Cайт ранги: A A


Фракция йиғилишлари

Муқаддас қўрғонимизнинг мустаҳкам ҳуқуқий асоси

Муқаддас қўрғонимизнинг мустаҳкам ҳуқуқий асоси

Оила давлат ва жамият ҳаётида муҳим аҳамиятга молик маскан ҳисобланади. Халқимиз қадим-қадимдан оилани муқаддас билиб, уни асраб-авайлаш, мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратиб келади. Аждодларимиздан мерос бу эзгу фазилатлар асрлар оша яшаб, бугунги ва келажак авлодлар учун муқаддас маънавий қадриятга, қон-қонимизга сингган юксак маънавий туйғуга айланди. Зотан, Президентимиз «Юксак маънавият – енгилмас куч» китобида таъкидлаганидек, ҳаёт абадийлиги, авлодлар давомийлигини таъминлайдиган маънавият қўрғони бўлмиш оилани мустаҳкамлаш бугунги кунда барчамизнинг наинки асосий вазифамиз, балки инсоний бурчимиздир.

Дарҳақиқат, оила жамиятнинг энг кичик бўғини. Жамият ва давлат равнақи, унинг келгуси истиқболи аввало оиладан бошланади. Шу боисдан, мустақиллик йилларида оила манфаатлари, она ва бола ҳуқуқлари ҳимояси, турмуш тарзи, оила аъзоларининг руҳияти ва тарбияси, уларни ҳаётга, туғилиб ўсаётган юртига муҳаббатини кучайтириш, бир сўз билан айтганда, баркамол авлодни вояга етказиш давлат сиёсати даражасига кўтарилди.

Юртимизда оила манфаатларининг давлат ва жамият манфаатлари билан уйғунлигини таъминлаш, оилавий муносабатларнинг ҳуқуқий пойдеворини яратиш ғояси миллий хусусиятимиз тантанаси сифатида Конституциянинг «Оила» бобида мустаҳкамлаб қўйилди. Оила муҳофазасига оид ҳуқуқий ҳужжатларни ишлаб чиқиш ва такомиллаштириш жараёнида аввало миллий қадриятларга, шунингдек, Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси ва халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган тамойилларига, жаҳон тажрибасига асосланиб иш кўрилди.

Кўпчилик мамлакатлар конституцияларида оила институти алоҳида белгилаб қўйилмаган, фақатгина оила муносабатлари айрим қонун ҳужжатлари билан тартибга солинади. Бундан фарли ўлароқ, Бош қомусимизда оиланинг жамият ва давлат муҳофазасида эканлиги белгилаб қўйилгани, шу билан бирга, миллий менталитетимизга хос фазилатлардан келиб чиқиб, ота-оналар фарзандларини вояга етгунига қадар боқиш ва тарбиялашга мажбурлиги, ўз навбатида, вояга етган, меҳнатга лаёқатли фарзандлар ўз ота-оналари ҳақида ғамхўрлик қилиши конституциявий мажбурият сифатида мустаҳкамланган. Бу ҳам оила халқимиз учун миллатнинг кўп асрлик анъаналари ва руҳиятига мос бўлган ғоят муҳим ҳаётий қадриятлардан бири эканлигининг ёрқин далилидир.

Мамлакатимизда ушбу конституциявий қоидани ҳаётга татбиқ эта бориб, ўтган давр мобайнида Оила кодекси, оила билан боғлиқ 50 га яқин қонун, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 20 дан ортиқ фармон, қарор ва фармойишлари, ҳукуматимизнинг 70 дан ортиқ қарор ва фармойишлари қабул қилинди. Ўтган йиллар мобайнида оила қонунчилигидаги айрим меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар янгидан ишлаб чиқилди, давр талабидан келиб чиқиб, бир қатор ўзгартишлар киритилди. Бир сўз билан айтганда, истиқлол йилларида мамлакатимизда оила манфаатларини таъминлаш ва унинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасида етарлича қонунчилик асослари яратилди.

Шу билан бирга, Президентимиз ташаббуси билан чуқур мантиққа асосланган ҳолда, ҳар бир йилга алоҳида ном беришда инсон ва унинг манфаатларини таъминлаш, жамиятимизда тинчлик ва осойишталик, меҳр-оқибат, инсонпарварлик муҳитини мустаҳкамлаш, кўпчиликни ўйлантираётган долзарб муаммоларни ҳал қилишга устувор вазифалар сифатида қараб келинмоқда. Хусусан, 1998 йил “Оила йили”, 2012 йил “Мустаҳкам оила йили” ва умуман бошқа йилларнинг ҳам билвосита оилани мустаҳкамлашга қаратилган номлар билан аталиши ҳамда улар юзасидан давлат дастурларининг ишлаб чиқилиши шулар жумласидандир.

Айниқса, “Ўзбекистон Республикасида ёшларга оид давлат сиёсатининг асослари тўғрисида”ги Қонун ҳамда “Ёш оилаларни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Президент Фармони мамлакатимизда ёш оилалар доимо давлат ва жамият эътиборида эканлигини яна бир бор тасдиқлайди.

Қолаверса, Оила Кодексининг 17-моддаси, шунингдек, Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланган «Никоҳланувчи шахсларни тиббий кўрикдан ўтказиш тўғрисида»ги Низомга мувофиқ никоҳланувчи шахсларнинг тиббий кўрикдан ўтиш амалиёти йўлга қўйилганлиги ҳам нафақат ёшларнинг турмуш қуришдан олдин бир-бирларининг соғлиғидан хабардор бўлишлари балки оилада соғлом фарзанд туғилиши ва соғлом муҳитнинг қарор топишига имкон яратмоқда.

