Cайт ранги: A A


Қўмита ва комиссиялар йиғилишлари

Тараққиёт стратегияси лойиҳаси муҳокама қилинди

Тараққиёт стратегияси лойиҳаси  муҳокама қилинди

Жорий йилнинг 12 январь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасида Мудофаа ва хавфсизлик масалалари ҳамда Халқаро ишлар ва парламентлараро алоқалар қўмиталари ҳамкорлигида «Янги Ўзбекистоннинг 2022–2026 йилларга мўлжалланган тараққиёт стратегияси тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Президенти фармони лойиҳаси муҳокамасига бағишланган давра суҳбати бўлиб ўтди.

Тараққиёт стратегияси лойиҳаси Ўзбекистон Республикасини
2017–2021 йилларда ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясининг мантиқий давоми бўлиб, ўтган беш йил давомида Ҳаракатлар стратегияси доирасида давлат ва жамият ҳаётининг барча соҳаларини тубдан ислоҳ этишга қаратилган 300 га яқин қонун, 4 мингдан зиёд Президент қарор ва фармони қабул қилинди. Шу билан биргаликда, инсон ҳуқуқларини таъминлаш, давлат органларининг ҳисобдорлиги ва очиқлигини кучайтириш ҳамда фуқаролик жамияти институтлари, оммавий ахборот воситаларининг роли, аҳоли ва жамоат бирлашмаларининг сиёсий фаоллигини ошириш бўйича тизимли ишлар амалга оширилди.

Тараққиёт стратегияси лойиҳасида «Инсон манфаатлари ҳамма нарсадан устун» умумий тамойилини бирлаштирувчи 7 та устувор йўналиш белгиланган. Инсон қадрини юксалтириш ва эркин фуқаролик жамиятини янада ривожлантириш орқали халқпарвар давлат барпо этиш, миллий иқтисодиётни ривожлантириш, унинг ўсиш суръатларини замон талаблари даражасида таъминлаш, адолатли ижтимоий сиёсат юритиш, инсон капиталини ривожлантириш шулар жумласидандир.

Ҳужжат лойиҳасида барча соҳалар қатори мамлакатимиз хавфсизлиги ва мудофаа салоҳиятини кучайтириш, очиқ, прагматик ва фаол ташқи сиёсат олиб боришга қаратилган кенг кўламли мақсад ва вазифалар белгиланмоқда. Хусусан, Тараққиёт стратегияси лойиҳасининг «Мамлакатимиз хавфсизлиги ва мудофаа салоҳиятини кучайтириш, очиқ ва прагматик, фаол ташқи сиёсат олиб бориш» деб номланган 7-йўналиши айнан шу масалаларга бағишланган.

Тадбир давомида Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси аъзолари томонидан Тараққиёт стратегияси лойиҳасида Ўзбекистон Республикаси қуролли кучлари ҳарбий хизматчилари, уларнинг оила аъзоларининг ижтимоий ҳимоясини ҳар томонлама кучайтириш, ижтимоий қўллаб-қувватлаш ва уларга кўрсатилаётган тиббий таъминот сифатини янада ошириш, ахлоқий-руҳий таъминотни ва ҳарбий психологлар институтини янада такомиллаштириш ҳамда ҳарбий хизматчиларнинг жанговар руҳиятини ошириш бўйича чора-тадбирлар белгиланганлиги алоҳида таъкидлаб ўтилди.

Бундан ташқари, Тараққиёт стратегияси лойиҳасида мамлакатимизнинг мудофаа қобилияти, қуролли қучларнинг жанговар қудрати ва салоҳиятини мустаҳкамлаш, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари фаолиятини такомиллаштириш, жисмонан соғлом, манан етук ва ватанга содиқ ҳамда қатъий ҳаётий нуқтаи назарга эга ёшларни тарбиялаш устувор вазифалар сифатида белгиланганлиги, бундан ташқари Мудофаа вазирлиги ҳарбий қисм ва муассасаларда мавжуд хотин-қизлар ва ҳарбий хизматчиларнинг оила аъзолари билан ишлаш бўйича етакчи мутахассисларини иш фаолиятини самарадорлигини ошириш ҳамда ёшларни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялаш тадбирларини янада кучайтиришга катта эътибор қаратилаётганлигига алоҳида тўхталиб ўтилди.

