Cайт ранги: A A


Қўмита ва комиссиялар йиғилишлари

Энди фуқаролар давлат органлари ва ташкилотларига видеоконференцалоқа орқали ҳам мурожаат қилиши мумкин

Энди фуқаролар давлат органлари ва ташкилотларига видеоконференцалоқа орқали ҳам мурожаат  қилиши мумкин

Инсонларнинг дарду ташвишларини ўйлаб яшаш, уларни ўйлантираётган масалаларга ижобий ечим топиш – одамийликнинг энг олий мезони саналади. Кейинги пайтда одамларни рози қилиш йўлидаги залворли ишлар айнан ана шундай эзгу ва ҳаётбахш ғоялар асосида олиб борилиб, қанчадан-қанча масалалар ўз ечимини топганини кўряпмиз, гувоҳи бўляпмиз.

Лекин бугун даврнинг ўзи замон билан ҳамқадам бўлиш, керак бўлса, ундан бир қадам илгари одимлашни тақозо этмоқда. Шу маънода, айни вақтда барча соҳаларда бўлгани каби мазкур муҳим йўналишда ҳам ўтган қисқа даврда орттирилган ижобий тажрибаларни янада такомиллаштириш, уни мазмун жиҳатдан ривожлантириш ғоят муҳимдир.

Чунки аҳоли мурожаатлари билан ишлаш, уларни қийнаб келаётган муаммоларни аниқлаш ва бартараф этиш бўйича олиб борилаётган ишлар таҳлил қилинганда бир қатор камчиликлар мавжуд экани маълум бўлди.

Ана шу жиҳатларни эътиборга олган ҳолда Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг бир гуруҳ депутатлари ташаббуси билан “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди.

Бугун, 13 октябрь куни Қонунчилик палатасининг Демократик институтлар, нодавлат ташкилотлар ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари қўмитаси томонидан мазкур қонун лойиҳасини дастлабки тарзда кўриб чиқишга бағишланган ишчи гуруҳ йиғилиши ўтказилди.

Унда қуйи палата депутатлари, Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим, Соғлиқни сақлаш, Халқ таълими, Мактабгача таълим вазирликлари масъуллари ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этди.

Хўш, мазкур қонун лойиҳасини ишлаб чиқишга нима зурурат туғилди? Мурожаатлар билан ишлашнинг амалдаги тизими аҳолининг мавжуд муаммоларини тўлиқ қамраб олиш ва тезкорлик билан ҳал қилиш имконини бермади(ми?)

Депутатларнинг айтишича, амалдаги “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни 2014 йил 3 декабрда қабул қилинган. Унда жамоавий мурожаатга тариф берилмаган, қонун лойиҳасида жамоавий мурожаат бир ёки бир нечта масала бўйича учдан кам бўлмаган шахснинг мурожаати деб очиб берилмоқда. 

–Бугун “халқ давлат органларига эмас, балки давлат органлари халқимизга хизмат қилиши керак” деган эзгу тамойил давлатимиз сиёсатининг устувор йўналиши этиб белгиланган, – дейди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Мавжуда Ҳасанова. – Айниқса, жойларда барча даражадаги раҳбарлар билан жонли мулоқотлар ва сайёр қабуллар йўлга қўйилгани одамларда муаммоларини ҳал қилиш мумкинлигига катта умид ва ишонч уйғотди. Аммо ҳозирги давр мурожаатлар билан ишлашда янгича тизимда ишлашни тақозо этаётгани сабабли бир гуруҳ депутатлар ташаббуси билан мазкур қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди.

Қайд этилганидек, мазкур қонун лойиҳасини ишлаб чиқишда хорижий тажрибалар, хусусан, “Фуқароларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги Беларусь, Қирғизистон, Озарбайжон Республикаларининг ушбу соҳани тартибга солувчи қонун нормалари ўрганиб чиқилган. Қонун лойиҳасига кўра, “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги қонуннинг 3, 9, 13, 21, 231, 241–моддаларига қўшимча ва ўзгартиришлар киритилмоқда.

2020 йил юртимизга кириб келган коронавирус пандемияси туфайли кўп ташкилотлар масофадан ишлаш тизимига ўтган эди. Қонун лойиҳасида фуқароларни видеоконференцалоқа орқали қабул қилиш тартиби киритилмоқда. Бу ўз навбатида, икки томонлама мулоқотни йўлга қўйишга имконият беради.

Йиғилишда қонун лойиҳаси ишчи гуруҳ томонидан қизғин муҳокама этилиб, депутатлар томонидан келиб тушган таклифлар асосида янада такомиллаштириладиган бўлди.


Кўришлар сони: 217

Депутатлар минбари

Янгиликлар

27.10.2021
Ҳар бир мурожаат қонуний ечим топиши керак

Халқ билан мулоқот. Кейинги йилларда мамлакатимизда халқ билан мулоқот қилиш, мурожаатлар билан ишла...

27.10.2021
A.Саидов Буюк Британия парламенти Лордлар палатаси аъзоси Б.Сатти билан учрашди

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари Aкмал Саидов 27 октябрь куни Буюк...

27.10.2021
Спикер Н. Исмоилов Президент сайловининг эълон қилинган якунларига баҳо берди

Ўзбекистон халқи жамиятимизда рўй бераётган шаҳдам ва давомли ютуқларни, кўламдор ижобий ўзгаришларни,...

Тадбирлар тақвими