Cайт ранги: A A


Қўмита ва комиссиялар йиғилишлари

Қонуннинг ҳудуддаги ижроси атрофлича муҳокама қилинди

Қонуннинг ҳудуддаги ижроси атрофлича муҳокама қилинди

2021 йил 30 июль куни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Демократик институтлар, нодавлат ташкилотлар ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари қўмитаси ва Ёшлар масалалари бўйича комиссиясининг кенгайтирилган йиғилиши видеоконференц алоқа шаклида бўлиб ўтди.

Унда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, Қашқадарё ва Жиззах вилоятлари ҳокимларининг ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосарлари, тегишли бошқарма бошлиқлари, Ёшлар ишлари агентлиги масъул ходимлари, Қонунчилик палатаси ҳузуридаги Ёшлар парламенти аъзолари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этдилар.

Йиғилишда Қашқадарё ва Жиззах вилоятларида “Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг ижро этилиш ҳолатини ўрганиш натижалари муҳокама қилинди.

Қашқадарё ва Жиззах вилоятлари ҳокимларининг ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосарлари сўзга чиқиб, бугунги кунда ҳудудларда ёшларга оид соҳада амалга оширилган ишлар, истиқболда белгиланган вазифалар ҳақида ахборот бердилар.

Дастлаб Қашқадарё вилояти ҳокимининг ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари ахборот берди.

Таъкидланганидек, 2021 йилда Ёшларга оид давлат сиёсати соҳаси юзасидан Қашқадарё вилоятида 15 та туман (шаҳар) бўйича алоҳида “Ёшлар дастур”лари тасдиқланиб, ижрога қаратилган. Ушбу дастурлар 724 та банддан иборат. Унинг ижроси якунига қадар вилоят бўйича 1,5 млн. нафар ёшлар қамраб олиниши режалаштирилган. Бугунги кунда дастурлардаги 389 та банд ижроси таъминланиб, 335 та банд ижроси бажарилмоқда. Шунингдек, дастур доирасида белгиланган бандлар ижросига сарф қилиниши режалаштирилган 1,2 тлрн. сўм маблағлар ҳисобидан 600, 4 млрд.сўм маблағ сарфланди. Қамраб олиниши режалаштирилган 1,5 млн. нафар ёшлардан 856 минг нафар ёшлар қамраб олинган.

Ёшларга оид давлат сиёсатини рўёбга чиқаришнинг самарадорлигини ошириш учун ёшларнинг эҳтиёжини мониторинг қилиш юзасидан вилоятда уларнинг бандлигини таъминлаш, муаммоларини ҳал этиш мақсадида маҳаллалар кесимида шакллантирилган “Ёшлар баланси” асосида “Ёшлар дафтари” тизими жорий этилди ҳамда йил бошидаги хатлов ва ўрганишлар натижасида “Ёшлар дафтари”га 46 минг 149 нафар ёшлар киритилган.

Амалга оширилган чора-тадбирлар натижасида 2021 йил 22 июль ҳолатига, 44 минг 104 нафар ёшлар дафтардан чиқарилди. Ҳозирда вилоят бўйича 2 минг 045 нафар ёшлар дафтарда қолмоқда. Ёшларни қўллаб-қувватлаш мақсадида ҳар бир туман (шаҳар)да молиявий манбалари аниқ белгиланган алоҳида жамғармалар ташкил этилди. Уларда жами 19,2 млрд. сўм миқдорида маблағлар шакллантирилган.

Ҳудудларда амалга оширилаётган ишларни кунлик мониторинг қилиш, маҳалла-сектор, туман-вилоят даражасида инсон омилисиз рейтинг баҳолаш тизими йўлга қўйилди. Ёшларнинг бандлиги ва уларни ишга жойлаштириш борасида бугунги кунда амалга оширилган ишлар, вилоятдаги туман(шаҳар)лар ва секторлар кесимида доимий ва жамоат ишларига 7 370 нафар ёшларнинг бандлиги таъминланган.

Шунингдек, 4 615 нафар ёшларга ер майдонлари ажратилган, 8 356 нафар ёшлар “1+1” дастури асосида тадбиркор ва ҳунармадларга бириктирилган, 5 141 нафар ёшларнинг бандлигини таъминлаш мақсадида уларга субцидия ажратилган.

