Cайт ранги: A A


Фракция йиғилишлари

Нефрология ва гемодиализ ёрдамини кўрсатиш ҳолатини депутатлар қандай баҳолади?

Нефрология ва гемодиализ ёрдамини кўрсатиш ҳолатини  депутатлар қандай баҳолади?

Парламент қуйи палатасида Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси фракцияси ҳамда Фуқароларнинг соғлиғини сақлаш масалалари қўмитаси томонидан аҳолига нефрология ва гемодиализ ёрдамини кўрсатиш амалиёти ҳамда истиқболдаги вазифаларга бағишланган давра суҳбати ўтказилди.

Мавзу жуда долзарб. Чунки, бугунги кунда аҳоли ўртасида ўткир буйрак етишмовчилиги билан касалланиш кўп кузатилмоқда. Мутахассислар қайд этганидек, республика бўйича дастурий гемодиализга муҳтож беморлар сони ҳар йили 20 фоизга ўсиб боряпти. Бундан ташқари, шошилинч диализга эҳтиёжманд беморлар ва айниқса, улар орасида болалар мавжудлигидан кўз юмиб бўлмайди.

Тадбирда Президентимизнинг “Ўзбекистон Республикаси аҳолисига нефрология ва гемодиализ ёрдами кўрсатиш самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида амалга оширилаётган чора-тадбирларга алоҳида эътибор қаратилди.

Республика ихтисослаштирилган нефрология ва буйраклар трансплантацияси илмий-амалий тиббиёт маркази, Тошкент врачлар малакасини ошириш институти масъуллари ушбу ҳужжатда белгиланган вазифаларнинг   бажарилиши ҳақида маълумот беришди.

Таъкидланганидек, мазкур қарор ижросини таъминлаш мақсадида тизимли ишлар амалга оширилди. Хусусан, катталар ва болаларда нефрологик касалликлар, айниқса, буйрак ўринбосар терапиясига муҳтож беморларни ташхислаш ва даволашнинг клиник, гемодиализ муолажасига юбориш стандартлари амалиётга жорий этилди. Даволаш муассасаларида бўлиш муддатлари, кўрсатилган ижтимоий хизматлар, берилган имтиёзлар ҳамда соҳадаги ҳолат ҳақидаги ахборотни тез олиш имконини берадиган диспансер кузатувида бўлган беморлар тўғрисидаги комплекс ахборотни ўз ичига олган электрон реестр ишлаб чиқилди.

Депутатлар томонидан Соғлиқни сақлаш вазирлигининг Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳамда Фанлар академияси билан ҳамкорликда нефрология ва буйрак трансплантацияси бўйича фундаментал, инновацион, амалий илмий тадқиқотлар йўналишлари, уларнинг натижаларини амалиётга татбиқ қилиш ҳамда молиялаштириш манбалари ишлаб чиқилаётгани мамлакат аҳолисига яратилаётган қулайликлар сифатида эътироф этилди.

Давра суҳбатида қарорда белгиланган нефрология ихтисослиги бўйича тиббий ёрдам кўрсатиш тартибини тасдиқлаш бўйича норматив ҳужжатни қабул қилишни тезлаштириш лозимлиги таъкидланди. Мазкур ҳужжатда республика, вилоят ва туман (шаҳар) миқёсида кўрсатиладиган тиббий хизматлар ҳажмини, мутахассисларнинг функционал вазифаларини белгилаган ҳолда, нефрология кабинети ва бўлимини жиҳозлаш стандартлари назарда тутилади.

Тадбир якунида депутатлар ва соҳа мутахассислари ўзаро савол-жавоб ҳамда таклифлар асосида фикр-мулоҳаза алмашдилар. Билдирилган барча фикрлар асосида тегишли қарорлар қабул қилинди.


Кўришлар сони: 1006

Депутатлар минбари

Янгиликлар

19.09.2021
Трансплантация соҳасига оид қонун такомиллаштирилмоқда

Бугун энг муҳим йўналишлардан бири – органлар трансплантацияси саналади. Кейинги йилларда бу соҳага...

19.09.2021
Аҳоли томонидан берилган таклифлар қонун лойиҳасида ўз аксини топади

Ҳар бир соҳанинг ривожи унинг ҳуқуқий асоси билан боғлиқ. Қонун билан мустаҳкамланган соҳа барқарор...

18.09.2021
Инсон саломатлиги билан боғлиқ узоқ кутилган қонун лойиҳаси жамоатчилик муҳокамасида

Аввал хабар берганимиздек, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, қуйи палата Девони ходимлари...

Тадбирлар тақвими