Cайт ранги: A A


Қўмита ва комиссиялар йиғилишлари

Жазони ижро этиш муассасалари парламент назоратида

Жазони ижро этиш муассасалари парламент назоратида

Жорий йилнинг 17 сентябрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитасининг йиғилиши бўлиб ўтди.

Унда Вазирлар Маҳкамасининг Ҳарбийлаштирилган тузулмаларнинг фаолиятини молиявий ва моддий техник таъмирлаш бўлими, Ички ишлар вазирлиги Жазони ижро этиш департаменти, Бош прокуратура ва Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий Марказнинг масъул ходимлари ҳамда Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) иштирок этди.

Йиғилишда Ички ишлар вазирлиги тизимидаги жазони ижро этиш муассасаларида маҳкумларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилинишини таъминлашга қаратилган қонун ҳужжатларнинг ижросини ўрганиш якунлари муҳокама қилинди.

Таъкидланганидек, сўнгги йилларда мамлакатимизда шахснинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш, унинг шаъни ва қадр-қимматини ҳурмат қилиш соҳасида халқаро стандартлар ва илғор хорижий тажрибани жорий этишга қаратилган бир қатор қонун ҳужжатлари қабул қилинди. Ушбу ҳужжатлар асосида Ички ишлар вазирлиги тизимидаги жазони ижро этиш муассасаларида маҳкумларнинг ҳуқуқий ҳолати белгиланган бўлиб, уларнинг ҳуқуқ ва эркинликларига риоя этиш, шаъни ва қадр-қимматини ҳурмат қилишга қаратилган комплекс чора-тадбирлар қабул қилинди.

Ўзбекистонда олиб борилаётган демократик ислоҳотларни статистик маълумотлар билан изоҳлаш ва мамлакатимизнинг халқаро рейтинглардаги ўрнини аниқ ифода этилишини таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 22 майдаги тегишли қарорига мувофиқ махфий ҳисобланган айрим маълумотлар очиқ маълумотлар рўйхатига киритилди.

Охирги беш йилда Президентимиз бошчилигида амалга оширилган ислоҳотлар натижасида ижтимоий хавфи ҳамда унча оғир бўлмаган жиноятларни содир этиб, жазо муддатини ўтаётган шахсларга илк маротаба сайлаш ҳуқуқи берилди. Умумий, қаттиқ, махсус, турма тартибли ва тарбия муассасаларида сақланаётган шахсларнинг яқин қариндошлари билан телефон сўзлашувлари, учрашувлари ҳамда жўнатма қабул қилишлари сони қарийб икки баробар кўпайтирилди.

Шунингдек, озодликдан маҳрум этишга ҳукм қилинган шахсларнинг розилиги билан уларга психологик ёрдам кўрсатилиши ҳамда руҳий ҳолати бузилган вақтда содир этилган тартиббузарлиги учун интизомий жазо чоралари қўлланилмаслиги кафолатланди. Манзил-колонияларда жазо муддатини ўтаётганларнинг пенсия олиш ҳуқуқлари қонун билан белгиланди.

Жиноят-ижроия кодексига жазо муддатини ўтаётган шахсларни рағбатлантириш чораларини қўллаш тартибини белгиловчи янги норма киритилиб, маҳкумларнинг жазо муддатини ўташ давомида шахсий хавфсизлигини таъминлашга қаратилган чоралар кенгайтирилди.

Қувонарли томони, маҳкумларнинг илтимосига кўра узоқ муддатли учрашув қисқа муддатли учрашувга ёки масофали видео-учрашувга ёхуд телефон орқали сўзлашувга, қисқа муддатли учрашув эса масофали видео-учрашувга ёки телефон орқали сўзлашувга алмаштирилиши йўлга қўйилди. Жазо муддатини ўтаётган шахсларнинг олис масофадан келувчи яқин қариндошлари оворагарчилигига барҳам бериш мақсадида масофали учрашув хоналари тайёрланди.

Энг муҳими, Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман)га жазони ижро этиш колонияларига ҳеч қандай монеликсиз кириш ҳуқуқи берилди. Жазо муддатини ўтаётган шахсларнинг мавжуд муаммоларини ўрганиш ва ижобий ҳал қилиш мақсадида Жазони ижро этиш департаменти раҳбарияти томонидан сайёр қабуллар ўтказилиши йўлга қўйилган.

Шу билан бирга, жазони ижро этиш муассасаларида Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман)га, прокурорга мурожаатлари, ариза ҳамда шикоятлари учун мўлжалланган алоҳида почта қутилари ўрнатилган. Қонунларга риоя этилиши прокуратура идоралари ва Омбудсман томонидан мунтазам равишда мониторинг қилиб борилмоқда.

Йиғилишда жазони ижро этиш муассасаларида шахсга нисбатан қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турларини қўллаш билан боғлиқ қилмишлар содир этилишининг олдини олиш бўйича самарали механизмлар жорий қилиш борасидаги ишларга алоҳида тўхталиб ўтилди.

Ички ишлар вазирлиги тақдим этган маълумотларга кўра, мамлакатимизда мавжуд бўлган 54 та жазони ижро этиш колонияларидан 18 таси ёпиқ турдаги, 25 таси манзил колония ва 11 таси тергов ҳибсхоналаридир. Жазони ижро этиш тизимида 29 мингдан ортиқ, шундан 7 мингдан ортиғи манзил колонияда, 22 мингдан ортиқ маҳкумлар бошқа турдаги колонияларда жазо муддатини ўтамоқда.

Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакил (Омбудсман) томонидан 2020 йил ва 2021 йилнинг 1-чорак давомида жазони ижро этиш муассасаларида ўтказилган мониторинг тадбирлари натижалари, маҳкумлардан келиб тушган мурожаатлар,  Бош прокуратура томонидан жазони ижро этиш муассасаларида ўтказилган назорат тадбирлари ҳамда Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси аъзоларининг жойлардаги ўрганишлари якунлари муҳокама қилинди.

Соҳада йўл қўйилган хато ва камчиликлар, унинг келиб чиқиш сабаблари, йўл қўйилган хатоликларни бартараф этиш бўйича кўрилган чоралар танқидий кўриб чиқилган ҳолда, қийноқларнинг олдини олиш бўйича Омбудсман ваколатларини кенгайтириш, жамоатчилик назоратини кучайтириш юзасидан муҳим таклифлар билдирилди.

Муҳокамалар якунида жазони ижро этиш тизимида инсонпарварлик тамойилини кенг қўллаш, жазони ижро этиш соҳасида қийноқларнинг олдини олиш тизимини тубдан такомиллаштириш, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш, қонун устуворлигини таъминлашда қўмита ва мутасадди ташкилотлар олдида турган вазифалар белгилаб олинди.

Йиғилиш якунида кун тартибидаги масалалар юзасидан қўмитанинг тегишли қарори қабул қилинди.


Кўришлар сони: 213

Депутатлар минбари

Янгиликлар

27.10.2021
A.Саидов Буюк Британия парламенти Лордлар палатаси аъзоси Б.Сатти билан учрашди

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари Aкмал Саидов 27 октябрь куни Буюк...

27.10.2021
Спикер Н. Исмоилов Президент сайловининг эълон қилинган якунларига баҳо берди

Ўзбекистон халқи жамиятимизда рўй бераётган шаҳдам ва давомли ютуқларни, кўламдор ижобий ўзгаришларни,...

26.10.2021
Бола ҳуқуқлари кафолати мустаҳкамланмоқда

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Демократик институтлар, нодавлат ташкилотлар ва фуқароларнинг ўзини...

Тадбирлар тақвими