Cайт ранги: A A


Қўмита ва комиссиялар йиғилишлари

Трансплантация хизматидан фойдаланиш имконияти ошади

Трансплантация хизматидан фойдаланиш  имконияти ошади

Академик В.Воҳидов номидаги республика ихтисослаштирилган хирургия илмий-амалий тиббиёт марказида Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Фуқароларнинг соғлиғини сақлаш масалалари қўмитаси томонидан “Трансплантология соҳасини ривожлантиришнинг ҳуқуқий асослари” мавзусида давра суҳбати ўтказилди.

Тегишли соҳа вакиллари, депутатлар, соғлиқни сақлаш вазирлиги масъуллари, мутахассислар ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этган тадбирда ихтисослашган тиббий хизмат кўрсатиш, жумладан, хирургия соҳасида олиб борилаётган ислоҳотлар хусусида сўз юритилди.

Таъкидланганидек, сўнгги йилларда мамлакатимизда Президентимиз раҳнамолигида соғлиқни сақлаш тизимини янада такомиллаштириш бўйича амалга оширилаётган ислоҳотлар доирасида ушбу хизмат кўлами кенгайиб, бугунги кунда мамлакатимизда йилига 750 мингта жарроҳлик амалиёти бажарилмоқда. Тиббиёт муассасалари замонавий тиббий жиҳозлар билан таъминланиб, жаҳон тиббиёти ютуқларини миллий тиббиётимизга интеграция қилиш натижасида республика марказларида қилинадиган операциялар тури 350 тага, вилоят марказларида 130 тага, туман шифохоналарида 60 тага етган, 32 та шифохоналарда эндоваскуляр хирургия бўлимлари ташкил этилган.

Академик В.Воҳидов номидаги республика ихтисослаштирилган хирургия илмий-амалий тиббиёт маркази бу йўналишдаги асосий муассасадир. Ҳудудларда эса унинг  филиаллари фаолият юритмоқда.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев шу йилнинг 13 сентябрь куни мамлакатимизда хирургия хизматини трансформация қилишга оид тақдимот билан танишиш чоғида соҳада амалга оширилаётган ишлар, эришилган натижалар, қўлга киритилган ютуқлар билан бирга тизимдаги камчиликлар, мавжуд муаммолар ва уларни ҳал этиш чоралари ҳақида сўз юритиб, бунинг учун зарур шароит яратиш бўйича мутасаддиларга кўрсатмалар берди.

Давлатимиз раҳбари хирургиянинг бугун энг керакли йўналишлардан бири – органлар трансплантациясига алоҳида тўхталиб, илғор технологиялар асосида ташхислаш, операция қилиш ва даволаш бўйича мутахассислар тайёрлаш, чет эллардаги етакчи тиббиёт муассасаларига малака оширишга юбориш зарурлигини таъкидлади.

–Тақдимотда инсон аъзолари ва тўқималари трансплантацияси ҳақида алоҳида тўхтаб ўтилди, – дейди Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Фуқароларнинг соғлиғини сақлаш қўмитаси аъзоси Қизилгул Қосимова. – Унда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси олдига “Инсон аъзолари ва тўқималари трансплантацияси тўғрисида”ги қонун лойиҳаси юзасидан аҳоли ўртасида тушунтириш ишларини олиб бориш ва қонун ижодкорлиги фаолиятига жамоатчиликни кенг жалб қилиш, жумладан, аҳоли ўртасида очиқ мулоқотлар ўтказган ҳолда фуқароларнинг фикр-мулоҳазалари, таклифларини ўрганиб, уларни лойиҳада акс эттириш вазифаси қўйилди.

Нега десангиз, мазкур ижобий ўзгаришларнинг натижадорлиги кўп жиҳатдан тиббиёт соҳасига оид қонунчилик базасини мустаҳкамлашни тақозо этмоқда. Сабаби Ўзбекистонда аъзолар ва тўқималари трансплантация қилиниши шарт бўлган минглаб беморлар мавжуд. Аъзолар трансплантацияси – бу турдаги беморларни сақлаб қолишнинг ягона имкониятидир.

Юқоридагилардан келиб чиқиб, аъзолар ва тўқималар трансплантацияси билан боғлиқ бўлган муаммоларни таҳлил қилган ҳолда Ўзбекистон Республикаси бош мутахассислари гуруҳи томонидан “Инсон аъзолари ва тўқималари трансплантацияси тўғрисида”ги қонун лойиҳаси Қонунчилик палатасига киритилган эди.

Ҳозирги кунда қонун лойиҳаси биринчи ўқишда концептуал жиҳатдан маъқулланган бўлиб, қўмитамиз томонидан иккинчи ўқишга тайёрланяпти. Қонун лойиҳасида трансплантация объектлари, ССВлигининг ваколатлари ва инсон аъзолари ва тўқималарини олиш ҳамда уларнинг трансплантацияси амалга ошириладиган тиббиёт муассасалари белгиланмоқда. Қолаверса, тирик донорлар тушунчасида барча шахсларнинг донор бўлиши мумкинлиги, яъни яқин қариндошлар билан чегараламаслик таклиф этилмоқда.

