Cайт ранги: A A


Қўмита ва комиссиялар йиғилишлари

“Давлат харидлари тўғрисида”ги қонун янги таҳрирда қабул қилинади

“Давлат харидлари тўғрисида”ги қонун янги таҳрирда қабул қилинади

Бугунги кунда давлат харидлари соҳасидаги муаммо ва камчиликлар кўплаб ноқулайлик ва эътирозларни келтириб чиқараётгани ҳеч кимга сир эмас. Масалан, харидларнинг аксарият қисми уларнинг очиқлигини ва шаффофлигини таъминловчи ахборот-коммуникация тизимидан фойдаланмаган холда амалга оширилиши, харид қилиш тартиб-таомилларини, шартнома мажбуриятларини мониторинг ва назорат қилиш тизими бугунги кундаги талабга жавоб бермаяпти. Шу билан бирга давлат харидлари жараёнидаги шикоятларни кўриб чиқиш тизимининг самарадорлик кўрсаткичи пастлиги ҳамда давлат буюртмачилари томонидан давлат харидлари соҳасидаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга риоя этмаслик холатлари ҳам мавжуд. Бу ўз навбатида давлат буюртмачилари товарларни (ишларни, хизматларни) харид қилиш учун кўп вақт сарфлашига, шунингдек инвестиция дастурлари доирасидаги лойиҳаларнинг кечикишига олиб келмоқда.

Айни пайтда Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар қўмитаси томонидан биринчи ўқишга тайёрланаётган янги таҳрирдаги “Давлат харидлари тўғрисида”ги қонун лойиҳаси амалиётда вужудга келаётган камчиликларни баратараф этишга қаратилган.

— Давлат харидлари соҳасида очиқлик ва шаффофликни таъминлаш, давлат харидлари иштирокчиларига қулайликлар ва кенг имкониятлар яратиш орқали харид қилиш тартиб-таомилларини такомиллаштириш мақсадида қонун лойиҳасига кўплаб янгиликлар киритилган, — дейди қўмита аъзоси Лейли Сейитова. — Уларга кўра, давлат харидлари соҳасида давлат буюртмачилари қамровини кенгайтириш мақсадида давлат харидларини амалга оширишнинг алоҳида тартиби белгиланган стратегик аҳамиятга эга хўжалик жамиятлари ва корхоналарни корпоратив буюртмачилар сифатида давлат харидларида иштироки таъминланади. Шунингдек, қонун лойиҳаси билан давлат харидларини қисқа муддатларда амалга оширилишини таъминлаш мақсадида уларнинг муддатлари қиcқартирилмоқда. Хусусан, амалдаги таҳрирда электрон бозор қирқ саккиз соат қилиб белгиланган бўлса, ушбу муддат бир иш кунига, аукцион - камида беш кун (амалдаги таҳрирда камида ўн кун), танлаш - камида беш кун (амалдаги таҳрирда танлов камида ўн кун) ва тендер - камида ўн беш кун (амалдаги таҳрирда тендер камида ўттиз кун) этиб белгиланмоқда.

Қўмита ҳузуридаги ишчи гуруҳи муҳокамаларида қонун лойиҳасидаги коррупциоген ҳолатларни олдини оладиган нормаларга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Масалан, давлат харидларида коррупцион ҳолатларни бартараф этиш мақсадида иштирокчи ва харид қилиш тартиб-таомиллари иштирокчисининг аффилланган шахси давлат харидлари бўйича савдоларда битта лотда иштирок этишга чеклов белгиланмоқда. Бу билан носоғлом рақобатнинг олди олинади.

Яна бир муҳим жиҳат, давлат харидлари соҳасида очиқлик ва шаффофликни таъминлаш мақсадида харид қилиш тартиб-таомиллари иштирокчилари ва давлат харидлари ижрочиларига ўзларининг таъсисчилари ва бенефициар мулкдорларини очиқлаш мажбурияти юклатилмоқда.

Қўмита аъзоларининг фикрича, конун лойихасининг қабул қилиниши халқаро рейнтингларда мамлакатимиз натижаларини яхшилашга, иқтисодиётни янада модернизациялаш бўйича давлат инвестиция дастурларини самарали амалга ошириш, маҳаллий ишлаб чиқарувчилар ва кичик бизнес субъектларини қўллаб-қувватлаш ҳамда мамлакат иқтисодиётига хорижий инвестицияларни жалб этиш имконини беради.

 


Кўришлар сони: 634

Депутатлар минбари

Новостная лента

08.04.2021
Депутатлар 279 та муаммони жойида ҳал этди

Қизғин ўтган мазкур учрашувлар давомида сайловчилар томонидан 616 та муаммо ва муаммоли вазият, ...

08.04.2021
Хотин-қизларнинг ҳуқуқий манфаатларини ҳимоя қилиш масаласи муҳокама қилинди

Аёллар соғлигини муҳофаза қилиш чоралари, тиббий хизмат қамровини кенгайтириш, оилада соғлом фарзандни...

08.04.2021
Ўзбекистон — Саудия Арабистони: парламентлараро алоқаларнинг янги босқичи

Бугунги глобаллашув жараёнида давлатлар ўртасидаги ўзаро ҳамкорлик ва яқин муносабатлар жуда муҳим...

Тадбирлар тақвими