Cайт ранги: A A


Фракция йиғилишлари

БЮДЖЕТ ИЖРОСИ ДЕПУТАТЛАР НАЗОРАТИДА

БЮДЖЕТ ИЖРОСИ ДЕПУТАТЛАР НАЗОРАТИДА

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон «Адолат» социал-демократик партияси фракциясининг навбатдаги йиғилишида “Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг 2014 йил тўққиз ойидаги ижроси тўғрисида”ги масала муҳокама этилди. Фракция аъзолари, бир қатор мутасадди вазирликлар, идора ва ташкилотларнинг масъул раҳбар ходимлари ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этган йиғилишда Ўзбекистон Республикаси Молия вазирининг ўринбосари М.Мирзаев ҳисоботи тингланди.

Маърузачи жаҳон иқтисодиётининг ўсиш суръатлари секинлашганлигига ва унинг ривожланишида хатарлар кучайганлигига қарамай, замонавий, рақобатбардошли ва диверсификациялаштирилган бозор иқтисодиётини шакллантиришга йўналтирилган, мамлакатда қабул қилинган ислоҳ қилиш ва ривожлантириш стратегияси изчил амалга оширилиши натижасида ҳисобот даврида макроиқтисодий барқарорлик ва иқтисодиётнинг изчил ўсиши таъминланганини қайд этди. Асосий макроиқтисодий кўрсаткичларнинг ижобий ўсиш суръатлари сақланиши ҳамда иқтисодиётнинг барча соҳа ва тармоқлари янада мувозанатли ривожланишида Президентимиз И.А.Каримов томонидан жорий йил 17 январда бўлиб ўтган Вазирлар Маҳкамасининг мажлисида белгилаб берилган 2014 йилги мўлжалланган иқтисодий дастур ўзига хос муҳим омил сифатида хизмат қилди.

Жумладан, амалга оширилаётган тизимли чора-тадбирлар натижасида мамлакатимизнинг ялпи ички маҳсулоти (ЯИМ) 8,1 фоизга, саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми – 8,4 фоизга, шу жумладан истеъмол товарлари ишлаб чиқариш хажми - 11,3 фоизга, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш ҳажми - 6,8 фоизга, қурилиш ишлари ҳажми - 18,9 фоизга чакана товар айланмаси хажми – 14,2 фоизга, пулли хизматлар хажми – 11,1 фоизга ўсди. Давлат бюджети ЯИМга нисбатан 0,1 фоиз миқдорида профицит билан ижро этилди. Инфляция даражаси прогноз параметрларидан ошмади.

Жами ишлаб чиқариш таркибидаги улуши ўтган йилнинг 9 ойи давомидаги 54,5 фоиздан ҳисобот даврига якунига кўра 59 фоизга кўтарилган машинасозлик ва металлни қайта ишлаш соҳалари , қурилиш материаллари саноати, енгил саноат, тиббиёт, қора металлургия саноати, озиқ-овқат саноатининг барқарор ўсиши таъминланди. Жорий йил бошидан бошлаб 777,8 мингта янги иш ўринлари ташкил этилди, улардан 465 мингтаси ёки 59,8 фоизи қишлоқ жойларда эканлиги .

Ишлаб чиқилган дастурлар – “йўл хариталари” амалга оширилиши натижасида зарар билан ишлаётган 119 та корхонадан (жами корхоналарнинг 85,0 фоизи) 139,2 млрд. сўм фойда олинишини таъминлади. Таркибий ўзгаришлар амалга оширилган корхоналарда умумий қиймати 4,5 трлн. сўм бўлган маҳсулот ишлаб чиқарилди ва хизмат кўрсатилди, 192,6 млн. долларлик маҳсулот экспорт қилинди, 2,3 мингдан ортиқ иш ўринлари яратилди ва тикланди.

“Соғлом бола йили” Давлат дастури доирасидаги вазифаларни амалга ошириш, ушбу тадбирларни молиялаштиришга жорий йилнинг 9 ойи мобайнида барча манбалар ҳисобига 4,2 трлн. сўм ва 200,0 млн. доллар маблағ йўналтирилди.

Иқтисодиётда ҳисобот даври давомида эришилган ижобий-таркибий силжишлар, сифатли ўзгаришлар ва тенденциялар, унинг барқарор ва балансли ривожланишини таъминлади, аҳоли бандлиги ва даромадининг ўсишига имкон берди ҳамда Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетини 
145,6 млрд. сўмлик профицит билан ижро этиш имконини берди.

Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси аъзолари ҳисобот давридаги Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг ижроси муҳокамасида социал-демократик ғояларга таянган ҳолда асосий эътиборни ижтимоий соҳаларда амалга оширилган ишларга қаратди.

Абдукамол Раҳмонов,

Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси аъзоси:

— Таъкидлаш лозимки, ҳисобот даврида ижтимоий соҳа ва аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш харажатларига Давлат бюджетининг 59,3 фоизи ёки 13 313,6 млрд. сўм маблағ сарфланди. Яъни, макур харажатлар ЯИМга нисбатан 13,3 фоизни ташкил этди.

