Cайт ранги: A A


Фракция йиғилишлари

Конституциямиз – адолатли жамиятимизнинг ҳуқуқий пойдеворидир

Конституциямиз – адолатли жамиятимизнинг ҳуқуқий пойдеворидир

Сиёсий партиялар турли табақа ва гуруҳларнинг сиёсий иродасини ифодалайдилар ва ўзларининг демократик йўл билан сайлаб қўйилган вакиллари орқали давлат ҳокимиятини тузишда иштирок этадилар.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 60-моддасидан

Шубҳасиз, халқимизнинг бугунги тинч-осойишта ҳаёти ва эртанги кунга бўлган ишончининг негизида Конституциямизда белгиланган асосий қоида ва ҳуқуқий асослар ётибди. Зеро, биз миллий давлатчилигимизнинг чуқур илдизлари ва дунё мамлакатларининг конституционализм амалиётини жорий этишдаги илғор тажрибасига асосланган ҳолда ривожланмоқдамиз.

Юртимизда Бош қомусимиз аосида қабул қилинган ва қабул қилинаётган қонунлар ҳамда ҳуқуқий-меъёрий ҳужжатлар, умуман, бугун бизнинг амалий ҳаётимизда қилаётган барча-барча ишларимиз мамлакатимизни ривожлантириш ва модернизация қилиш суръатларини юксак даражада таъминлаб бермоқда, бизни ўз олдимизга қўйган бош мақсадимизга, яъни Ўзбекистоннинг дунёдаги ривожланган демократик давлатлар қаторидан жой олишидек буюк мақсадга яқинлаштирмоқда.

Эътиборли томони шундаки, ижтимоий-сиёсий ва иқтисодий тараққиётнинг аниқ устувор йўналишларини белгилаб олишда сиёсий партияларнинг ролини кескин кучайтириш, мамлакатимизни ислоҳ этиш ва модернизация қилиш бўйича стратегик вазифаларни ҳал этишда уларнинг иштирокини кенгайтириш демократик ислоҳотларни изчил амалга оширишнинг энг муҳим омилига айланмоқда.

Яъни кўппартияли тизимни мустаҳкамлаш ва партиялараро рақобатни кучайтириш — демократик давлат барпо этишнинг энг муҳим шартларидан бири эканлиги амалда ўз исботини топмоқда.

Бу жараёнда “Сиёсий партиялар тўғрисида”ги ҳамда “Давлат бошқарувини янгилаш ва янада демократлаштириш ҳамда мамлакатни модернизация қилишда сиёсий партияларнинг ролини кучайтириш тўғрисида”ги конституциявий қонунлар алоҳида аҳамиятга эга бўлди. Бу қонунларни қабул қилишдан асосий мақсад сиёсий партияларнинг давлат ва жамият қурилиши тизимидаги аҳамиятини кучайтириш, уларнинг функцияларни бажаришда самарадорлигини ошириш, жамият сиёсий ҳаётида фракцияларнинг фаолиятини таъминлаш, аҳолининг манфаатларини бевосита фракциялар орқали қонунчилик даражасига кўтариш ва ҳал қилиш, партиянинг йўналиш ва дастурини парламентда мустаҳкамлаш ва барқарорлаштириш имкониятини шакллантиришдан иборат бўлди.

Шу билан бир қаторда ўтган давр мобайнида Асосий қонунимизга парламентимиз фаолиятини янада такомиллаштиришга оид қатор тузатишлар киритилди. Жумладан, қонунлар ва меъёрий ҳужжатларни кўриб чиқиш ва қабул қилишнинг барча босқичларида депутатлар ва сиёсий партиялар фракцияларнинг роли кучайтирилгани ва бугунги кунда фракциялар (депутатлик гуруҳлари)нинг фикр ва таклифларини ҳисобга олмасдан туриб биронта ҳужжат қабул қилинмаслиги бу йўлда катта қадам бўлди.

Ҳақиқатан ҳам, сиёсий партияларга йўл очмай, уларнинг сиёсий ҳаётдаги тўлақонли иштирокини таъминламай туриб, том маънодаги демократияга эришиш мушкул. Конституциявий қонунлар партияларга, демакки, жамоатчиликка давлат олий ижроия органини шакллантиришда кенг иштирок этиш, жойлардаги ижро ҳокимияти раҳбарлари тайинланиши ва уларнинг кейинги фаолиятига таъсир кўрсатиш имконини берди.

Сиёсий партиялар кейинги йилларда сезиларли даражада тажриба орттирди. Уларнинг демократик ўзгаришлар жараёнидаги иштироки янада кенгайди. Хусусан, Қонунчилик палатасидаги партиялар фракциялари сиёсий кураш амалиётини босқичма-босқич ўзлаштириш баробарида ўз фаолиятини тобора жонлантиришга ҳаракат қилмоқда. Бу эса ўз-ўзидан сиёсий партияларнинг нуфузини ошириш билан бирга қабул қилинаётган қонун ҳужжатларининг сифатига ҳам ижобий таъсир кўрсатмоқда.

