Cайт ранги: A A


Қўмита ва комиссиялар йиғилишлари

Ўзбекистонда бола ҳуқуқлари институтининг қонуний асоси яратилмоқда

Ўзбекистонда бола ҳуқуқлари институтининг қонуний асоси яратилмоқда

Болалар дунё ҳаётининг, оила турмушининг зийнатидир. Уларни ҳар томонлама баркамол қилиб вояга етказиш, ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, асраб-авайлаш, ижтимоий ҳимоясини кучайтириш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади. 

Шу боис, кейинги йилларда мамлакатимизда инсон ҳуқуқларига оид халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган тамойилларига таянган ҳолда, бола ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тизимини босқичма-босқич ислоҳ этиш, бола ҳуқуқларига оид халқаро ҳуқуқ нормаларини миллий қонунчиликка имплементация қилиш ва қонунчиликни такомиллаштиришга жиддий эътибор қаратилмоқда.

Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили”да амалга оширишга оид Давлат дастури ҳамда “Бола ҳуқуқларининг кафолатларини таъминлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент фармонида Олий Мажлиснинг Бола ҳуқуқлари бўйича вакили фаолиятининг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамловчи қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш белгиланган.

Шундан келиб чиқиб, “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Бола ҳуқуқлари бўйича вакили (болалар омбудсмани) тўғрисида”ги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди.

2021 йил 15 сентябрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Демократик институтлар, нодавлат ташкилотлар ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари қўмитаси томонидан мазкур қонун лойиҳасини дастлабки тарзда кўриб чиқиш бўйича ишчи гуруҳ йиғилиши бўлиб ўтди.

Унда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери, депутатлар, Ички ишлар, Адлия, Халқ таълими, Мактабгача таълим вазирликлари, Бош прокуратура, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси миллий маркази масъуллари ҳамда ОАВ ходимлари қатнашди.

Таъкидланганидек, қонун лойиҳасида бола ҳуқуқлари бўйича вакил ўз ваколатларини мустақил ҳамда давлат органлари ва мансабдор шахсларга тобе бўлмаган тарзда амалга ошириши, Болалар омбудсмани Олий Мажлиснинг Қонунчилик палатаси ва Сенати томонидан беш йил муддатга сайланиши, Болалар омбудсмани лавозимига номзод Олий Мажлисининг палаталари кўриб чиқиши учун Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан киритилиши тўғрисидаги нормалар ўз аксини топмоқда.

Шунингдек, лойиҳада Бола ҳуқуқлари бўйича вакилнинг аризалар, таклифлар ва шикоятлар тарзида келиб тушган мурожаатларни кўриб чиқиши, бола ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳимоя қилишнинг айрим жиҳатларига эътиборни кучайтириш зарур бўлганда Вакил Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталари ва Вазирлар Маҳкамасига ҳуқуқий, ташкилий, ижтимоий-иқтисодий ва бошқа чора-тадбирлар кўришга қаратилган махсус маърузалар тақдим этиши белгиланяпти.

Бундан ташқари қонун лойиҳасида бола ҳуқуқлари бўйича вакил томонидан давлат органлари ва бошқа ташкилотларнинг қонунчилик бузилишларини бартараф этиш юзасидан ваколат берилган раҳбарларига бола ҳуқуқлари, эркинликлари ва манфаатларига риоя этилишига доир қонунчиликнинг аниқланган бузилишларини, уларга имкон берувчи сабаблар ва шарт-шароитларни бартараф этиш тўғрисидаги тақдимнома киритиш ва вакил томонидан давлат органлари ҳамда бошқа ташкилотларнинг мансабдор шахсларига ёзма равишда бола ҳуқуқлари, эркинликлари ва манфаатларига риоя этилишига доир қонунчиликнинг бузилишига йўл қўйилмаслиги тўғрисидаги огоҳлантириш юбориш тартиб-тамойиллари ўз аксини топяпти.

Қонун лойиҳаси дастлабки босқичда қизғин муҳокама қилиниб, такомилига етказиш мақсадида тегишли идора ва ташкилотларга хулоса олиш учун жўнатилди.

 

Қонун лойиҳаси юзасидан фикрлар

 

Гулруҳ АГЗАМОВА, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати:

 

— Қонун лойиҳаси масъуллар иштирокида дастлабки тарзда муҳокамадан ўтказилди. Мазкур қонун лойиҳаси билан Бола ҳуқуқлари бўйича вакил фаолиятининг ҳуқуқий асослари белгиланмоқда. Хусусан, қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турларини қўллашнинг олдини олиш, инсон ҳуқуқлари, жиноят-ижроия соҳаларидаги қонунчиликни ўрганган ҳолда Болалар омбудсманининг ушбу йўналишдаги фаолиятининг қонуний асосларини белгилаш бўйича алоҳида моддалар киритилмоқда. Қонун лойиҳасининг қабул қилиниши мамлакатимизда болаларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, уларнинг қонуний манфаатларини ҳимоя қилишнинг ишончли кафолати бўлиб хизмат қилади.

 

Дониёр ТЎРАЕВ, Олий Мажлис ҳузуридаги Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти директори ўринбосари:

— Бугунги кунда мамлакатимизда болалар манфаатларини ҳимоя қилиш ва уларнинг баркамол авлод бўлиб етишишини таъминлаш борасидаги фаолиятнинг институционал ва ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш ҳамда Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенция талабларини бажариш мақсадида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, Болалар омбудсманининг ҳуқуқий мақомини белгиловчи мазкур қонун лойиҳаси Ўзбекистонда болалар манфаати учун энг маъқул йўлни танлаш принципини рўёбга чиқаришга ва болалар ҳуқуқларини ҳурмат қилиш маданиятини шакллантиришга хизмат кўрсатувчи самарали парламент институтининг пайдо бўлишига асос бўлади.

 


Кўришлар сони: 127

Депутатлар минбари

Янгиликлар

22.09.2021
Фракция аъзолари қонун лойиҳасига қандай эътирозлар билдирди?

Мамлакатнинг қудратини белгилайдиган омиллар кўп. Лекин уларнинг энг асосийларидан бири, шубҳасиз,...

22.09.2021
Аҳолини гидрометеорологик маълумотлар билан таъминлаш тизими такомиллаштирилмоқда

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон Экологик партияси фракциясининг навбатдаги йиғилишида...

22.09.2021
Фракция аъзолари муҳим қонун лойиҳаларини муҳокама қилди

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракциясининг навбатдаги...

Тадбирлар тақвими