Хусусан, ижтимоий соҳа харажатларининг асосий қисмини ёки 58,6 фоизини ташкил этган Таълим муассасалари таъминоти ва уларни ривожлантириш харажатларига Давлат бюджетидан 7 560,7 млрд. сўм ажратилган, бу эса ўтган 2013 йилнинг шу даврига нисбатан 1,2 млрд. сўм, 2012 йилнинг 9 ойлик маблағидан эса 2,4 млрд. сўм ортиқ маблағ йўналтирилганини, яъни таълим-тарбия соҳасидаги ислоҳотларни янада чуқурлаштириш, таълим стандартлари ва дастурларини такомиллаштириш, умумтаълим мактаблар, академик лицей ва касб-ҳунар коллежлар, олий ўқув юртларининг моддий-техник базасини янада мустаҳкамлаш масалаларига қаратилаётган эътиборнинг ортаётганини англатади. Ушбу йўналишдаги саъй-ҳаракатлар партиямизнинг дастурий вазифаларига, хусусан, “Таълим: замонавий даража ва моддий базани яхшилаш” номли йўналишига мосдир.

Камола Ҳамидова,

Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси аъзоси:

— Жорий йилнинг ўтган 9 ойида давлат бюджети билан боғлиқ харажат ва даромадлар ҳақида гап кетганда, аввало давлат молия тизимида олиб борилаётган ислоҳотларнинг ҳуқуқий асосини янада такомиллаштириш мақсадида ишлаб чиқилган ва шу йилнинг 1 январидан бошлаб кучга кирган Бюджет кодексининг ўрни ҳақида тўхталмасдан бўлмайди. Бюджет жараёнини тартибга солувчи, амалиётдаги мавжуд зиддиятларни ва эскирган нормаларни бартараф этувчи ягона қонун ҳужжати ҳисобланмиш мазкур кодекс асосида амалиётда ўзини оқлаб, ишлаб турган нормаларни, қоидаларни ҳамда бюджет жараёни иштирокчиларининг ваколатлари тизимлаштирилди, шунингдек ривожланган мамлакатларда жорий этилган давлат молиясини бошқаришнинг замонавий усуллари шакллантирилди. Бундай очиқ ва ошкора механизм эса ўз навбатида ижтимоий ҳаётни янада демократлаштириш, аҳолини давлат органлари, биринчи навбатда маҳаллий ҳокимликлар фаолияти борасида маълумотлар билан кенг таъминлаш, бошқарувда ошкоралик, очиқлик ва ҳисобот бериб бориш, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жалб этиш тарафдори ҳисобланмиш партиямизнинг мақсад ва вазифаларига ҳамоҳанг эканлиги билан муҳим аҳамиятга эга.

Умид Жуманиёзов,

Ўзбекистон “Адолат” СДП Фракцияси аъзоси:

— Давлат бюджетининг ҳисобот давридаги ижроси муҳокамаси давомида соғлиқни сақлаш тизимини янада ислоҳ қилиш ва ривожлантириш борасидаги ишлар изчил ва тизимли асосда давом эттирилгани фракциямиз аъзоларининг диққат марказида бўлди. Хусусан, соғлиқни сақлашни ривожлантиришга давлат бюджетидан 3 151,2 млрд. сўм ёки 2013 йилнинг мос даврига нисбатан 18,3 фоиз кўп маблағ харажат қилинган бўлиб, шундан, дори-дармонлар, тиббиётда фойдаланиладиган воситалар, вакциналар ва бактериологик препаратлар ҳарид қилиш учун 77,0 млрд. сўм, озиқ-овқат маҳсулотлари учун 44,6 млрд. сўм маблағ йўналтирилди. Муҳими, амбулатория (профилактика) хизматларига, кўп тармоқли поликлиникалар, марказларга қишлоқ врачлик пунктларига, тез ёрдам ва шошилинч тиббий ёрдам станцияларига ва шу каби бошқа хизматларга йўналтирилаётган маблағларнинг миқёси кенгайгани халқимизга кўрсатилаётган тиббий хизматнинг сифати ва қамрови ортишига сабаб бўлаётгани соғлиқни сақлаш секторини такомиллаштириш ғоясини илгари сураётган партиямиз Сайловолди дастурига мувофиқ эканлиги билан аҳамиятлидир.

Шунингдек, фракция аъзолари Давлат бюджетининг 2013 йил 9 ойлик якуни ижросини муҳокама қилиш жараёнида аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш ва фаровонлигини ошириш, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, аҳоли пунктларини ободонлаштириш, маҳаллий аҳамиятга молик автомобиль йўлларини сақлаш ҳамда шаҳар, шаҳарча ва туманлардаги бошқа инфратузилмаларни қўллаб-қувватлашга йўналтирилган маблағлар ижросига муҳим эътибор қаратдилар.

Қизғин муҳокамалардан сўнг фракция аъзолари Ўзбекистон “Адолат” СДП позицияси нуқтаи-назаридан ўз таклиф ва тавсияларини билдирдилар ҳамда Давлат бюджетининг 2014 йил 9 ойлик якуни ижросини маъқулладилар. Мажлис сўнгида фракциянинг нуқтаи-назари белгилаб олинди.

Кўришлар сони: 12904

Депутатлар минбари

Янгиликлар

24.09.2021
Масофавий тиббий хизматлар сифатини ошириш масаласи муҳокама қилинди

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Инновацион ривожланиш, ахборот сиёсати ва ахборот технологялари ...

24.09.2021
Халқаро нотариуслар иттифоқи вакиллари Қонунчилик палатасида бўлди

Бугун, 24 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатларининг Хал...

24.09.2021
Жарималар миқдори камайтирилмоқда

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида депутатлар ҳайдовчиларга қўшима енгилликлар...

Тадбирлар тақвими