Cайт ранги: A A


Қўмита ва комиссиялар йиғилишлари

«Cайлов — 2021» САЙЛОВ ҚОНУНЧИЛИГИНИНГ РИВОЖЛАНИШ БОСҚИЧЛАРИ

«Cайлов — 2021» САЙЛОВ ҚОНУНЧИЛИГИНИНГ РИВОЖЛАНИШ БОСҚИЧЛАРИ

Кузда мамлакатимизда ўтадиган муҳим ижтимоий-сиёсий воқеалардан бири — Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови бўлиб, у нафақат Ўзбекистон, балки бутун Марказий Осиё минтақасининг яқин ва узоқ муддатли истиқболда янада барқарор ривожланиши учун улкан аҳамиятга эгадир.

Сўнгги йилларда демократик, ташқи дунё учун очиқ ва рақобатбардош янги Ўзбекистонни қуриш доирасида фуқароларнинг вакиллик органларига сайлаш ҳамда сайланиш бўйича конституциявий ҳуқуқларини таъминлаш соҳасида кенг қамровли ишлар амалга оширилди.

Демократик ҳуқуқий давлатнинг ажралмас белгиси бўлган умумий, тенг, тўғридан-тўғри, яширин овоз бериш тамойилларига таянган ҳолда сайлов ҳуқуқини таъминлаш, сайловларни эркин ва адолатли, очиқ ҳамда ошкора ўтказишга оид ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлашга, жумладан, замонавий демократик сайлов тизимини ривожлантиришга қаратилган изчил чоралар кўрилди.

Шу билан бир қаторда, Ўзбекистон сайлов қонунчилиги шу давргача бўлиб ўтган сайловлар давомида тўпланган миллий тажриба, илғор хорижий сайлов амалиёти, шунингдек, халқаро стандартлар, фуқароларнинг сиёсий онги ҳамда электорал маданиятининг ўсиши, амалга оширилаётган демократик ислоҳотларнинг бориши ва талабларини ҳисобга олган ҳолда жадал такомиллашиб бормоқда.

Шу ўринда янги Ўзбекистон сайлов қонунчилиги ривожланишининг қуйидаги уч босқичини алоҳида ажратиб кўрсатиш мумкин.

Биринчи босқич — алоҳида сайлов қонунларидан Сайлов кодекси сари

Қонунчиликни кодификация қилиш масаласи тизимли равишда ягона меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларни яратиш ва амалдаги қонунчиликни чуқур ҳамда ҳар томонлама қайта кўриб чиқиш баробарида, эскирган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни бекор қилиш, янги ҳуқуқий қоидаларни ишлаб чиқиш ва миллий ҳуқуқий тизимни комплекс равишда ривожлантиришни талаб этади.

Хусусан, хорижий давлатларда сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тартиби оддий қонунлар, конституциявий қонунлар ёки сайлов кодексларини қабул қилиш йўли билан тартибга солинади. Шу билан бирга, дунёнинг 30 дан зиёд мамлакатларида сайловларни Сайлов кодекси ёрдамида ҳуқуқий тартибга солиш модели қўлланилади.

Янги Ўзбекистон ҳам сайлов қонунчилигини кодификация қилиш йўлини танлади. 2019 йилда илгари тарқоқ бўлган бешта ­сайловга оид қонун ўрнига ягона Сайлов кодекси қабул қилинди. Мазкур Кодекс мамлакатнинг барча сиёсий кучлари ҳамда партия­лари, фуқаролик жамияти институтлари иштирокида умумхалқ муҳокамаси асосида ишлаб чиқилди. Унда ЕХҲТ Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича ­бюроси ҳамда Европа Кенгашининг Венеция комиссияси, чет эллик кузатувчилар, ШҲТ, МДҲ, ИҲТ каби бир қатор халқаро ташкилотлар миссияларининг Ўзбекистонда ўтган ­сайловлар бўйича тав­сиялари ҳисобга олинган. Хусусан, 2016 — 2019 йилларда Ўзбекис­тонда бўлиб ўтган ­сайловлар бўйича ЕХҲТ Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюросининг 29 та тавсияси Ўзбекистон сайлов қонунчилигида тўлиқ, саккизтаси қисман бажарилган, қолганлари эса, эксперт­лар томонидан ўрганилмоқда.

Сайлов кодексининг қабул қилиниши, ўз нав­батида, янги Ўзбекистонни демократ­лаштириш ва либераллаштириш, фикрлар хилмахиллигини қўллаб-қувватлаш ҳамда кўп партиявийлик йўлидан барқарор ривожланиш ифодаси сифатида намоён бўлди.

