Cайт ранги: A A


Қўмита ва комиссиялар йиғилишлари

Ахборот технологиялари ва коммуникациялари соҳасига оид вазифалар ижроси қандай таъминланмоқда?

Ахборот технологиялари ва коммуникациялари соҳасига оид вазифалар ижроси қандай таъминланмоқда?

2021 йил 19 февраль куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Инновацион ривожланиш, ахборот сиёсати ва ахборот технологиялари масалалари қўмитаси ташаббуси билан назорат-таҳлил тадбири ўтказилди. Унда Президентимизнинг 2020 йил 2 мартдаги Фармони билан тасдиқланган “Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили” Давлат дастури тегишли бандларининг Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги томонидан бажарилишига оид масала муҳокама қилинди.

Таъкидланганидек, 2020 йилга мўлжалланган Давлат дастурида ахборот технологиялари ва коммуникациялари соҳасини янада ривожлантиришга доир бир қатор стратегик вазифалар белгиланган. Булар ижтимоий соҳа объектлари ҳамда аҳолининг чекка ҳудудларини оптик толали тезкор интернет тармоғи билан таъминлаш, таълим муассасаларининг ўқув жараёнига масофавий ўқитиш платформасини кенг жорий этиш, шунингдек, “Электрон парламент” тизими, “Ягона миллий меҳнат” дастурий тизими каби замонавий ва муҳим аҳамиятга эга бўлган лойиҳалардан иборат.

Тадбирда ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирининг биринчи ўринбосари О. Пекос Давлат дастурида белгилаб берилган жами 32 та банддан иборат барча вазифалар юз фоиз натижада ижро этилганлиги, бироқ вазирлик бу ишлар билан чекланиб қолмасдан Ўзбекистоннинг ахборот коммуникация инфратузилмасини янада яхшилаш бўйича ишлар олиб борилишини таъкидлади.

Шундан сўнг депутатлар томонидан Ўзбекистон Республикасининг ахборот сиёсатини шакллантириш борасида вазирликнинг бевосита иштирокидаги вазифалар ижроси таҳлил қилинди.

Йиғилиш давомида депутатлар ўз сайлов округларида долзарб аҳамиятга эга масалалар юзасидан саволлар бердилар. Хусусан, қўмита раиси ўринбосари Д. Ғаниев Марғилон шаҳрида қурилган IT-Park етарли интернет тезлиги билан таъминланмаганлиги сабабли мазкур марказ ишини тўла ишга тушириб бўлмаётганлигини, бу эса мавжуд резидентларни марказдан кетиб қолишларига сабаб бўлаётганлигини айтиб ўтди.

Вазирлик мутасаддилари ушбу масалага алоҳида эътибор қаратиб, тез кунларда IT-Park ни етарли даражада интернет тезлиги билан таъминлашга ваъда бердилар.

Қўмитанинг яна бир аъзоси Ш. Шарафутдинов ижтимоий соҳа объектларини кенг полосали интернет тармоғи билан таъминлашда қандай тартибга амал қилиниши билан қизиқди. Вазирликнинг ҳисоботига кўра, Ўзбекистондаги ижтимоий объектларнинг 70 фоизи кенг полосали интернет тармоғига уланган. Бироқ Фарғона вилояти Бешариқ туманида бундай инфратузилма яратилмаган.

Депутат У. Жабборовнинг қайд этишича, Давлат дастурининг 18 бандида сайловчиларнинг ягона электрон рўйхати ва сайлов жараёнини бошқариш ахборот тизимини такомиллаштириш вазифаси юклатилган. Вазирликнинг ушбу бандни бажариш бўйича берган ҳисоботида эса сайлов жараёнини бошқариш ахборот тизими ва сайловчиларнинг ягона электрон рўйхатини янада самарали ишлаши учун амалга оширилиши зарур бўлган чора-тадбирлар режаси лойиҳаси ишлаб чиқилгани ва Марказий сайлов комиссияси томонидан тасдиқлангани баён қилиниб, ушбу банд ҳам “бажарилди” деб баҳоланган. Депутат ахборот тизими ҳолати, ушбу тизимдан 2021 йил октябрь ойида бўлиб ўтадиган сайловда фойдаланса бўлиши ёки бўлмаслиги ҳақида маълумот беришни сўради.

Йиғилишда барча депутатлар саволларига жавоблар берилди.

Қизғин савол-жавоблардан сўнг, вазирлик зиммасидаги вазифаларнинг сифатли ижроси орқали соҳадаги ислоҳотлар самарасини кескин ошириш, келгусидаги қонун ижодкорлиги йўналишида депутатлар билан яқин ҳамкорликни таъминлаш масалалари муҳокама қилинди.

Тадбир якунида депутатлар томонидан соҳадаги ютуқлар билан бир қаторда йўл қўйилган камчиликларни чуқур таҳлил қилиш ва уларнинг сабабини бартараф этишга қаратилган қатор таклифлар берилди.

Муҳокама натижалари бўйича қўмитанинг тегишли қарори қабул қилинди.

 


Кўришлар сони: 105

Депутатлар минбари

Янгиликлар

26.02.2021
Чаманзор қишлоғи муаммолари ўрганилди

Шу кунларда Жиззах вилоятида хизмат сафарида бўлиб турган Oлий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери...

26.02.2021
Ноширлик соҳасини давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг асослари такомиллаштирилмоқда

Муҳокама этилаётган қонун лойиҳаси 7 боб ва 35 моддадан иборат. Унда ноширлик соҳасини давлат томонидан...

26.02.2021
Депутатлар аралашуви билан муаммо бартараф этилди

Дастлаб, депутатлар Фарғона шаҳридаги 5-оилавий поликлиникада бўлишди. Ушбу тиббиёт муассасаси 48 ...

Тадбирлар тақвими