Қайд этилганидек, 2021 йил иккинчи ярим йиллигига мўлжалланган устувор вазифалар этиб вилоятда ёшларнинг бандлигини таъминлаш ҳамда уларнинг бўш вақтларини мазмунли ўтказиш мақсадида 17 421 нафар ёшларни доимий ва жамоат ишларига, 7 563 нафар ёшларга ер майдони, 4 280 нафар ёшларни “1+1” дастури асосида тадбиркор ва ҳунармандларга бириктириш, 5 957 нафар ёшларга имтиёзли кредит ажратиш, 4 724 нафар ёшларни касб-ҳунар ва тадбиркорликка ўқитиш режалаштирилган.

Тадбирда кун тартибидаги масалалар юзасидан Жиззах вилояти ҳокимининг ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари ҳам ахборот берди.

Таъкидланишича, 2021 йилда ёшларга оид давлат сиёсати соҳаси юзасидан Жиззах вилоятида 13 та туман (шаҳар) бўйича алоҳида “Ёшлар дастур”лари тасдиқланиб, ижрога қаратилган. Мазкур дастур доирасида ёшларнинг бандлигини таъминлаш юзасидан тизимли ишлар амалга оширилди. Хусусан, 31 197 нафар ишсиз ёшларнинг бандлигини таъминлаш мақсадида махсус режа ишлаб чиқилди. Натижада жорий йил 1 июль ҳолатига 24 125 нафар ёшларнинг бандлиги таъминланган.

Шунингдек, амалга оширилган чора-тадбирлар натижасида 2021 йил 16 июль ҳолатига 13 минг 371 нафар ёшлар дафтардан чиқарилди. Ҳозирда вилоят бўйича 209 нафар ёшлар дафтарда қолмоқда. Тадбиркорлик фаолиятини бошлаш учун 917 нафар ёшлар “1+1” дастури асосида тадбиркор ва ҳунармандларга бириктирилган бўлса, 6 878 нафар ёшларга 166,9 млрд. сўмлик имтиёзли кредитлар, 10 147 нафар ёшларга 7 минг 426,0 гектар ер майдони ажратилган. 1 335 нафар ёшларга меҳнат қуроллари, суғориш воситлари ва иссиқхоналар учун 2,1 млрд. сўм субсидия ажратилган.

2018-2020 йиллар давомида Жиззах вилоятида “Ёшлар” уйидан имтиёзли ипотека кредити асосида сотиб олишга тавсия қилинган 216 нафар ёш оилаларга имтиёзли ипотека кредити асосида уй-жой сотиб олиш учун жами 9 млрд. 400 млн. сўмга яқин маблағ бошланғич бадал сифатида тўлаб берилган.

Тадбирда қайд этилганидек, Жиззах вилоятида 2021 йилнинг 2-ярим йиллигида 4 508 нафар ёшларни доимий ва жамоат ишларига жойлаштириш, 2 082 нафар ёшларга тадбиркорлик фаолияти учун кредитлар ажратиш, 3 956 нафар ёшларга деҳқончилик учун ер майдонлари ажратиш орқали жами 11 236 нафар ёшларнинг бандлигини таъминлаш режалаштирилган. Шунингдек, Ш.Рашидов, Дўстлик, Зомин туманларида технопарклар қуриш орқали 1100 та янги иш ўрни яратиш, маҳалла фуқаролар йиғинида “Street workout” кўча спорти майдончаларини тўлиқ якунлаш кўзда тутилган.

Йиғилишда иштирокчилар амалга оширилаётган ишлар ҳудуднинг ҳар бир маҳалласига кириб боришини таъкидлаб, ёшларнинг бандлигини таъминлаш, уларнинг янги ғоя ва ташаббусларини қўллаб-қувватлаш бўйича қатор таклифларни илгари сурдилар.

Тадбирда кун тартибидаги масала юзасидан Демократик институтлар, нодавлат ташкилотлар ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари қўмитаси ва Ёшлар масалалари бўйича комиссиясининг тегишли баённомаси тузилди.


Кўришлар сони: 414

Депутатлар минбари

Янгиликлар

28.09.2021
Нобанк кредит ташкилотларининг шаклланиши ва ривожланиши учун қулай шароит яратилади

Бугунги кунда мамлакатимизда жами 134 та нобанк кредит ташкилоти фаолият юритмоқда. Лекин ушбу фаолият...

28.09.2021
Адвокат бўлиш истагини билдирган шахслар учун қандай чекловлар олиб ташланмоқда

2021 йил 28 сентябрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Коррупцияга қарши курашиш ва суд-ҳуқуқ...

28.09.2021
Туркистон декларацияси қабул қилинди

Жорий йилнинг 28 сентябрь куни Туркистон шаҳрида Туркий тилли давлатлар парламент Aссамблеясининг...

Тадбирлар тақвими