Сайлов кодексининг энг ­муҳим хусусиятлари ­қуйидагилардан иборат:

биринчи хусусияти, миллий сайлов қонунчилигида парламентнинг камида битта палатаси аъзоларини тўғридан-тўғри сайлашни назарда тутувчи сайловлар тўғрисидаги халқаро ҳужжатларнинг асосий қоидалари ўз аксини топди. Қонунчилик палатасидаги депутатлик ўринлари сонини сақлаб қолган ҳолда (150 ўрин), парламент қуйи палатаси учун Ўзбекистон Экологик ҳаракатидан депутатликка номзодларни кўрсатиш ва сайлаш талаблари қонунчиликдан чиқариб ташланди;

иккинчи хусусияти, сайловчиларга сайловларда бир нечта партияларнинг иштирок этишини қўллаб-қувватлаш имконияти берилди — сайловчилар бир ёки бир нечта сиёсий партия­ларни қўллаб-қувватлаб имзо қўйиш ҳуқуқига эга эканлиги белгиланди;

учинчи хусусияти, сиёсий пар­тиялар Президентликка ва Қонунчилик палатаси депутатлигига номзод кўр­сатиш ҳуқуқига эга эканлиги қонуний равишда белгилаб қўйилди. Шу билан бирга, сиёсий партиялар ўз партияси аъзоларини ёки партиясизларни номзод сифатида кўрсатиш ҳуқуқига ҳам эга;

тўртинчи хусусияти, катта жамоат хавфини туғдирмайдиган ва унча оғир бўлмаган жиноятларни содир этгани учун озодликдан маҳрум қилиш жойларида жазони ўтаётган шахсларнинг сайловларда иштирокини чекловчи қоида чиқариб ташланди;

бешинчи хусусияти, сиёсий партиялардан номзодларнинг ишончли вакиллари сони кўпайтирилди ­(Президентликка номзодлар учун — 15 тагача, парламент депутатлари — 10, халқ депутатлари вилоят Кенгашлари — 5, туман ва шаҳар Кенгашлари — 3);

олтинчи хусусияти, сайловларнинг очиқлиги ва демократиклигини таъминлашда сиёсий партиялардан кузатувчилар роли кучайтирилди. Улар овозларни санаш натижалари бўйича сайлов комиссиясининг баённомаси тузилгач, сайлов натижалари тўғрисидаги ҳужжатларнинг кўчирма нусхаларини дарҳол олиши мумкин. Сайлов участка комиссиясининг овозларни санаш тўғрисидаги баённоманинг кўчирма нусхаси билан ҳамма танишиб чиқиши учун участка сайлов комиссияси биносига камида қирқ ­саккиз соат муддатга дарҳол осиб қўйиш ­тартиби ўрнатилди;

еттинчи хусусияти, сайлов комиссиялари томонидан жисмоний ва юридик шахсларнинг сайловларни ташкил этиш, ўтказиш ҳамда унинг натижаларини чиқаришга оид мурожаатларини кўриб чиқиш тартиби такомиллаштирилди. Бундан ташқари, номзод ёки кузатувчи сайлов жараёнининг ҳар қандай жиҳати (шу жумладан, қайта ҳисоблашни талаб қилиш ёки сайлов натижаларини бекор қилиш) тўғрисида шикоят қилиш ҳуқуқига эга. Сайлов комиссиялари, жумладан, Марказий сайлов комиссиясининг қарорлари устидан судга шикоят қилиниши қонуний равишда белгилаб қўйилган. Шикоят берган шахслар уни кўриб чиқишда бевосита иштирок этиш ҳуқуқига эга;

саккизинчи хусусияти, қонун даражасида Сенат аъзоларини сайлаш тартиби белгиланиб, Марказий сайлов комиссиясининг уларни сайлаш тартиби тўғрисидаги Низоми бекор қилинди;

тўққизинчи хусусияти, Сайлов кодексида сиёсий партиялар ва уларнинг номзодлари томонидан олиб борилаётган ташвиқот турлари, шакллари ҳамда усуллари аниқ белгилаб қўйилди;

