Cайт ранги: A A


Қўмита ва комиссиялар йиғилишлари

Тиббиётдаги ислоҳотлар инсон қадри учун

Тиббиётдаги ислоҳотлар инсон қадри учун

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Фуқароларнинг соғлиғини сақлаш масалалари қўмитаси томонидан энг улуғ, энг азиз байрам — мамлакатимиз мустақиллигининг 31 йиллигига бағишлаб “Тиббиётдаги ислоҳотлар инсон қадри учун” мавзусида давра суҳбати ўтказилди.

Унда парламент қуйи палатаси депутатлари, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Тошкент шаҳар соғлиқни сақлаш тизими муассасалари масъул ходимлари ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этди.

Тадбирда мустақиллик йилларида мамлакатимизда соғлиқни сақлаш соҳасини ислоҳ қилиш, тиббиёт муассасаларининг ресурслар салоҳиятини яхшилаш, тиббий хизмат кўрсатиш сифат ва самарадорлигини янада юксалтириш, халқимизга сифатли тиббий хизмат кўрсатишга қаратилган изчил ислоҳотлар амалга оширилиб, бу борада салмоқли ишлар қилингани таъкидланди.

Айниқса, сўнгги беш-олти йилда Президентимиз раҳбарлигида мамлакатимизда соғлиқни сақлаш тизимининг барча даражасида тиббий хизмат кўсатиш кўламини кенгайтириш ва сифатини оширишга алоҳида эътибор берилиб, 2017-2022 йиллар давомида соҳага доир 10 та қонун, давлатимиз раҳбарининг 22 та фармони, 8 та фармойиши, 97 та қарори қабул қилингани қайд этилди.


Таъкидланганидек, мустақиллик йилларида ушбу соҳада бир қатор ижобий натижаларга эришилди. Бугунги кунда юртимизда тиббиёт соҳаси, унинг фаолият мазмуни тубдан ўзгармоқда. Энг аввало, бирламчи тиббий-санитария ёрдами кўрсатиш сифати ва самарадорлиги, соғлом турмуш тарзи янги босқичга кўтарилди. Кўп тармоқли поликлиника ва касалхоналарнинг моддий-техник базаси, кадрлар салоҳияти мустаҳкамланмоқда.

Ҳаётга татбиқ этилаётган ислоҳотлар туфайли 130 турдаги жарроҳлик амалиётлари вилоят шифохоналарида, 60 тури эса туманларда биринчи марта йўлга қўйилди. Сўнгги беш йилда 200 турдаги янги жарроҳлик амалиёти жорий этилиб, буйрак ва жигар трансплантацияси республикамиз шифохоналарида йўлга қўйилди.

Тез тиббий ёрдам тизими мутлақо янги инновацион, сифат жиҳатдан юксак, барча халқаро талабларга тўлиқ жавоб берадиган соҳага айлантирилди. Айниқса, юқори талаб ва мезонларга мос ихтисослаштирилган вилоят шифохоналари, уларнинг шаҳар ҳамда туман бўлимлари қошидаги тез тиббий ёрдам хизмати бўлимларида бутунлай янгича тизим шакллантирилди.

Шу билан бирга, болаларга кўрсатилаётган тиббий ёрдамнинг сифат ва самарадорлигини оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Тошкент шаҳрида қад ростлаган Болалар миллий тиббий маркази бу борада айни муддао бўлди. Ҳозирда бу ерда энг замонавий тиббий жиҳозлар орқали юқори технологияли диагностика ишлари бажариляпти. Энг мураккаб операциялар муваффақиятли ўтказилмоқда.


Тадбирда сўз олганлар сўнгги йилларда Президентимиз бошчилигида аҳолини сифатли ва малакали тиббий хизмат билан таъминлаш борасида амалга оширилган ишларга алоҳида тўхталиб, соҳада ҳаётга татбиқ этилаётган кенг кўламли ислоҳотларни бугун мамлакатимизнинг ҳар бир фуқароси ўз ҳаётида, турмуш тарзида чуқур ҳис этаётганини қайд этишди.

Турли замонавий тиббий техника воситалари билан жиҳозланган Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази ва унинг ҳудудлардаги филиалларида турли мураккаб жарроҳлик амалиётлари ўтказилаётгани таъкидланди.

Якунда аҳоли саломатлигини асраш, сифатли тиббий хизмат кўрсатишни такомиллаштириш бўйича Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳамда манфаатдор вазирлик ва идоралар олдида турган долзарб вазифалар юзасидан тегишли тавсиялар ишлаб чиқилди.


Кўришлар сони: 168

Депутатлар минбари

Янгиликлар

24.09.2022
Ички ишлар ва Миллий гвардия органларининг ваколатлари кенгайтирилади

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси томонидан “Экология...

23.09.2022
ШҲТ Самарқанд саммити: парламент олдидаги вазифалар

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Халқаро ишлар ва парламентлараро алоқалар қўмитаси ҳамда Олий...

23.09.2022
Вазирлик ахбороти қандай баҳоланди?

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитаси томонидан Бандлик ва меҳнат...

Тадбирлар тақвими