Яна шуни ҳам эътироф этиш лозимки, оиланинг мустаҳкамлигини таъминлашда унинг фаровонлигини ошириш муҳим ўрин тутади. Шу маънода ўтган йиллар давомида давлатимиз раҳбарининг фуқаролар даромадини кўпайтириш, ёш оилаларни уй-жой билан таъминлаш, тадбиркорлик, касаначилик, ҳунармандлик ва оилавий бизнесни ривожлантиришга қаратилган фармон ва қарорлари қабул қилинди-ки, бу билан одамлар ҳалол йўл билан даромад олиши, оиласининг тўкинлиги, фаровонлигини таъминлаши учун зарур шарт-шароитлар яратилди.

Оиланинг фаровонлигини мустаҳкамлашга бўлган эътибор, айниқса мамлакатимиз раҳбари томонидан 2010 йил 12 ноябрда тақдим этилган Демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепцияси доирасида “Оилавий тадбиркорлик тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг қабул қилиниши билан янада кучайди. Маълумки, она заминимизда азал-азалдан кишилар ўзларининг тадбиркорлик ва ташаббускорлик хислатлари билан ажралиб турганлар, бунинг эвазига савдо, қишлоқ хўжалиги, амалий санъат ва ҳунармандчилик ривож топган. Ота-боболаримиз ўз фарзандларини ҳунармандчиликнинг муайян соҳасида касбга эга бўлишига, хусусий ишни ташкил қилиш ва юритиш кўникмаларини эгаллашига, уларда тадбиркорлик фазилатларини шакллантириш каби масалаларга, шунингдек ишбилармон кишиларга нисбатан ҳурмат билан қараш туйғусини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратганлар. Бунинг натижасида аксарият оилаларда ўзининг кичик ишини ташкил қилиб, юритишга интилиш кучайиб борган.

Тарихан юртимизда кичик ва хусусий тадбиркорликни оёққа туриши ва ривожланишида оиланинг аҳамияти беқиёс бўлган, чунки хўжалик юритишнинг бу шакли қўшимча иш кучи ва катта ресурслар талаб этмайди. Айнан шу боисдан ҳам мамлакатимизда оилавий бизнес ривожи ўзининг тарихий ва ижтимоий-маданий омилларига эга бўлган. Бу омиллар “Буюк ипак” йўлининг ривожланишида катта аҳамиятга эга бўлганлигини ҳам алоҳида эътироф этишимиз жоиз.

“Оилавий тадбиркорлик тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунида оилавий корхона тарзида хўжалик фаолиятининг янги ташкилий-ҳуқуқий шаклини ташкил қилиш ва жорий этишнинг асосий йўналишларини белгилаш, унинг субъектларини аниқлаш, рўйхатга олиш ва тугатиш механизмларини аниқ кўрсатиш, шунингдек бухгалтерия ҳисобини юритиш, солиққа тортиш ва инфратузилмадан фойдаланишнинг соддалаштирилган тартибини қўллаш масалалари ўз аксини топди. Ушбу Қонуннинг қабул қилиниши, шубҳасиз, юртимизда ишбилармонлик муҳитини янада яхшиланишига ижобий таъсир кўрсатиб, аҳолининг ишчанлик фаоллигини рағбатлантиради, шунингдек, жамииятда оилавий бизнеснинг аҳамияти ва ролини кучайтиради ҳамда бу бизнес тури иқтисодиётнинг бошқа хўжалик юритувчи субъектлари ўртасида муносиб ўрин эгаллашига хизмат қилади.

Мухтасар айтганда, мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг асосий мақсади демократик ҳуқуқий давлат ва адолатли фуқаролик жамияти барпо этиш, инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини энг олий қадрият даражасига кўтаришга қаратилган. Бу эзгу мақсад замирида эса юрт тинчлиги, халқ фаровонлиги, оилалар тотувлиги, соғлом ва баркамол авлод камолоти ғояси мужассам. Айни мақсадлар Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партиясининг дастурий мақсадлари билан ҳамоҳанглиги билан биз учун аҳамиятли.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 23 йиллиги кенг нишонланаётган шу кунларда аҳоли, айниқса, ёшлар орасида оила институтининг ҳуқуқий асосларини, оиланинг муқаддаслигини, она-оналарнинг фарзанд олдидаги, фарзандларнинг ота-оналари олдидаги конституциявий бурч ва мажбуриятларини кенг тарғиб қилиш, уларнинг ҳуқуқий маданиятини ошириш биз депутатлар олдидаги масъулиятли вазифадир.

Қодир ЖЎРАЕВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси аъзоси. 


Кўришлар сони: 17713

Депутатлар минбари

Янгиликлар

24.09.2021
Масофавий тиббий хизматлар сифатини ошириш масаласи муҳокама қилинди

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Инновацион ривожланиш, ахборот сиёсати ва ахборот технологялари ...

24.09.2021
Халқаро нотариуслар иттифоқи вакиллари Қонунчилик палатасида бўлди

Бугун, 24 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатларининг Хал...

24.09.2021
Жарималар миқдори камайтирилмоқда

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида депутатлар ҳайдовчиларга қўшима енгилликлар...

Тадбирлар тақвими