ўнинчи хусусияти, кузатувчилар, партияларнинг ваколатли вакиллари ва оммавий ахборот воситаларига алоҳида эътибор берилган. Сайлов кодекси юқоридаги сайлов жараёни иштирокчиларининг ҳуқуқлари доирасини белгилаб қўйди. Уларнинг иштироки туфайли сайлов жараёнининг шаффофлиги таъминланади. Сайлов комиссиясининг мажлисларида сиёсий партиялар, оммавий ахборот воситалари вакиллари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, хорижий давлатлар ва халқаро ташкилотларнинг кузатувчилари иштирок этишлари мумкин. Сайлов комиссияларининг йиғилишлари очиқ ўтказилади. Сайлов комиссияларининг қарорлари оммавий ахборот воситаларида эълон қилинади ёки Сайлов кодексида белгиланган тартибда ҳаммага маълум қилинади;

ўн биринчи хусусияти, сайловчилар — фуқароларнинг доимий ва вақтинча яшаш жойлари тўғрисидаги маълумотларни ўз ичига олган давлат ахборот ресурси бўлган Ўзбекистон Республикасининг Ягона электрон сайловчилар рўйхати яратилиши назарда тутилган.

Умуман олганда, 2019 йилда ҳокимият вакиллик органларига бўлиб ўтган сайловлар давомида Сайлов кодексини амалда қўллаш шуни кўрсатдики, у фуқароларнинг конституциявий сайлов ҳуқуқларини қатъий равишда демократик адолат, ошкоралик, очиқлик ва шаффофлик тамойиллари асосида сайловларда эркин иштирок этиши учун зарур шарт-шароитларни, сиёсий партиялар ҳамда уларнинг номзодлари учун — сайлов кампанияси давомида кенг ва тенг имкониятларни ­яратиб беришга хизмат қилди.

Иккинчи босқич — сайлов комиссиялари мустақиллигини ҳуқуқий таъминлаш

Сайлов кодекси ва мамлакатни демократлаштиришнинг иккинчи босқичи 2021 йил февраль ойида Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатларига тегишли ўзгартиш ва қўшимчалар киритилиши билан боғлиқ. Шу билан бирга, қуйидаги вазифаларни ҳал этишга алоҳида эътибор берилган.

БИРИНЧИСИ:

барча фуқароларнинг сайловларда фаол иштирокини таъминлаш, уларнинг жойлашган ери ва вақтинчалик яшаш жойларидан қатъи назар, сайлов ҳуқуқларидан фойдаланиш учун имкон яратиш. Биринчи бор чет элда яшовчи Ўзбекистон фуқароларини, уларнинг дипломатик ваколатхоналарда консуллик рўйхатидан ўтказилишидан қатъи назар, сайловчилар рўйхатига киритиш тартиби, шунингдек, чет элда истиқомат қилаётган ёки ишлаётган жойидаги сайловчиларнинг сайлов қутиларида овоз беришининг ҳуқуқий асослари қонун билан тасдиқланди.

ИККИНЧИСИ:

Марказий сайлов комиссияси бошчилигидаги барча даражадаги сайлов комиссиялари — барча сайлов ташкилотчилари тизимининг мустақиллигини мустаҳкамлаш демократик сайловларнинг зарур ҳамда энг муҳим шартидир. Шу мақсадда МСК ва сайлов комиссиялари аъзоларининг мақоми қонуний равишда мустаҳкамланди, сайлов комиссиялари номзодларнинг сайловчилар билан учрашувларини ташкил этиш учун сайлов ташкилотчилари учун хос бўлмаган вазифалар бекор қилинди; сайлов комиссиялари тизими мақбуллаштирилди — туман (шаҳар) Кенгашларига сайлов ўтказадиган округ сайлов комиссиялари институти тугатилди. Мақбул­лаштириш натижасида 5 минг 739 та кераксиз округ сайлов комиссияси ­тугатилди, инсон ресурсларининг ­катта қисми (54 мингдан ортиқ киши) озод қилинди.

Шундай қилиб, сайлов комиссияларининг барча давлат органларидан ­мустақиллигини таъминлаш учун зарурий ҳуқуқий шароитлар яратилди. Сайловларнинг ташкилий-ҳуқуқий даражаси, улар натижаларининг қонунийлиги, ­асосан, сайлов жараёнининг барча субъектлари томонидан қонунчилик қоидаларига қанчалик тўғри риоя қилинишига боғлиқдир.

