Cайт ранги: A A


Қўмита ва комиссиялар йиғилишлари

Пенсия тизимидаги ислоҳотлар: амалиёт ва истиқболдаги режалар

Пенсия тизимидаги ислоҳотлар: амалиёт ва истиқболдаги режалар

Президентимизнинг “Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг ўттиз йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни юқори савияда ўтказиш тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш борасида Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг алоҳида чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилган бўлиб, қўмиталар томонидан турли тарғибот тадбирлари ўтказилмоқда.

2021 йил 18 июнь куни парламент қуйи палатасининг Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитаси томонидан Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 30 йиллиги муносабати билан ижтимоий соҳалардаги ислоҳотларга бағишланган “Пенсия тизимидаги ислоҳотлар: амалиёт ва истиқболдаги режалар” мавзусида давра суҳбати ташкил этилди.

Мазкур тадбирда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикерининг ўринбосари Улуғбек Иноятов, депутатлар, Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси вакиллари ҳамда маҳаллий экспертлар маъруза, таклиф ва тавсиялар билан иштирок этдилар.

Таъкидланганидек, мустақилликнинг дастлабки йилларида қабул қилинган қонунлардан бири бу “Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида”ги қонундир. Ушбу Қонун 1993 йилда қабул қилинган бўлиб, Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг қариганда, меҳнат қобилиятини тўлиқ ёки қисман йўқотганда, боқувчисиз қолганда ижтимоий таъминланишдан иборат конституциявий ҳуқуқларини рўёбга чиқариш, давлат пенсияларининг ягона тизимини, уларни тайинлаш, ҳисоблаб чиқариш, қайта ҳисоблаш ва тўлаш тартибини белгилайди.

Бугунги кунда мамлакатимизда 4 млн.га яқин пенсия ва нафақа олувчилар бор. Сўнги йилларда Пенсия жамғармаси томонидан фуқароларга кўрсатилаётган хизматлар сифатини ошириш, тизимни такомиллаштириш ҳамда мавжуд муаммоларни ўрганиш натижасида пенсия ва нафақа олувчиларга қўшимча қулайликлар яратишга қаратилган амалий чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Хусусан, барча ишловчи пенсионерларга пенсиялар юз фоиз жамғарма орқали тўланиши жорий этилиши, ишловчи фуқаролар томонидан ишламайдиган турмуш ўртоқлари келгусида пенсия таъминотига эга бўлишлари учун имконият яратилиши, пенсия ва нафақалар фуқаронинг хоҳишига кўра рўйхатга олинган доимий яшаш ёки вақтинча турган жойи бўйича тайинланиши ва тўланиши, фуқаронинг иш стажини тасдиқлашнинг соддалаштирилиши, тайинланган пенсия ва нафақаларнинг текшириш талабларини қисқартириш каби енгилликлар жорий этилди.

Шунингдек, Ўзбекистонда ҳам ривожланган мамлакатлар сингари 2022 йил 1 июлдан бошлаб фақатгина паспорт ёки идентификация ID-картаси тақдим этиш орқали пенсияларни расмийлаштириш имкони мавжуд бўлади.

Тадбирда депутатлар соҳада қонунчиликни такомиллаштириш борасида амалга оширилган ишлар ҳақида батафсил тушунтиришлар бердилар. Шу билан бирга, Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитасига келиб тушаётган мурожаатларнинг 40 фоиздан ортиғи айнан пенсия таъминотига тегишли масалаларга оид эканлиги соҳада ҳали қатор муаммолар мавжудлигидан далолат бермоқда.

Қизғин савол-жавоблар руҳида ўтган давра суҳбати давомида иштирокчилар соҳада амалга оширилиши лозим бўлган ишларни жадаллаштириш ҳамда бу борада парламент ва ҳукумат ўртасида амалий ишлар ва мулоқотни янги босқичга олиб чиқишга келишиб олинди.

Давра суҳбати якунида депутатлар ва иштирокчилар томонидан билдирилган фикр-мулоҳазалар асосида соҳадаги мавжуд муаммоларни ҳал қилишга қаратилган қўмитанинг тегишли таклиф ва тавсиялари ҳукуматга тақдим этиладиган бўлди.


Кўришлар сони: 355

Депутатлар минбари

Янгиликлар

30.07.2021
Директорлик лавозими учун танлов жараёнлари шаффофми?

2021 йил 30 июль куни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Фан, таълим, маданият ва спорт масалалари ...

30.07.2021
Депутат аралашуви билан муаммога ечим топилди

Депутат сўрови – бу депутатнинг тегишли ҳудудда жойлашган давлат ҳокимияти ва бошқарув органларинин...

30.07.2021
Қонуннинг ҳудуддаги ижроси атрофлича муҳокама қилинди

Йиғилишда Қашқадарё ва Жиззах вилоятларида “Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси...

Тадбирлар тақвими