Давра суҳбати давомида Халқаро ишлар ва парламентлараро алоқалар қўмита аъзолари томонидан Тараққиёт стратегияси лойиҳасидла мамлакатнинг халқаро муносабатлардаги тенг ҳуқуқли субъект сифатидаги ролини оширишга алоҳида эътибор қаратилганлиги таъкидланди. Бу борада ҳамкор мамлакатлар билан ҳамда халқаро ташкилотлар доирасида минтақавий ва глобал масалалар бўйича мувозанатли, доимий мулоқот олиб бориш, улар билан икки ва кўп томонлама учрашувлар ўтказиш, сиёсий, иқтисодий ва маданий соҳаларда ҳамда турли даражадаги маслаҳатлашувларни ташкил этиш, йирик тадбирларда минтақавий ва халқаро масалалар бўйича Ўзбекистон позицияси ҳамда умумжаҳон миқёсидаги ташаббусларини илгари суриш мақсади қўйилаётганлиги ҳам алоҳида таъкидлаб ўтилди.

Шунингдек, ташқи сиёсатда яна бир муҳим вазифалардан бири Марказий Осиёда хавфсизлик, савдо-иқтисодий, сув, энергетика, транспорт ва маданий-гуманитар соҳалардаги яқин ҳамкорликни сифат жиҳатидан юқори босқичга олиб чиқишдир. Бунинг доирасида Марказий Осиё давлатлари билан олий даражадаги мулоқот ва икки томонлама ҳамкорликнинг барча форматдаги механизмлари асосида йиғилишларни ташкил этиш, Марказий Осиё бўйича минтақавий ҳамкорлик стратегиясини ишлаб чиқиш ишларини бошлаш каби қатор муҳим масалаларга урғу берилди.

Тараққиёт стратегияси лойиҳасида мамлакатимизнинг ташқи алоқалари географиясини кенгайтириш, иқтисодий дипломатияни кучайтириш, БМТ органлари ва институтлари, глобал ва минтақавий иқтисодий, молиявий ва гуманитар ташкилотлардаги фаолиятни кучайтириш, ташқи сиёсий ва ташқи иқтисодий фаолиятнинг норматив-ҳуқуқий базасини ҳамда халқаро ҳамкорликнинг шартномавий-ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш, Ўзбекистон Республикасининг хориждаги дипломатик ваколатхоналари ва консуллик муассасалари томонидан Ўзбекистоннинг чет эллардаги фуқароларига хизмат кўрсатиш тизимини такомиллаштириш, халқаро миқёсидаги масалаларни ечишда парламент дипломатияси катта аҳамият касб этишини инобатга олиб, парламент дипломатиясини кучайтириш, хорижий давлатлар билан ҳамкорлик масалаларида ҳар йиллик дастурларни қабул қилиш ва уларнинг ижросини қатъий назоратга олиш амалиётини жорий этиш каби муҳим вазифалар белгиланганлигига алоҳида эътибор қаратилди.

Қизғин муҳокамага бой бўлган давра суҳбати якунида «Янги Ўзбекистоннинг 2022–2026 йилларга мўлжалланган тараққиёт стратегияси тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Президенти фармони лойиҳаси юзасидан тадбир иштирокчиларининг билдирилган муносабати ва фикр-мулоҳазаларидан келиб чиққан ҳолда қўмиталарнинг тегишли таклифлари ишлаб чиқилди ва қўшма қарори қабул қилинди.



Кўришлар сони: 113

Депутатлар минбари

Янгиликлар

15.01.2022
Халқимиз манфаатларига хизмат қиладиган таклифлар илгари сурилди

Жамоатчилик муҳокамасига қўйилган “Янги Ўзбекистоннинг 2022-2026 йилларга мўлжалланган тараққиёт...

15.01.2022
Қўмитанинг 2021 йил якунлари бўйича фаолияти сарҳисоб қилинди

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Фан, таълим, маданият ва спорт масалалари қўмитаси томонидан...

14.01.2022
Тараққиёт стратегияси:75 минг гектар интенсив боғ ва янги узумзорлар барпо этилади

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Аграр ва сув хўжалиги масалалари қўмитаси “Янги Ўзбекистоннинг...

Тадбирлар тақвими