УЧИНЧИСИ:

сиёсий партиялар учун сай­ловолди ташвиқотини олиб бориш, жумладан, сайлов кампаниясини ўтказиш учун оммавий тадбирларни ташкил этишга оид янада қулай ҳуқуқий шароитлар яратиш. Сайловларнинг демократик, адолатли ва ҳалол ўтишини таъминлаш бўйича миллий, хорижий ҳамда халқаро тажрибани чуқур ўрганиш ­асосида, Ўзбекистонда сайловларнинг конституциявий муддатлари декабрь ойининг учинчи ўн кунлигининг биринчи якшанбасидан октябрь ойининг учинчи ўн кунлигининг биринчи якшанбасига кўчирилди.

ТЎРТИНЧИСИ:

сайлов кампанияси даврида давлат ресурсларидан фойдаланишга йўл қўймаслик. ЕХҲТ Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюросининг турли аъзо давлатлардаги сайловларни кузатиш миссиялари ўзларининг якуний ҳисоботларида устувор тавсиялар сифатида (масалан, 2018 йилда Грузияда бўлиб ўтган президент сайловлари тўғрисида) “маъмурий ресурслардан фойдаланишда суиистеъмолликларнинг олдини олишга оид шикоятларни самарали ва ўз вақтида кўриб чиқиш механизмини яратиш” зарурлигини кўрсатиб ўтмоқда. Ўзбекистонда миллий ҳамда хорижий тажриба ҳисобга олинган ҳолда, давлат хизматчилари (агар у ишончли вакил бўлмаса), шунингдек, ҳарбий хизматчилар, диний ташкилотлар ходимлари ва судьялар томонидан ташвиқот ишларини олиб боришни тақиқлаш қонуний равишда мустаҳкамланган. Бу сайловларнинг холислиги, қонунийлиги ва адолатлилигини таъминлаш йўлидаги яна бир муҳим қадамдир.

Иккинчи босқичнинг энг муҳим янги қоидаларидан бири — сиёсий партиялар тўғрисидаги қонунчилик ҳамда уларни молиялаштиришнинг Сайлов кодексига мувофиқлаштирилиши; ­Президент ва парламент сайловлари ҳамда маҳаллий вакиллик органларига сайловларнинг давлат томонидан молиялаштириш тартиби белгиланиши ва сайлов комиссиялари қарорлари устидан тушган шикоятларни кўриб чиқиш вақтининг ўн кундан беш кунгача қисқартирилишидир.

Сайлов қонунчилигини демократлаштиришнинг иккинчи босқичи фуқароларнинг конституциявий сайлов ҳуқуқларини тўлиқ амалга оширишга, уларнинг сайловлардаги иштирокини кенгайтиришга ёрдам беради ва демократик сайловларни ўтказиш учун асос бўлиб хизмат қилади.

Учинчи босқич — адолатли сайловларнинг ҳуқуқий асослари

Янги Ўзбекистоннинг замонавий сайлов тизими яратилиши кўп йиллик эволюцион жараён ва ҳар томонлама ­сиёсий мулоқот маҳсулидир. Умуман олганда, сайлов қонунчилигига сайлов жараёнини такомиллаштиришга қаратилган кўплаб ўзгартишлар киритилди. Ҳар бир, ҳаттоки, кичик бир ўзгартиш киритишда ҳам доим пухта иш олиб борилди, ўтган сайлов кампаниялари таҳлил қилинди ҳамда таҳлиллар асосида қонунчиликни такомиллаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқилди.

Сайлов тизими бир неча йиллар давомида фаол ривожланиб борди, бу ўзгартишлар мамлакатнинг сиёсий ва ҳуқуқий ривожланишининг мантиқий давоми бўлиб хизмат қилди.

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг бир гуруҳ депутатлари Сайлов кодексини сайлов қонунчилиги ва сайлов амалиётини янада такомиллаштириш, уни халқаро демократик стандартлар ҳамда чинакам демократик сайловлар соҳасидаги илғор тажрибаларга мослаштиришга қаратилган ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида ташаббус кўрсатди.

Янги киритилган ўзгартишлар қуйидагилардан иборат:

Биринчидан, ваколатларни тақсимлашни давом эттириш ҳамда таъсис (Марказий сайлов комиссияси бошчилигидаги сайлов комиссиялари тизими) ва суд ҳокимияти ўртасида ўзаро мувозанат тамойилини мустаҳкамлаш.

Киритилган ўзгартиш ва қўшимчалар, биринчи навбатда, сайлов участкаси комиссияларининг қарор қабул қилишлари учун мустақиллик ҳамда масъулиятини кучайтиришни, шу билан бирга, фуқароларнинг, сайлов жараёни бошқа иштирокчиларининг сайлов комиссиялари ҳаракатлари ва уларнинг қарорлари тўғрисидаги мурожаатлари ҳамда шикоятларини кўриб чиқишда судларнинг ролини оширишни назарда тутади.

