Cайт ранги: A A


Қўмита ва комиссиялар йиғилишлари

Аҳолининг мурожаатлари депутатларнинг диққат марказида

Аҳолининг мурожаатлари депутатларнинг диққат марказида

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Саноат, қурилиш ва савдо масалалари қўмитаси томонидан эшитув ўтказилди.

Унда Энергетика вазирлиги, Давлат солиқ қўмитаси ҳузуридаги Кадастр агентлиги ҳамда Автомобиль йўллари қўмитаси мутасадди раҳбарларининг “Соҳада жисмоний ва юридик шахслар мурожаатларида кўтарилган масалаларнинг ҳолати тўғрисида”ги ахбороти эшитилди.

Дастлаб Энергетика вазири ўринбосари Беҳзод Норматов энергетика соҳасига оид масалаларда жисмоний ва юридик шахслар томонидан келиб тушган мурожаатларнинг ечимига қаратилган чора-тадбирлар ҳақида батафсил ахборот берди.

Қайд этилганидек, бугунги кунда энергетика соҳасида юртимиз бўйича 7 миллион 400 минг аҳоли хонадони электр энергияси билан таъминланмоқда. 3 миллион 546 минг хонадон табиий газдан, 3 миллион 580 мингтаси эса суюлтирилган газдан фойдаланяпти. Шу билан бирга, истеъмолчиларга суткасига 200 миллион киловатт-соат электр энергияси берилмоқда. Бу 2016 йилга нисбатан қарийб 35 фоизга кўпдир.

Жорий йилда битта аҳоли хонадонига ойига 13,3 килограмм суюлтирилган газ етказиб берилмоқда. Бу 2016 йилдаги кўрсаткичга нисбатан 5 килограммга кўпдир. Бу таққослама кўрсаткичлар сўнги тўрт йил ичида амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотлар ҳисобига аҳоли турмуш даражасининг ва унга мос равишда энергия ресурсларига эҳтиёжнинг жадал ўсаётганлигини кўрсатади.

Шу йилнинг 5 ойи давомида вазирликка бевосита жисмоний ва юридик шахслардан 1 324 та мурожаат келиб тушган. Шундан, 599 таси электр энергияси, 383 таси табиий газ ва суюлтирилган газ таъминоти ҳамда 342 таси бошқа масалаларга тўғри келади. Ушбу мурожаатларнинг 1 221 таси бўйича масалалар ҳал этилган ва тушунтиришлар берилган. Қолган 103 таси ҳозирда вазирликда ва манфаатдор ташкилотларда кўриб чиқилмоқда.

Аҳолидан келиб тушаётган мурожаатлардан келиб чиқиб, электр энергетика соҳасида биринчи навбатда, йил якунига қадар генерация қувватлари ҳажми 14 минг мегаваттдан 15 минг 800 мегаваттгача етказиш режалаштириляпти. Бунинг учун Тошкент вилоятида қуввати 240 мегаватт бўлган иссиқлик электр станцияси, Хоразм вилоятида 174 мегаватт газ-поршенли электр станцияси, Навоий вилоятида 100 мегаватт қувватли қуёш электр станцияси октябрь ойида ишга туширилади. “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурлари доирасида 377 та маҳаллада 2 минг километр электр тармоқлари ва 555 та трансформатор пунктлари таъмирланади.

Энергетика вазири ўринбосарининг таъкидлашича, маиший газ баллонларига 4 миллион 395 минг дона бар-кодли стикерлар бириктирилиб, маълумотлар базаси яратилмоқда. Жорий йилда истеъмолчиларни кўмир маҳсулоти билан таъминлаш мақсадида 33 миллион куб метр кўмир юзаси очилади. Жами 4 миллион 812 минг тонна кўмир қазиб чиқарилади. Шунингдек, 3 миллион 798 минг тонна кўмир маҳсулоти импорт қилинади.

Эшитувда Давлат солиқ қўмитаси ҳузуридаги Кадастр агентлиги директори ўринбосари Тўлқин Абдуллаев ҳам ахборот берди.

Таъкидланишича, 2021 йилнинг дастлабки беш ойида агентликка 6 354 та мурожаат келиб тушган. Шундан 1 117 таси қаноатлантирилган, 3 153 таси ҳуқуқий маълумот бериш орқали ҳал этилган ҳамда 1 818 тасига тушунтиришлар берилган. Бундан ташқари, мурожаатларнинг 97 таси рад этилган бўлса, 42 та мурожаат муаллифларнинг аризасига асосан тугатилган, 127 та мурожаат кўриб чиқиляпти.

Фуқаролардан келиб тушаётган мурожаатларга ўз вақтида жавоб бериш ва уларни қаноатлантириш учун агентлик томонидан қатор ишлар амалга ошириляпти. Хусусан, агентликнинг www.ygk.uz ёки www.kadastr.uz расмий веб-сайти ҳамда ижтимоий тармоқлардаги саҳифалари орқали аҳоли билан мулоқотлар олиб борилиб, уларнинг муаммолари  ўз ечимини топмоқда.

Кун тартибидаги масала юзасидан Автомобиль йўллари қўмитаси раиси ўринбосари Жамшид Турсуновнинг ахбороти ҳам эшитилди.

Қизғин савол-жавобларга бой бўлган тадбирда муҳокама этилган масалалар юзасидан келгусида амалга оширилиши лозим бўлган вазифалар белгилаб олинди ва қўмитанинг тегишли қарори қабул қилинди.


Кўришлар сони: 244

Депутатлар минбари

Янгиликлар

22.06.2021
Қонунчилик палатаси Спикери Парламентлараро иттифоқнинг Бош котиби билан учрашди

2021 йил 22 июнь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери Нуриддинжон Исмоилов Парламентлараро и...

22.06.2021
Ёшларнинг ҳуқуқлари ва манфаатларини ҳимоя қилиш масалалари кўриб чиқилди

2021 йил 22 июнь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасида “Мен парламентда ёшларни қўллайман” (I S...

22.06.2021
Фуқаролик процессуал кодексида янги институт жорий этилмоқда

2021 йил 22 июнь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида депутатлар “Ўзбекисто...

Тадбирлар тақвими