Cайт ранги: A A


Қўмита ва комиссиялар йиғилишлари

Қурилиш тармоғини жадал ва инновацион ривожлантириш борасида қандай ишлар амалга оширилмоқда?

Қурилиш тармоғини жадал ва инновацион ривожлантириш борасида қандай ишлар амалга оширилмоқда?

2021 йил 23 ноябрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Саноат, қурилиш ва савдо масалалари қўмитаси томонидан Қурилиш вазирлигининг “Ўзбекистон Республикаси қурилиш тармоғини модернизация қилиш, жадал ва инновацион ривожлантиришнинг 2021-2025 йилларга мўлжалланган стратегияси доирасида амалга оширилган ишлар тўғрисида”ги ахбороти эшитилди.

Унда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, Қурилиш вазирлиги мутасаддилари ҳамда ОАВ вакиллари қатнашди.

Эшитувда таъкидланганидек, кейинги йилларда мамлакатимизда қурилиш тармоғини янада такомиллаштириш, қурилиш органлари ва муассасаларини изчил ривожлантириш механизмларини шакллантириш, давлат бошқаруви тизимининг самарадорлигини таъминлаш, соҳага рақамли технологияларни жорий этиш бўйича изчил ислоҳотлар амалга оширилмоқда.

Соҳадаги ишларни янги босқичга олиб чиқишга қаратилган давлатимиз раҳбарининг “Ўзбекистон Республикаси қурилиш тармоғини модернизация қилиш, жадал ва инновацион ривожлантиришнинг 2021-2025 йилларга мўлжалланган стратегиясини тасдиқлаш тўғрисида”ги Фармони имзоланди.

Стратегияда 2025 йил охирига бориб “Бизнес юритиш” халқаро индексида (Doing Business Index) “қурилишга рухсатномалар олиш” (Dealing with Construction Permits) йўналиши бўйича республиканинг позициясини яхшилаш, геологик, табиий-иқлим, сейсмологик ва бошқа хусусиятларини инобатга олган ҳолда 2025 йилга бориб миллий шаҳарсозлик нормалари ва қоидаларини халқаро норматив ва стандартлар билан уйғунлаштиришга эришиш ҳамда 2025 йилга бориб шаҳарларнинг барчасини ва шаҳар посёлкаларининг 25 фоизини бош режалар билан қамраб олиш мақсад қилинган.

Қайд этилганидек, Стратегияда белгиланган вазифалар ижроси доирасида 2021 йил 1 мартдан бошлаб, икки қаватдан юқори, баландлиги ер юзасидан 12 метрдан ва умумий майдони 500 квадрат метрдан ортиқ бўлган бино ва иншоотларни, шу жумладан якка тартибдаги уй-жойларни қуриш ҳамда реконструкция қилиш объектнинг лойиҳа ҳужжатлари мажбурий экспертизадан ўтказилган ҳамда объектнинг Қурилиш вазирлиги қошидаги қурилиш соҳасида ҳудудий назорат инспекциялари томонидан давлат қурилиш назорати ўрнатилган ҳолда амалга ошириш тартиби жорий қилинди.

Хусусан, бугунги кунгача 123 та шаҳарсозлик хужжати жамоатчилик муҳокамасига киритилган бўлиб, шундан 109 таси муҳокамадан ўтган. Шунингдек, аҳоли пунктларининг бош режаларига оммавий ҳужжат мақомини беришда “Шаффоф қурилиш” миллий ахборот портали тизими доирасида “Геопортал” ахборот тизими яратилган. Бош режалар ушбу ахборот тизимига жойлаб борилмоқда.

Бугунги кунда геопорталги юртимиздаги 213 та шаҳар ва шаҳарчаларнинг Бош режалари, 595 та ҳудудларни архитектуравий режалаштиришни ташкиллаштириш лойиҳалари, 16 та ҳудуднинг батафсил режалаштириш лойиҳалари, жами 824 та шаҳарсозлик ҳужжати киритилган бўлиб, фуқаролар ва тадбиркорлар ушбу шаҳарсозлик ҳужжатлари билан бевосита геопортал орқали эркин танишишлари мумкин.

Стратегияни амалга ошириш доирасида қурилиш соҳасида электрон давлат харидларини ўтказиш тартиби тўғрисидаги вақтинча низом Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 5 февралдаги қарори билан тасдиқланди. Мазкур қарор талаблари асосида жорий йилдан бошлаб биринчи марта тендерларни онлайн электрон тизим орқали ўтказиш йўлга қўйилди. Жорий йилда қурилиш соҳасига оид 12 та шаҳарсозлик норма ва қоидалари янгиланди.

Қурилиш вазирлиги маълумот беришича, фуқароларга қурилаётган объектлар тўғрисида мустақил равишда ахборот олиш, ноқонуний қурилишларни аниқлаш, қурилиш объектларидаги қоидабузарликларни қайд этиш ва уларни қурилиш соҳасидаги назорат бўйича ваколатли органларга юбориш имконини берувчи “Огоҳ фуқаро” тизими тест режимда ишга туширилди.

Шунингдек, шаҳарсозлик фаолиятини техник жиҳатдан тартибга солишга доир норматив ҳужжатлар, шу жумладан хорижий норматив ҳужжатлар илмий-техник кутубхонаси ташкил қилинди. Кутубхонада қурилиш соҳасига доир 2046 та адабиёт хатловдан ўтказилди ва уларнинг электрон рўйхати шакллантирилди.

Илмий-техник кутубхона негизида “Қурилиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар” маълумотлар базаси яратилиб, 54 та норматив ҳужжатларнинг электрон шакли www.shnk.uz расмий веб-саҳифасига очиқ фойдаланиш учун жойлаштирилган.

Эшитувда депутатлар шаҳарсозлик ҳужжатларини ишлаб чиқиш тартибларини такомиллаштириш, соҳада маъмурий тартиб-таомилларни соддалаштириш, қурилиш ишлар сифатини ошириш, шаҳарсозлик фаолиятини рақамлаштириш, соҳани малакали мутахассислар билан тўлдириш бўйича бир қатор таклифлар бердилар.

Тадбирда кун тартибидаги масала юзасидан келгусида амалга оширилиши лозим бўлган вазифалар белгилаб олинди ва тегишли қарор қабул қилинди.


Кўришлар сони: 162

Депутатлар минбари

Янгиликлар

04.12.2021
Конституция — фуқароларнинг саломатлигини муҳофаза қилишнинг мустаҳкам кафолати

Таъкидланганидек, юртимизда ҳар бир инсон малакали тиббий хизматдан фойдаланиш ҳуқуқига эга эканли...

04.12.2021
Экологик барқарорликни таъминлашнинг ҳуқуқий кафолати

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон Экологик партияси фракцияси ҳамда Экология ва атроф...

03.12.2021
Органик маҳсулотлар ишлаб чиқаришнинг ҳуқуқий асослари яратилмоқда

Бугунги кунда мамлакатимизда органик маҳсулотлар ишлаб чиқариш соҳасидаги масалаларни тартибга солувчи...

Тадбирлар тақвими