ЕХҲТ Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюросининг тавсияларини ҳисобга олган ҳолда, Сайлов кодексида МСК сайловчилар ҳамда сайлов жараёнининг бошқа иштирокчиларидан сайлов комиссиялари ҳаракатлари ва уларнинг қарорлари тўғрисидаги аризаларини кўриб чиқмаслиги нормаси белгилаб қўйилди.

Бу эса, ўз навбатида, шикоят ва мурожаат қилишнинг икки томонлама (МСК ва судга) тизимини бартараф этади, шунингдек, бир-бирига зид хулоса ҳамда қарорлар қабул қилинишининг олдини олади. Барча сайловга оид низолар фақат судларнинг ваколатига тегишли бўлади.

Шу билан бирга, фуқароларнинг сайлов ҳуқуқларини суд орқали ҳимоя қилиш сезиларли даражада кучайтирилмоқда. Сайлов кодексига мувофиқ:

- ҳар бир фуқаро сайловчиларнинг рўйхатларидаги хато ёки ноаниқлик тўғрисида участка сайлов комиссиясига арз қилиши мумкин. Участка сайлов комиссияси 24 соат ичида мурожаатни текшириши ва хатони ёки ноаниқликни бартараф этиши ёхуд мурожаат қилувчига унинг мурожаати рад этилганлиги тўғрисида асослантирилган жавоб бериши шарт. Шу билан бирга, участка сайлов комиссиясининг ҳаракатлари ҳамда қарорлари устидан судга шикоят қилиниши мумкин;

- сиёсий партиялар органлари, уларнинг номзодлари, ишончли вакиллари, кузатувчилар ва сайловчилар сайлов комиссиялари қарорлари устидан судга шикоят қилишлари мумкин;

- Марказий сайлов комиссиясининг қарорлари устидан Ўзбекистон Республикаси Олий судига шикоят қилиниши мумкин.

Сайлов кодексида сайлов қонунчилиги субъектларининг сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишнинг барча ­босқичида қабул қилинган қарорлар устидан шикоят қилишнинг аниқ тартиби назарда тутилган. Кодексда сайлов комиссиялари томонидан жисмоний ҳамда юридик шахсларнинг сайловларни ташкил этиш, ўтказиш ва натижаларига оид мурожаатларини кўриб чиқиш тартиби белгилаб қўйилди.

Буларнинг барчаси фуқароларнинг одил судловга бўлган асосий ҳуқуқини амалга оширишга ёрдам беради (низо судда кўриб чиқилиши ва ҳал қилиниши керак). Зеро, таъсис ҳокимияти фақат сайловларни ташкил этиш, фуқароларнинг ўз хоҳиш-иродасини эркин ифода қилиши учун шарт-шароит яратиш масалаларини ҳал этиши керак, сайлов комиссиялари ҳаракатларини (ҳаракатсизлигини) баҳолаш эса судлар томонидан амалга оширилиши лозим.

Иккинчидан, сайлов жараёнида ­сиёсий партиялар томонидан уюштириладиган оммавий йиғилишлар, митинглар ҳамда намойишлар тўғрисида ­маълум қилиш тартибини жорий этиш. 2019 йилда, парламент сайловлари олдидан ­сиёсий партиялар бутун мамлакат бўйлаб 800 дан ортиқ оммавий митинглар ўтказди. Мазкур тадбирлар давомида сиёсий партияларга ҳеч қандай тўсқинлик бўлмаган ва оммавий тадбирларни ўтказиш ҳуқуқларининг бузилиши тўғрисида улар томонидан мурожаатлар ҳам келиб тушмаган.

Бироқ ушбу соҳада қонунчиликда муайян бўшлиқ мавжуд эди. Шунинг учун Сайлов кодексида партиялар оммавий тадбирларни олдиндан — камида уч кун олдин — ҳокимликларга улар ўтказиладиган жой ва вақти тўғрисида маълум қилиш ҳақида меъёр киритилган. Яъни, энди рухсат берувчи эмас, балки маълум қилиш тартиби ишлайди.