Шу нуқтаи назардан, қонун лойиҳасининг қабул қилиниши аҳолининг ҳуқуқий ва ижтимоий ҳимоясига йўналтирилган давлат сиёсатининг амалдаги қонунчилик асосларини тўлдириб, аъзолар ва тўқималар трансплантациясини бажаришдаги мақсадлар ва шартларни аниқлаган ҳолда, касалланиш ва аъзолардаги қайтариб бўлмайдиган жараёнлар туфайли ўлимга олиб келувчи ҳолатларнинг қисқаришига олиб келади.

Давра суҳбатида қайд этилганидек, бугунги кунда юртимизда трансплантацияни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Хусусан, трансплантология хизматини ривожлантириш юзасидан Республика хирургия илмий-амалий тиббиёт марказини трансплантологияга йўналтириб, иммуногенетик лаборатория ва симуляцион марказ ташкил этиш, Наманган, Самарқанд ва Хоразм вилоятларида буйрак трансплантациясини йўлга қўйиш режалаштирилган.

Пировард мақсад – бундай хизматга муҳтож беморлар учун қулай имкониятлар яратишдир. Негаки, баъзи беморлар буйрак ўтказиш учун бу хил амалиётларнинг жуда киммат бўлишига қарамай чет элга бориб келишга мажбур. Аммо бундай имкониятга ҳамма ҳам эга эмас. Айрим беморлар буйрак кўчириб ўтказиш амалиётини хорижда ўтказиш учун 40-50 минг доллар сарфланар экан. Агар бу хизматни юртимизда ривожлантирсак, кўпи билан 7 минг долларга амалга ошириш мумкин бўлади. Ёки жигар, юрак кўчириб ўтказиш амалиётлари нархи ундан ҳам юқори эканлиги ҳисобга олсак, ушбу хизматни мамлакатимизда ривожлантириш масаласи қанчалик долзарб эканлигини англаш қийин эмас.

Тадбирда жорий йилги Давлат дастурида туманларда тезкор ва малакали тиббий ёрдам кўрсатишга ихтисослашган туманлараро ангиожарроҳлик марказларини ташкил этиш белгилангани, бугунги кунда ушбу марказлар босқичма-босқич ташкил этилаётгани, бу марказлар аҳолига юқори технологик тиббий ёрдамни узоққа бормасдан туманнинг ўзида кўрсатиш имконини яратиши таъкидланди.

–Сўнгги йилларда мамлакатимизда хирургия хизматини янада такомиллаштириш, тизимнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, юртимизда юқори технологик жарроҳлик амалиётларини йўлга қўйишга катта эътибор қаратилмоқда, –дейди Академик В.Воҳидов номидаги республика ихтисослаштирилган хирургия илмий-амалий тиббиёт маркази қон-томир ва бўйрак трансплантация бўлими бошлиғи Ф.Бахриддинов. – Масалан, юртимизда гемодиализ олаётган беморга ҳар йили давлат томонидан 30 миллионгача маблағ ажратилади. Трансплантация амалиётини амалга ошириш нархи ҳисоб-китобларга кўра 32 миллион сўмни ташкил этиб, буйрак трансплантацияси бажарилгандан сўнг биринчи йил давомида бир беморга иммуносупрессив дорилар учун давлат томонидан 30 миллион сўмгача ишлатилади.

Соҳага қаратилаётган юксак эътибор, яратиб берилаётган шароит ва берилаётган имкониятлар туфайли бугунги кунда биргина марказимизнинг ўзида йилига қилинаётган жарроҳлик амалиётлари сони ўртача 6,5 мингта, операциялар тури 350 та, шунингдек, вилоят марказларида 130 та, туман шифохоналарида эса 60 тага етди.

Шуларни ҳисобга олган ҳолда, иқтисодий жиҳатдан беморга буйракни кўчириб ўтказиш гемодиализ олиб боришдан арзонроқдир. Чунки аксарияти 30 ёшгача бўлган даврда ҳалоқ бўлаётган, буйраклар терминал етишмовчилиги бўлган беморлар сонининг кўп миқдорда эканлиги, гемодиализ хизматининг қимматлиги юртимизда буйраклар трансплантацияси амалиётларини тўлақонли бажарилишини талаб қилади. Бу эса муаммо ечимига қаратилган ягона йўлдир.

Тадбирда сўз олганлар инсон аъзолари ва тўқималари трансплантацияси борасида қонунчилигимизда мавжуд нормалар бундай ёрдамдан фойдаланиш имкониятларини чеклашини, юртимизда беморлар умрини узайтириш имконини берувчи ушбу хизматни кенгайтириш мақсадида унинг ҳуқуқий асослари такомиллаштирилаётганини таъкидлашди. Масалан, Қонунчилик палатасининг Фуқароларнинг соғлиғини сақлаш масалалари қўмитасида “Инсон аъзолари ва тўқималарининг трансплантацияси тўғрисида”ги қонун лойиҳасини маромига етказиш устида иш олиб борилмоқда.

