Cайт ранги: A A


Қўмита ва комиссиялар йиғилишлари

ШҲТ Самарқанд саммити: парламент олдидаги вазифалар

ШҲТ Самарқанд саммити: парламент олдидаги вазифалар

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Халқаро ишлар ва парламентлараро алоқалар қўмитаси ҳамда Олий Мажлис ҳузуридаги Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти ҳамкорлигида ўтказилган давра суҳбати шу мавзуга бағишланди.

Таъкидланганидек, жорий йилнинг 15-16 сентябрь кунлари ўтказилган ШҲТнинг Самарқанд саммити халқаро миқёсда улкан воқеа бўлди ва ташкилот тарихида янги даврни бошлаб берди. Самарқанд саммити икки йилдан ортиқ пандемиядан кейин ШҲТ мамлакатлари ва халқлари учун бевосита мулоқот майдони бўлди. Саммитда давлатимиз раҳбари томонидан глобал миқёсдаги кўплаб муҳим ташаббуслар илгари сурилди.

Нуфузли халқаро тадбир доирасида аввалги саммитларга нисбатан рекорд даражада, яъни 44 та тарихий ҳужжат қабул қилинди. Шу жумладан, саммит якунлари бўйича Самарқанд декларацияси имзоланди. Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси, шунингдек Олий Мажлис палаталарига оид конституциявий қонунларга мувофиқ, Қонунчилик палатаси ва Сенатнинг биргаликдаги ваколатларига қонун чиқарувчи ҳокимиятни амалга ошириш, шу жумладан Ўзбекистон Республикаси ички ва ташқи сиёсатининг асосий йўналишларини белгилаш, давлат стратегик дастурларини қабул қилиш, халқаро шартномаларни ратификация ва денонсация қилиш ҳам киради.

Шу муносабат билан, ШҲТ Самарқанд саммитида қабул қилинган ҳужжатлар ижроси миллий парламентимиз, хусусан депутатлар ва сенаторлар зиммасига бир қатор муҳим вазифаларни юклайди.

Хусусан, ШҲТ Самарқанд декларациясида ШҲТга аъзо давлатлар вакиллик органлари (яъни парламентлари) йўналишида алоқаларни йўлга қўйиш, давлат бошқаруви ва ривожланиши соҳасида тажриба алмашишни қўллаб-қувватлаш белгиланганлигидан келиб чиқиб, ШҲТга аъзо давлатларнинг парламентлараро алоқаларини йўлга қўйиш механизмини ишлаб чиқиш, қолаверса Олий Мажлис палаталаридаги ШҲТга аъзо давлатлар парламентлари билан ҳамкорлик бўйича гуруҳлари фаолиятини янада фаоллаштириш алоҳида аҳамият касб этади.

Таъкидланганидек, ШҲТ саммитида қабул қилинган Самарқанд декларацияси ва бошқа ҳужжатларни атрофлича ўрганиб, таҳлил қилиш асосида амалдаги қонунларга тегишли қўшимча ва ўзгартишлар киритиш бўйича таклифлар тайёрлаш муҳим вазифалардан биридир.

Шунингдек, ШҲТга аъзо давлатлар парламентлари ўртасида норма ижодкорлиги, ҳуқуқий ёрдам, аҳолининг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш соҳасида ҳамкорликни ривожлантириш, миллий қонунчилик нормаларини ҳисобга олган ҳолда ҳуқуқий ахборот алмашиш учун онлайн-платформа яратиш бўйича саъй-ҳаракатларни кучайтириш сингари истиқболли чора-тадбирлар ҳам алоҳида аҳамиятга эга.

Саммитда имзоланган ҳужжатлар, давлат раҳбарларининг ўзаро учрашувлари ва музокаралари давомида эришилган келишувларни рўёбга чиқариш жараёнида ШҲТга аъзо давлатларда фаолият юритаётган “ақлий марказ”лар ҳам фаол тарзда, ўзаро ҳамкорликда илмий тадқиқотларни амалга оширишлари тақазо этилади.

Давра суҳбатида қайд этилганидек, бугунги кунда Ўзбекистонда 20 га яқин турли соҳа ва йўналишларда “ақлий марказ”лар фаолият олиб бормоқда. Улар орасида Олий Мажлис ҳузуридаги Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти ҳам қонун ижодкорлиги ва парламентаризм соҳаларида ўрта ва узоқ истиқболга мўлжалланган илмий тадқиқотларни амалга ошириб келмоқда.

Муҳокамаларда миллий парламент ва унинг ҳузуридаги Институт олдида турган вазифалар ҳамда уларни амалга оширишнинг аниқ механизмлари белгилаб олинди. Бу борадаги амалий чора-тадбирлар ва улар билан боғлиқ бошқа масалалар атрофлича кўриб чиқилди.

Тадбирда Институт томонидан тайёрланган “Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар парламентлари” номли тўплам тақдимоти ҳам ўтказилди.

Таъкидланганидек, ҳозирги кунда ер юзининг улкан географик ҳудудини ҳамда сайёрамиз аҳолисининг қарийб ярмини бирлаштирган ШҲТ фаолиятига қизиқиш тобора ортиб бормоқда. Нафақат ШҲТ таркибий тузилмаси, унинг фаолияти мазмуни ва асосий йўналишлари, балки ташкилот таркибидаги саккиз мамлакат – Ўзбекистон, Ҳиндистон, Хитой, Россия, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Покистон давлатларининг сиёсий ва ҳуқуқий тизимлари халқаро, хорижий ва миллий сиёсатшунослар, ҳуқуқшунослар, қолаверса соҳа олимлари ва илмий тадқиқотчилар эътиборини тортиб келмоқда.

Шу боис, тўпламда минтақавий ва халқаро ҳамкорликнинг универсал институти сифатида намоён бўлаётган, турли маданият ва цивилизация шакллари, ташқи сиёсий йўналишлари ва миллий ривожланиш моделлари билан бирлаштиришга муваффақ бўлган халқаро минтақавий ташкилот – ШҲТга аъзо мамлакатларнинг парламент тизими хусусидаги батафсил маълумотлар ўз ифодасини топган.

Тўпламда асосий эътибор олий вакиллик органларининг ҳуқуқий мақоми, уларнинг тузилиши ва ваколат муддати масалаларига қаратилган бўлиб, депутатлар корпусини шакллантириш тартиби ва депутатлар дахлсизлиги, шунингдек, қўмиталар ва бошқа парламент органларининг ишлаш тартиби баён қилинган.

Давра суҳбати якунида кун тартибидаги масалалар юзасидан таклифлар ва тавсиялар ишлаб чиқилди.


Кўришлар сони: 543

Депутатлар минбари

Янгиликлар

02.12.2022
Муҳим масалалар муҳокама қилинди

Олий Мажлис Қонунчилик палатасида Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар қўмитаси аъзолари ҳамда Халқаро...

02.12.2022
Конституция ва жамоатчилик назорати

Конституциямиз мамлакатимизнинг асрий қадриятлари ва анъаналари, миллий қонунчилик ва менталитетини...

02.12.2022
Миллий марказда БМТ Хавфсизлик кенгаши Аксилтеррор қўмитаси экспертлари билан учрашув бўлди

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари Акмал Саидов БМТ Хавфсизлик кенгаши...

Тадбирлар тақвими