Учинчидан, округ сайлов комиссия­ларининг Президент сайловини ташкил этиш ва ўтказиш бўйича салоҳиятини кучайтириш. Яъни, қонунчиликка мувофиқ, сайловга камида етмиш кун қолганда Марказий сайлов комиссияси раиси, раис ўринбосари, котиб ҳамда комиссиянинг олтидан саккизтагача аъзоларидан иборат таркибда Ўзбекистон Республикаси Президенти, Қонунчилик палатаси депутатлари сайлови бўйича округ сайлов комиссияси тузилади. Бироқ бу ерда ўзига хос хусусиятларни ҳисобга олиш керак: парламент сайловлари учун битта сайлов округи таркибида 70 — 120 сайлов участка комиссиялари, Президентлик сайловлари пайтида эса 1000 га яқин сайлов участка комиссиялари тузилади. Натижада Президент сайловлари давомида сайлов участка комиссиялари ­фаолиятини мувофиқлаштириш ва уларга самарали ёрдам бериш вазифаси анча қийинлашади. Шу боис ҳам ­Сайлов кодексида участка сайлов комиссияси аъзолари сони кўпайтирилди.

Учинчи босқич, шунингдек, аввалги сайловлар давомида аниқланган техник ва ташкилий муаммоларни бартараф этадиган бир қатор бошқа янгиликларни ҳам назарда тутади. Умуман олганда, улар адолатли ҳамда чинакам демократик сайловларни ўтказишнинг ­умумэътироф этилган халқаро тамойилларини ҳисобга олган ҳолда сайлов қонунчилиги ва амалиётини демократлаштиришга хизмат қилади.

Аҳоли электорал маданиятини юксалтириш — шаффофлик ва адолатлилик гарови

Ўзбекистондаги демократик ўзгаришлар, шунингдек, фуқаролар ва фуқаролик институтларининг сиёсий-ҳуқуқий онгининг тобора ўсиб бораётгани сайлов тизимини янада такомиллаштиришнинг асосидир.

Ўзбекистон парламенти Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияни ратификация қилди. Конвенциянинг 29-моддасига биноан, иштирокчи давлатлар ногиронлиги борларнинг сиёсий ҳуқуқлари ва улардан бошқалар билан тенг равишда фойдаланиш имкониятини кафолатлайди, хусусан, тўғридан-тўғри ёки эркин танланган вакиллари орқали жамиятнинг ижтимоий-сиёсий ҳаётида ­бошқалар билан тенг равишда самарали иштирок этиш, жумладан, овоз ­бериш ҳамда сайланиш ҳуқуқи ҳамда имкониятига эга бўлишини таъминлайди.

Сайлов кодекси ногиронлиги борлар томонидан овоз бериш орқали мамлакатнинг ижтимоий ва сиёсий ҳаётида қатнашиш ҳуқуқларини амалга оширишнинг барча механизмини ўзида мужассам этган. Овоз бериш хоналари имконияти чекланган одамлар учун пандуслар билан жиҳозланган бўлиши керак. Сайлов участкаларида техник жиҳозлар — столлар, кабиналар ҳамда сайлов қутилари — ногиронлиги борлар коляскасидаги сайловчиларнинг эҳтиёжларини ҳисобга олган ҳолда ўрнатилиши керак.

2019 йилда Олий Мажлис Қонунчилик палатасига бўлиб ўтган сайловлар давомида сайлов комиссияларига 4 минг 158 нафар турли даражадаги ногиронлиги борлар жалб қилинган. 2021 йил май ойида Марказий сайлов комиссияси ва Ногиронлар жамияти, Кўзи ожизлар жамияти, Карлар жамияти ҳамда Ўзбекистон ногиронлар уюшмаси ўртасида Ҳамкорлик тўғрисида меморандум имзоланди. Ногиронлиги бор сайловчилар учун энг қулай шароитларни яратиш мақсадида сайлов комиссиялари томонидан бир қатор ташкилий тадбирлар амалга оширилди ва тегишли зарур ахборот материаллари тайёрланди. Мамлакат Президенти лавозимига рўйхатдан ўтган номзодлар тўғрисидаги маълумотлар сайлов участкаларининг ахборот тахталарида жойлаштирилади.

Масалан, кўзи ожиз сайловчи, шаблонга бўш бюллетенни қўйган ҳолда, рўйхатдан ўтган номзоднинг исмини Брайль алифбосини қўллаш орқали сезиши ва тегишли уянинг майдонига ўзи истаган белгини қўйиши мумкин бўлади. Эшитмайдиган ҳамда эшитиш қобилияти паст бўлган сайловчилар учун овоз бериш кунида аризалар бўлса, овоз бериш жойларига сурдо таржимонлар таклиф қилиниши мумкин. Сайлов­олди телевидение дастурлари сурдо ­таржимонлар ва субтитр билан эфирга узатилади ҳамда кўзи ожизлар учун материаллар Брайль алифбосидан фойдаланган ҳолда махсус журналларда нашр этилади.

