Cайт ранги: A A


Қўмита ва комиссиялар йиғилишлари

Фракция аъзолари қонун лойиҳасига қандай таклифлар беришди?

Фракция аъзолари қонун лойиҳасига қандай таклифлар беришди?

2021 йил 6 сентябрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш масалалари қўмитаси ташаббуси билан Ўзбекистон Республикасининг “Ичимлик суви таъминоти ва оқова сув чиқариш хизмати тўғрисида”ги қонун лойиҳаси муҳокамаси юзасидан фракциялараро дебат ташкил этилди.

Тадбирда таъкидланганидек, сўнгги беш йилда мамлакатимизда аҳолини ичимлик суви билан таъминлаш, канализация хизматларини кўрсатишни янада такомиллаштириш борасида тизимли ишлар амалга оширилди, соҳанинг ташкилий-ҳуқуқий асослари яратилди, молиявий манбалари таъминлаб берилди. Олиб борилган чора-тадбирлар натижасида бугунги кунда юртимиз аҳолисининг 69 фоизи ичимлик суви, 17 фоизи оқова сув хизматлари билан таъминланди. Бугун соҳада хизмат кўрсатиш учун алоҳида вазирлик ва “Ўзсувтаъминот” АЖ ва ичимлик сув инспекцияси, 18 та сув таъминоти ташкилотлари ва уларнинг 193 та филиаллари фаолият юритмоқда. Шунингдек, 9466 та сув иншоотлари, 80,6 минг километр ичимлик ва оқова сув тармоқлари ҳамда 11621 та насосдан фойдаланилмоқда.

Бироқ бугунги ривожланиш даврида аҳолини ичимлик сув таъминоти ва оқова сув чиқариш хизматларини кўрсатиш бўйича кўрсаткичлар давр талабидан ортда қолмоқда, соҳадаги мавжуд муаммо ва камчиликлар аҳолининг хақли эътирозларига сабаб бўляпти. Ҳозирда соҳа Ўзбекистон Республикасининг “Сув ва сувдан фойдаланиш тўғрисида”ги Қонунининг айрим деклоратив тамойилдаги нормалари ҳамда 20 дан ортиқ қонуности ҳужжатлари билан тартибга солинмоқда. Ушбу тарқоқ ҳуқуқий ҳужжатларда соҳани тўлиқ тартибга солувчи, аҳолига сифатли хизмат кўрсатишни таъминлашга қаратилган ҳуқуқий тартиб ва меъёрлар тўлиқ акс эттирилмаган.

Соҳага оид яхлит қонун ҳужжатнинг мавжуд эмаслиги соҳанинг ривожланмаслигига сабаб бўлди. Шу сабабли бугунги кунда соҳанинг ривожи учун ҳуқуқий асос бўлган яхлит қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш ва жорий этишга эҳтиёж пайдо бўлди. Халқаро амалиёт деярли барча давлатда ичимлик суви таъминоти ва оқова сув чиқариш соҳалари алоҳида қонун ҳужжати билан тартибга солинганлигини кўрсатмоқда.

Шундан келиб чиқиб, “Ичимлик суви таъминоти ва оқова сув чиқариш хизмати тўғрисида”ги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди. Лойиҳа Қонунчилик палатасида биринчи ўқишда қабул қилинди. Қонун лойиҳасини иккинчи ўқишга киритиш учун Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш масалалари қўмитаси ва ишчи гуруҳи томонидан такомиллаштирилмоқда.

Қонун лойиҳаси билан ичимлик суви ва оқова сув хизматлари истеъмолчиларининг ҳуқуқлари аниқ белгиланяпти. Сув таъминоти ташкилотларининг мажбуриятлари эса мустаҳкамланмоқда.

Тадбирда қонун лойиҳасининг пишиқ-пухта бўлиши учун ундаги нормалар Қонунчилик палатасидаги сиёсий партияларнинг фракция аъзолари томонидан атрофлича муҳокама қилиниб, қатор таклиф ва тавсиялар берилди.