Тажриба шуни кўрсатмоқдаки, самарали ва изчил ташкилий ишларни олиб бормай туриб, партия ўз олдига қўйган мақсад ва вазифаларни ҳаётга татбиқ эта олмайди. Агар ким ташкилий жиҳатдан яхши уюшган бўлса, кучли мафкура базасини ярата олса ҳамда жамиятда ташкилий устунликни қўлга киритса, ўша муваффақият қозонади. Биз бугун мамнуният билан айтишимиз мумкинки, яратилган қулай шарт-шароит, ҳуқуқий меъёрлар асосида партиямиз ғоявий жиҳатдан янада жипслашди, ташкилий тарафдан мустаҳкамланди, жойларда партия ҳақида, унинг мақсад-вазифалари ҳақида аҳолининг хабардорлиги ортди, бу эса партия аъзоларининг сони кўпайганида ҳам яққол намоён бўлди.

Зеро, Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси “Ислоҳот — ислоҳот учун эмас, аввало инсон учун”, “Янги уй қурмай туриб, эскисини бузманг” тамойилларига амал қилган ҳолда мамлакатимизни демократик янгилаш ва модернизация қилиш жараёнларида фаол иштирок этаётган, аҳолининг кенг қатламлари орасида обрў-эътиборга ҳамда мамлакат сиёсий майдонида ўзининг қиёфасига эга бўлиб улгурган сиёсий кучдир. Айнан “Адолат” СДП ижтимоий адолат, қонун устуворлиги ва барча фуқароларнинг қонун олдида тенглиги, конституциявий ҳуқуқ ҳамда эркинликларини мужассам этадиган ғояларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаётган, шунингдек, ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий жараёнлар янада инсонпарварлик ва ижтимоий хусусият касб этишида фаол иштирок этаётган партия бўлиб келмоқда ва бундан кейин ҳам шундай бўлиб қолади. Зеро, биз “Адолат — ҳаётимизнинг бош мезони, адолат — ҳар бир инсон учун”, деган эзгу ғояни фаолиятимизнинг бош шиори сифатида қабул қилганмиз.

Давр, замон шиддат билан ўзгармоқда. Ўзининг адолат устуворлигига эришишдек эзгу мақсадини амалга ошириш жараёнида партиямиз ҳам янги воқеликларнинг долзарб масалаларига “лаббай” дея жавоб беришга, юзага келган муаммоларни ҳар томонлама тўлақонли ҳал этишга эришмоқда. Партиямизнинг 2014 йил қабул қилинган янги таҳрирдаги Сайловолди дастурида ҳам биз бундай саъй-ҳаракатларнинг самарасини кўрмоқдамиз.

Партиямиз ижтимоий йўналтирилган бозор иқтисодиёти, демократик ҳуқуқий давлат, кучли, адолатли фуқаролик жамиятини барпо этиш жараёнларида ўз ролини кучайтиришни мақсад қилган. Айниқса, жамиятда барқарорлик, танчлик-осойишталик ва фуқаролар тотувлигини таъминлашда, миллий ва диний бағрикенглик тамойилларига амал қилиб яшашни турмуш тарзига айлантиришда фаол иштирок этади. Зотан, адолат сўзи бу фақатгина ҳақиқатнинг ўзи эмас, том маънодаги адолат кенг маъноли тушунчадир. У инсоннинг бутун моҳиятини, қадр-қимматини, мавжудлигини ўзида қамраб олган. Демак, партиямиз ҳар бир фуқаро қалбида адолат туйғусининг куртак очиши орқали адолат устувор бўлган жамият қуришда фаол иштирок этади. Тарихдан маълумки, ижтимоий адолат қарор топган жойда тараққиёт бўлади, аҳоли турли ижтимоий гуруҳ ва қатламларининг турмуш сифати яхшиланади, фаровонлик даражаси юксалади.

Бир сўз билан айтганда, сиёсий партиямизнинг етуклик даражаси, фуқароларимизнинг ҳуқуқий онги, сиёсий ва ҳуқуқий маданияти тобора юксалиб бораётгани конституциявий ислоҳотларнинг энг муҳим асоси, уларни амалга оширишнинг ҳал қилувчи шарти ва гаровига айланмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Конституцияси халқнинг бой турмуш тажрибасига асосланган ҳолда республика аҳолисининг миллий ва маданий анъаналарига, барча ижтимоий гуруҳлар ва қатламларнинг манфаатларига мос келадиган ҳақиқий демократик принципларни қарор топтириш кафолатидир. Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси ҳам ўзининг кенг қамровли ғоя, мақсад-вазифаларидан келиб чиққан ҳолда, бу жараёнда фаол иштирок этаверади.

Наримон УМАРОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси

Спикерининг ўринбосари,

Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши раиси. 


Кўришлар сони: 10868

Депутатлар минбари

Янгиликлар

24.09.2021
Масофавий тиббий хизматлар сифатини ошириш масаласи муҳокама қилинди

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Инновацион ривожланиш, ахборот сиёсати ва ахборот технологялари ...

24.09.2021
Халқаро нотариуслар иттифоқи вакиллари Қонунчилик палатасида бўлди

Бугун, 24 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатларининг Хал...

24.09.2021
Жарималар миқдори камайтирилмоқда

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида депутатлар ҳайдовчиларга қўшима енгилликлар...

Тадбирлар тақвими