Ушбу чора-тадбирларнинг барчаси ногиронлиги борлар ўз хоҳиш-иродасини эркин ифода қилишига ёрдам беради.

Сайловчиларнинг электорал маданияти ва фаоллигини ошириш, сайлов ­институтига бўлган ишончни кучайтириш, давлат ҳокимиятини шакллантириш ва конституциявий тамойилларни янги шароитларда амалга оширишнинг ягона замонавий ҳамда демократик механизми эканига бўлган ишончини мус­таҳкамлашдир.

Сайловчиларнинг электорал ­маданиятини сифат жиҳатидан юксалтириш учун қуйидаги вазифаларни амалга ошириш зарур:

биринчи вазифа: ташкилотчиларнинг касбий маҳоратини ошириш, шунингдек, сайловчилар ва сайлов жараёни бошқа иштирокчиларининг ҳуқуқий маърифат тизимини мустаҳкамлаш ҳамда такомиллаштириш, бу ишларга мақсадга мувофиқ равишда, оммавийлик ва кенг қамровлилик хусусиятини бериш;

иккинчи вазифа: сайлов жараёнининг турли тоифадаги иштирокчилари, айниқса, ёшларнинг умумий ҳуқуқий ва электорал маданиятини ошириш;

учинчи вазифа: оммавий ахборот воситалари билан ишлашни такомиллаштириш, уларнинг сайлов жараёни тўғрисидаги билимларини ошириш, уларни сайловларнинг барча босқичида ишончли маълумотларни тарқатиш жараёнига жалб қилиш, шунингдек, жамиятда медиа маданиятини юксалтириш;

тўртинчи вазифа: фуқаролик жамияти институтларини сайлов жараёнининг демократиявийлиги, қонунийлиги ва адолатлилигини таъминлашга ҳамда уларни сайлов жараёнининг барча иштирокчилари, сайловчиларнинг ҳуқуқлари ва манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича давлат органлари фаолиятига жалб қилиш. Шу билан бирга, қонун ло­йиҳаларини ишлаб чиқиш ҳамда давлат аҳамиятига эга бўлган қарорларни қабул қилишда жамоатчилик фикрини ҳар томонлама ўрганиш орқали аҳолининг фаоллигига ва уларнинг давлат аҳамиятидаги қарорларни қабул қилишга жалб этилишига алоҳида эътибор қаратиш лозим. (масалан regulation.gov.uz портали ёки “Менинг фикрим” орқали);

бешинчи вазифа: янги ахборот-коммуникация технологиялари асосида ахборот-ҳуқуқий таълим ресурсларини шакллантириш ва ривожлантириш.

Ушбу чора-тадбирларнинг барчаси сайловчиларга ўз хоҳиш-иродасини эркин ифода этиш кафолатларини таъминлаш, ватанпарварлик ва масъулият туйғусини мустаҳкамлаш, жамиятдаги ­сиёсий барқарорлик ҳамда аҳолининг ҳуқуқий саводхонлигини оширишга ёрдам беради.

Шуни ёдда тутиш керакки, сайлов қонунчилиги ва сайлов тизимини ривожлантириш ҳамда такомиллаштириш жараёни ҳали тўлиқ тугамаган. Зеро, жаҳон амалиёти шуни кўрсатмоқдаки, деярли ҳар бир сайлов кампанияси янги муаммоларни очиб кўрсатмоқда. Биз таклиф қилинган у ёки бу ўзгаришларни тўпланган тажрибадан фойдаланган ҳолда қандай қўлланилишини прогнозлаштириш талаб этиладиган ривожланиш босқичида турибмиз.

Сайлов ташкилотчилари қонунларни яхши билиши ва уларга мувофиқ ишлай олишлари керак. Бунга, бошқа нарсалар қатори, аҳолининг сайлов маданиятини ошириш бўйича Ўзбекистон парламенти томонидан тайёрланган Миллий ҳаракат ­дастури ёрдам бериши зарур. Муҳими — сайловларни ўтказишда касбий маҳоратнинг ўсишига интилиш, қонунга унинг мазмуни ва моҳиятига мувофиқ хизмат қилиш.

