алоҳида эътибор қаратилиб, давлатимиз томонидан берилган имтиёзлар ҳисобига ерга ер қўшиш орқали қишлоқ ҳудудларда янги иш ўринлар яратишга эришилган. Ер ва сув ресурсларидан самарали фойдаланиш Концепцияси доирасида жами 101,8 минг гектар, шундан фойдаланишдан чиққан 67,5 минг гектар, суғориладиган 34,3 минг гектар лалми ва яйлов ерлар қайта фойдаланишга киритилган.

Эътиборли жиҳати, давлат бюджетидан йўналтирилган 358,4 млрд сўм маблағ ҳисобидан 54,3 минг га ерни фойдаланишга киритиш учун 780 км ирригация-мелиорация объектлари қурилиб, реконструкция қилинган. 76 дона насос агрегатлари ўрнатилиб, 171 дона тик қудуқлар қазилган.

Йиғилишда фракция аъзолари ҳисобот юзасидан ўз фикр-мулоҳазаларини билдирган ҳолда, қизғин, амалий ва танқидий руҳда кечган савол-жавоблардан сўнг ҳукумат ҳисоботини маъқулладилар.

Кун тартибидаги кейинги масала – “Сайлов қонунчилиги такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси бўлди.

Таклиф этилаётган қонун лойиҳасида халқ депутатлари туман (шаҳар) Кенгашларига сайлов ўтказувчи округ сайлов комиссиялари институти тугатилиши ва уларнинг ваколатлари туман (шаҳар) сайлов комиссиялари зиммасига юкланиши назарда тутилмоқда. Қолаверса, хорижда истиқомат қилаётган Ўзбекистон фуқароларини дипломатик ваколатхоналарнинг консуллик ҳисобида бўлиши ёки бўлмаслигидан қатъий назар сайловчилар рўйхатига киритиш тартиби, шунингдек, чет давлатларда сайловчилар яшаётган ёки ишлаётган жойида кўчма қутиларда овоз беришнинг ҳуқуқий асослари яратиляпти.

Халқ вакиллари қонун лойиҳасининг қабул қилиниши орқали умумэътироф этилган халқаро сайлов стандартлари асосида сайлов қонунчилиги янада такомиллаштирилишини айтиб, қонун лойиҳасини маъқуллашди.

Йиғилишда фракция ваколатига тааллуқли бошқа масалалар ҳам кўриб чиқилиб, тегишли қарорлар қабул қилинди.


Кўришлар сони: 848

Депутатлар минбари

Янгиликлар

04.12.2021
Конституция — фуқароларнинг саломатлигини муҳофаза қилишнинг мустаҳкам кафолати

Таъкидланганидек, юртимизда ҳар бир инсон малакали тиббий хизматдан фойдаланиш ҳуқуқига эга эканли...

04.12.2021
Экологик барқарорликни таъминлашнинг ҳуқуқий кафолати

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон Экологик партияси фракцияси ҳамда Экология ва атроф...

03.12.2021
Органик маҳсулотлар ишлаб чиқаришнинг ҳуқуқий асослари яратилмоқда

Бугунги кунда мамлакатимизда органик маҳсулотлар ишлаб чиқариш соҳасидаги масалаларни тартибга солувчи...

Тадбирлар тақвими