Қонун лойиҳасининг мақсади инсон аъзолари ва тўқималари трансплантацияси билан боғлиқ аниқ чегара ва тартибини тиббиёт фани ва амалиётининг замонавий ютуқлари асосида белгилаб бериш орқали, аъзоларини кўчириб ўтказишга муҳтож беморлар ва уларнинг яқинлари учун кенг имкониятлар яратишдан иборат.

Депутатлар томонидан айтиб ўтилганидек, қонун лойиҳасини муҳокама қилиш жараёнида тегишли соҳа вакиллари иштирокида ишчи гуруҳи томонидан давра суҳбатлари, учрашувлар ўтказилиб, мутахассислар билдирган таклифлар асосида қатор ўзгартишлар киритилган. Жумладан, қонун “Инсон аъзолари ва тўқималарининг трансплантацияси тўғрисида” деган янги ном билан иккинчи ўқишга киритиш таклиф этилмоқда.

Қонун лойиҳасининг 3-моддасидаги асосий тушунчалар, хусусан, “инсон аъзоси”, “инсон тўқимаси” тушунчалари қайта кўриб чиқилиб, аниқлаштирилди. 13-моддага, яъни донорликка доир чекловларга “Меҳрибонлик уйлари”, ”Саҳоват” ва “Мурувват” уйларида яшовчи шахслар киритилди. Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси фуқароси чет давлат фуқароси бўлган реципиент учун донор бўлиши мумкин эмаслиги белгиланди.

Давра суҳбатида қонун лойиҳаси мутахассислар иштирокида қизғин муҳокама қилиниб, уни янада такомиллаштириш, пухта, пишиқ қилиб маромига етказиш бўйича қатор таклифлар берилди.

Тадбир доирасида иштирокчилар Академик В.Воҳидов номидаги республика ихтисослаштирилган хирургия илмий-амалий тиббиёт марказидаги беморлар ҳолидан ҳам хабар олдилар.

Тошкентлик 29 ёшли Д.Умаров кўп йиллардан буён буйрак етишмовчилиги билан оғриб келар эди. Бугун унга опаси Р.Жўласова бир буйрагини берди. Ҳозир ҳар икковининг ҳам аҳволи яхши ва улар тиббий стандартлар асосида шифокорлар назоратида.

– Инсон саломатлиги – энг буюк неъмат. У шунчалик бебаҳоки, ҳеч қандай мезонга тенглаштириб бўлмайди. Йўқотилган соғлиқни қайтариш ва топишнинг имкони йўқ, – дейди Д.Умаров. – Мен ҳам кўп йиллардан буён ўткир буйрак етишмовчилигидан азият чекиб келаман. Қарийб икки йил гемодиализ олдим. Чунки яқин-яқингача бундай операцияларни чет эл клиникаларидагина амалга ошириш мумкин эди. Хориждаги бундай амалиёт катта маблағ талаб қилгани боис, бунга ҳамманиям қурби етмасди. Мана Президентимиз ташаббуси билан дунё тиббиётида энг мураккаб ва нозик амалиёт ҳисобланган органлар трансплантацияси бўйича замонавий операциялар ўзимизда амалга оширилмоқда. Яқинда операция бўлдим, опам бир буйрагини берди. Ҳозир аҳволим анча яхши, шифокорлар ўз вақтида қарашяпти. Бунинг учун давлатимиз раҳбаридан миннатдормиз.

...Қашқадарёлик Ж.Жўрақулов энди 15 ёшни қаршилади. Лекин унда ҳам буйрак етишмовчилиги кузатилган. Шу сабабли яқинда у ҳам мураккаб жарроҳлик амалиётини бошидан ўтказди. Онаси донорлигида унга буйрак кўчириб ўтказилди. Айни пайтда беморнинг умумий аҳволи анча яхши, шифокорлардан миннатдор, шундай шароитларни яратиб бергани учун давлатимиз раҳбарини дуо қилмоқда.

Албатта, буларнинг барчаси Президентимиз ташаббуси билан сўнгги беш йилда мамлакатимизда аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш, соғлиқни сақлаш тизимини тубдан такомиллаштириш, соҳага янги бошқарув усулларини жорий этиш бўйича амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар туфайли юз бермоқда. Зотан, тиббиёт тизимидаги ўзгаришлар одамларнинг узоғини яқин, мушкулини осон қилмоқда.

 


Кўришлар сони: 221

Депутатлар минбари

Янгиликлар

27.10.2021
Ҳар бир мурожаат қонуний ечим топиши керак

Халқ билан мулоқот. Кейинги йилларда мамлакатимизда халқ билан мулоқот қилиш, мурожаатлар билан ишла...

27.10.2021
A.Саидов Буюк Британия парламенти Лордлар палатаси аъзоси Б.Сатти билан учрашди

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари Aкмал Саидов 27 октябрь куни Буюк...

27.10.2021
Спикер Н. Исмоилов Президент сайловининг эълон қилинган якунларига баҳо берди

Ўзбекистон халқи жамиятимизда рўй бераётган шаҳдам ва давомли ютуқларни, кўламдор ижобий ўзгаришларни,...

Тадбирлар тақвими