Умуман олганда, янги Ўзбекистонда сайлов қонунчилиги ва амалиётини демократлаштиришнинг уч босқичи жамиятимизнинг сиёсий, иқтисодий, ҳуқуқий, ижтимоий ҳамда маънавий янгиланиши ва мамлакатни модернизация қилишнинг кенг кўламли ҳамда динамик жараёнлари билан биргаликда, қуйидагиларга:

биринчидан, ҳақиқий кўп партиявийлик тизимини юқори даражада ривожлантириш ҳамда мустаҳкамлашга. Мамлакатда соғлом партиялараро рақобат ва барча партияларга сайлов кампаниясини ўтказиш учун тенг шарт-шароитлар яратилган ҳамда сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш учун ажратилган бюджет маблағларини адолатли тақсимлаш, овоз беришнинг ҳалол ва қонуний бўлишини таъминлаш юзасидан зарур чоралар кўрилган. ­Бошқача айтганда, навбатдаги ­Президент сайлови кўп партиявийлик, номзодлар рақобати, очиқлик, фикр эркинлиги ва ­чинакам танлов шароитида ўтказилади, деб таъкидлаш учун барча асослар мавжуд;

иккинчидан, фуқаролик жамияти институтлари, волонтёрларнинг сайловларда иштирок этишдаги ўрни ва имкониятларини кенгайтириш, одамларнинг фуқаролик масъулияти ҳамда сиёсий-ижтимоий фаоллик даражасини ошириш билан бир қаторда, фуқароларнинг мамлакат ижтимоий-иқтисодий ривожланиши ва сиёсий, ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар натижаларини талабчанлик билан баҳолашга;

учинчидан, Ўзбекистонда партиялар ва нодавлат нотижорат ташкилотлари вакиллари, маҳаллий ҳамда хорижий кузатувчилар, оммавий ахборот воситалари учун сайлов кампанияси давомида ўз ҳуқуқ ва мажбуриятларини амалга ошириши учун барча зарур ҳуқуқий шароитларни яратишга;

тўртинчидан, сайлов жараёнида рақамли технологиялардан фойдаланишнинг кенгайишига ва уларни ҳуқуқий тартибга солишга олиб келади;

бешинчидан, коронавирус пан­демияси инсон ҳаётининг барча жабҳасига ўзгаришлар киритди. Бир қатор мамлакатларда сайловлар бекор қилинди ёки қолдирилди. Энди сайловлар янги шароитда бўлиб ўтмоқда, биринчи марта одамлар сайлов участкаларига антисептик воситалардан фойдаланган ва қатъий равишда ниқоб таққан ҳолда келиши талаб этилмоқда.

Пандемия шароитида сайлов жараёнини ташкил этишда қуйидаги жиҳатларга эътибор қаратиш лозим:

биринчиси, сайловларни умумий ташкил этишга қаратилган. Бу бинолар, контактсиз термометрия, одамлар оқимини тартибга солиш, ижтимоий масофа сақлаш, ниқоб режимига риоя қилиш, дезинфекцияловчи воситалардан фойдаланиш билан боғлиқ чора-тадбирлар;

иккинчиси, сайловчиларга қўйиладиган талаблар, хусусан, ниқоб тақишга, антисептик воситалардан фойдаланишга, масофани сақлаш билан боғлиқ, учинчиси эса, сайлов куни доимий равишда сайлов участкаларида бўладиган сайлов жараёнининг иштирокчиларига — сайлов комиссиялари аъзолари, кузатувчилар ва ишончли вакилларга тегишлидир.

Дарҳақиқат, сайловлар давлат ҳокимиятини шакллантиришнинг самарали механизмларига айланиб, унинг изчиллиги ва сиёсий барқарорлигини таъминлайди.

Акмал САИДОВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси
Спикерининг биринчи ўринбосари


Кўришлар сони: 325

Депутатлар минбари

Янгиликлар

22.06.2021
Қонунчилик палатаси Спикери Парламентлараро иттифоқнинг Бош котиби билан учрашди

2021 йил 22 июнь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери Нуриддинжон Исмоилов Парламентлараро и...

22.06.2021
Ёшларнинг ҳуқуқлари ва манфаатларини ҳимоя қилиш масалалари кўриб чиқилди

2021 йил 22 июнь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасида “Мен парламентда ёшларни қўллайман” (I S...

22.06.2021
Фуқаролик процессуал кодексида янги институт жорий этилмоқда

2021 йил 22 июнь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида депутатлар “Ўзбекисто...

Тадбирлар тақвими