Cайт ранги: A A


Фракция йиғилишлари

Ҳуқуқий маданиятни юксалтириш йўлидаги яна бир муҳим қадам

Ҳуқуқий маданиятни юксалтириш йўлидаги  яна бир муҳим қадам

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси фракциясининг йиғилиши бўлиб ўтди. Унда депутатлар бир неча қонун лойиҳаларини биринчи ва иккинчи ўқишда муҳокама қилдилар.

Йиғилишда дастлаб деҳқон хўжалигини ташкил этиш ва юритиш соҳасидаги муносабатларни тартибга солишга қаратилган “Деҳқон хўжалиги тўғрисида»ги қонун лойиҳаси муҳокама қилинди.

Маълумки, деҳқон хўжалиги мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилиш ёки ижара (иккиламчи ижара) ҳуқуқи асосида деҳқон хўжалиги бошлиғига берилган ер участкасида қишлоқ хўжалиги маҳсулотини етиштириш ва реализация қилишни оила аъзолари ҳамда бошқа қариндошларнинг шахсий меҳнати асосида амалга оширувчи хўжаликдир. Деҳқон хўжалиги ўз фаолиятини боғдорчилик, узумчиликка ёки сабзавот ва полиз экинлари ёхуд бошқа қишлоқ хўжалиги экинларини етиштиришга ихтисослашув асосида амалга оширади.


Таъкидланганидек, деҳқон хўжалигини юритиш учун 0,06 гектардан 1 гектаргача бўлган ўлчамда ер участкалари берилади ва ундан ихтисослашуви асосида фақат қишлоқ хўжалиги маҳсулоти етиштириш учун фойдаланиши керак. Ердан деҳқон хўжалигининг ихтисослашувида назарда тутилмаган бошқа қишлоқ хўжалиги экинларини деҳқон хўжалигининг ихтисослашувига мувофиқ асосий қишлоқ хўжалиги экинларининг қатор ораларига экиш ёки асосий ва бошқа қишлоқ хўжалиги экинларини навбатлаб экиш йўли билан етиштириш учун ҳам фойдаланилиши мумкин.

Деҳқон хўжалигини юритиш учун берилган ер участкасида бино ва иншоотлар, шу жумладан, ерости иншоотларини қуриш тақиқланади. Бундан енгил конструкцияли иссиқхоналар ва бошқа иморатлар, шунингдек, суғориш иншоотларини қуриш мустасно. Ер участкасида қишлоқ хўжалиги маҳсулотини етиштириш билан бир вақтда шартли 10 бошгача чорва молини ўтлатишга йўл қўйилади. Ўз тасарруфидаги ер участкасидан хўжасизларча фойдаланиш ёки уларнинг яроқсиз ҳолга келиб қолишига йўл қўйилмайди.

Депутатлар ушбу қонун лойиҳасини атрофлича муҳокама қилиб, айрим моддаларига қўшимчалар киритиш бўйича таклифларини бердилар.


Шундан сўнг, Президентнинг “Жамиятда ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштириш, маҳалла институтини янада қўллаб-қувватлаш ҳамда оила ва хотин-қизлар билан ишлаш тизимини янги даражага олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони ижросини таъминлаш мақсадида ишлаб чиқилган “Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартишлар киритиш ҳақида”ги қонуни лойиҳасини кўриб чиқдилар.

Мазкур қонун лойиҳаси қабул қилиниши билан профилактика инспекторлари томонидан фуқароларнинг қонуний манфаатлари ҳимояси кучайтирилади, содир этилган ҳуқуқбузарликларга нисбатан улар аниқланган жойнинг ўзида ҳуқуқий таъсир чораларини қўллаш механизмлари соддалаштирилади. Айрим маъмурий ҳуқуқбузарликларни кўриб чиқиш ваколати профилактика инспекторларига берилиши натижасида ҳуқуқбузарлик содир этилган жойдан узоқ масофада жойлашган бошқа ваколатли органлар ёки судларга боришини истисно этган ҳолда фуқароларнинг ортиқча харажат қилиши ва сарсон бўлишининг олди олинади. Бу билан фуқароларга қўшимча оворагарчилик ва ноқулайликлар туғилишининг олдини олиш, ортиқча қоғозбозликка чек қўйиш, ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олишни таъминлаш, жамиятда ҳуқуқий маданиятни юксалтириш, шунингдек, фуқароларга қонунга ҳурмат ва қонун бузилишининг ҳар қандай кўринишига муросасизлик муносабатини сингдиришга эришилади.

Фракция йиғилишида кун тартибига киритилган бошқа қонун лойиҳалари ҳам муҳокама қилиниб, тегишли қарорларни қабул қилинди.

 


Кўришлар сони: 327

Депутатлар минбари

Янгиликлар

08.04.2021
Депутатлар 279 та муаммони жойида ҳал этди

Қизғин ўтган мазкур учрашувлар давомида сайловчилар томонидан 616 та муаммо ва муаммоли вазият, ...

08.04.2021
Хотин-қизларнинг ҳуқуқий манфаатларини ҳимоя қилиш масаласи муҳокама қилинди

Аёллар соғлигини муҳофаза қилиш чоралари, тиббий хизмат қамровини кенгайтириш, оилада соғлом фарзандни...

08.04.2021
Ўзбекистон — Саудия Арабистони: парламентлараро алоқаларнинг янги босқичи

Бугунги глобаллашув жараёнида давлатлар ўртасидаги ўзаро ҳамкорлик ва яқин муносабатлар жуда муҳим...

Тадбирлар тақвими