Хусусан, Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси фракцияси аъзолари қонун лойиҳасида соҳани ривожлантиришда бозор механизмига, жумладан давлат-хусусий шерикликни жорий этишга йўналтирилган моддаларни кучайтириш ҳамда ичимлик суви ташийдиган транспорт воситаларига лицензия бериш аҳолига етказиб бериладиган ичимлик суви нархини сунъий равишда кўтарилиб кетишига сабаб бўлиши мумкинлигини эътиборга олган ҳолда мазкур моддадан воз кечиш таклифини илгари сурди.

“Миллий тикланиш” демократик партияси фракцияси аъзолари бугунги кунда сув таъминоти ташкилотлари фаолиятида интизомнинг сустлиги оқибатида қувурларда носозликлар вужудга келаётгани ҳамда истеъмолчилар томонидан уларга ноқонуний уланиш ҳолатлари кўплаб кузатилаётгани сабабли соҳада хизмат кўрсатиш ва хизматдан фойдаланиш борасида интизомни тартибга солувчи нормалар билан бойитиш таклифини бердилар. Шунингдек, истеъмолчиларни гуруҳга ажратишни аниқлаштириш, истеъмолчиларни қувурларга улаш учун техник шарт беришни соддалаштиришга қаратилган ҳуқуқий нормани қайта кўриб чиқиш тавсия этилди.

Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси фракцияси аъзолари соҳани ривожлантиришда мақсадли давлат субсидияларини жорий этиш, тизимда давлат ижтимоий буюртмаларини амалга оширишда узоқ худудларда жойлашган кичик овул ва қишлоқларни қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланган ҳолда ичимлик сувини тайёрлаш қурулмаларини жорий этишни қўллаб-қувватловчи нормалар билан бойитиш таклифини илгари сурдилар.

Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракцияси томонидан эса, истеъмолчилар манфаатларини ҳимоя қилишга йўналтирилган, хусусан истеъмолчиларга асоссиз ҳисоблангани учун сув таъминоти ташкилотларига нисбатан тегишли молиявий чораларни кучайтириш ҳамда сифатсиз сув таъминоти натижасида жисмоний шахсларнинг соғлиғига етказилган зарарни қоплаш механизмини очиб берувчи нормани қўллаш таклифи билдирилди. Шу билан бирга, ичимлик сув ва оқова сув чиқариш тарифларини ўзгартириш бўйича таклифларни жамоатчилик муҳокамасидан ўтказиш бўйича ҳуқуқий асосни киритиш таклифи берилди.

Ўзбекистон Экологик партияси фракцияси депутатлари сув ресурсларидан самарали фойдаланиш ва улар ҳисобини юритишга оид қонун лойиҳасини маромига етказиш, хусусан, сув объектлари ва жой рельефига тозаланган оқова сувларни ташлашнинг ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш таклифини илгари суришди.

Мунозаралар чоғида депутатлар ушбу қонун лойиҳасини янада маромига етказиш юзасидан ўз фикр-мулоҳаза ҳамда таклифларини билдирдилар. Умуман олганда, мазкур қонун лойиҳаси мамлакатимизда ичимлик сув таъминоти ва оқова сув хизматлари кўрсатиш соҳасида мукаммал ягона ҳуқуқий ҳужжатнинг шаклланишига асос бўлади.


Кўришлар сони: 372

Депутатлар минбари

Янгиликлар

27.10.2021
Ҳар бир мурожаат қонуний ечим топиши керак

Халқ билан мулоқот. Кейинги йилларда мамлакатимизда мурожаатлар билан ишлаш ва аҳоли муаммоларн...

27.10.2021
A.Саидов Буюк Британия парламенти Лордлар палатаси аъзоси Б.Сатти билан учрашди

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари Aкмал Саидов 27 октябрь куни Буюк...

27.10.2021
Спикер Н. Исмоилов Президент сайловининг эълон қилинган якунларига баҳо берди

Ўзбекистон халқи жамиятимизда рўй бераётган шаҳдам ва давомли ютуқларни, кўламдор ижобий ўзгаришларни,...

Тадбирлар тақвими