Cайт ранги: A A


Қўмита ва комиссиялар йиғилишлари

Қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер участкаларини иккиламчи ижарага бериш қонунийлаштирилади

Қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер участкаларини иккиламчи ижарага бериш қонунийлаштирилади

2020 йил 6 февраль куни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Аграр ва сув хўжалиги масалалари қўмитасида “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси муҳокамаси юзасидан ишчи гуруҳи йиғилиши бўлиб ўтди.

Унда қайд этилганидек, бугунги кунда республика бўйича 81 мингдан ортиқ, шундан пахта-ғаллачиликда 25,6 мингта, сабзовот-полизчиликда 6 мингта, ғалла-сабзовотчиликда 7,1 мингта, боғ-узумчиликда 22,6 мингта, чорвачиликда 10 мингта ва бошқа йўналишларда 9,8 мингта фермер хўжалиги фаолият юритмоқда.

Давлатимиз раҳбарининг 2019 йил 17 июндаги “Қишлоқ хўжалигида ер ва сув ресурсларидан самарали фойдаланиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони билан тасдиқланган “Қишлоқ хўжалигида ер ва сув ресурсларидан самарали фойдаланиш концепциясини амалга ошириш бўйича “Йўл харитаси”нинг 6-бандида қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер участкаларини иккиламчи ижарага бериш, шунингдек, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер участкаларида мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилиш ҳуқуқини сақлаб қолган ҳолда, ер участкасини вақтинча фойдаланиш учун бериш шаклини амалиётга жорий қилиш юзасидан қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш вазифаси қўйилган эди.


Дарҳақиқат, қишлоқ хўжалиги ерларидан фойдаланишда иккиламчи ижара бозорига оид норматив-ҳуқуқий база яратилмагани ерларни самарали ишлаб чиқарувчиларга ўтказишга тўсқинлик қилмоқда. Айниқса, иккиламчи ижара қонун билан чекланмаганига қарамасдан, фермер хўжаликлари томонидан иккиламчи ижарага берилмоқда. Бу, ўз навбатида, турли хил ноқонуний ҳолатлар юзага келишига замин яратмоқда. Амалиётда фермер хўжаликлари ер майдонларини, айниқса, ғалладан бўшаган ерларни такрорий экинларга ва сабзовотчилик-полизчилик йўналишидаги фермерлар томонидан аҳолига иккиламчи ижарага берилмоқда. Лекин иккиламчи ижара ҳисобидан олинаётган даромад ва ушбу ерларда етиштирилаётган маҳсулотларнинг аниқ ҳисоб-китоби мавжуд эмас.

Ер участкаларига нисбатан иккиламчи ижара (субижара) амалиёти Озарбайжон, Қозоғистон, Россия Федерацияси, Украина, Арманистон, Хитой каби қатор давлатларда мавжуд.

Илғор хорижий тажриба ҳамда юзага келаётган зарурат чуқур таҳлил қилинган ҳолда, мазкур қонун лойиҳаси билан Ўзбекистон Республикасининг “Ижара тўғрисида”ги, “Фермер хўжалиги тўғрисида”ги, “Ўрмон тўғрисида”ги, “Яйловлар тўғрисида”ги қонунлари ҳамда Ер кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилмоқда.


Албатта, мазкур қонун лойиҳаси қабул қилиниши натижасида бир қатор ижобий ўзгаришларга замин яратилади.

Биринчидан, қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер участкаларини иккиламчи ижарага бериш ва бунинг ҳисобидан даромад олиш қонунийлаштирилади.

Иккинчидан, ер майдонлари янада самарали фойдаланувчиларга ўтади, ушбу ерларда етиштириладиган маҳсулотларнинг аниқ ҳисоб-китобини юритиш имкони яратилади.

Учинчидан, фермер хўжаликлари ҳисоб рақамларида эркин пул маблағлари шаклланади ва маҳсулот етиштириш харажатлари учун айланма маблағга эга бўлади.

Тўртинчидан, қишлоқ аҳолисини шартнома асосида иш билан таъминлаш ва даромад олиш имконияти кенгаяди.

Бешинчидан, қишлоқ хўжалигида фойдаланишдан чиқиб кетган суғориладиган ерлар, лалми ва ўрмон фонди ерлари, яйлов, бўз, кўп йиллик дарахтзорлар инвестициявий шартнома ёки давлат-хусусий шериклик асосида фойдаланишга киритиш имкони яратилади.

Олтинчидан, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер участкаларидан мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилиш ҳуқуқини сақлаб қолган ҳолда, ер участкасини вақтинча фойдаланиш тартиби жорий этилади.

Ишчи гуруҳ йиғилишида қонун лойиҳасини янада пишитиш юзасидан қатор фикр-мулоҳазалар билдирилди.


Кўришлар сони: 1785

Депутатлар минбари

Янгиликлар

21.06.2021
Президент мактабининг битирувчи ўқувчилари Қонунчилик палатасида

2021 йил 21 июнь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасида Президент мактабларининг битирувчи ўқувчилар...

21.06.2021
Сув ва сувдан фойдаланишда қандай ўзгаришлар бўлади?

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзЛиДеП фракциясининг навбатдаги йиғилишида жамиятимиз ҳаётининг...

21.06.2021
Ҳисоб палатаси фаолиятига оид қонун ҳужжатлари такомиллаштирилмоқда

Жорий йилнинг 21 июнь куни Ўзбекистон Экологик партияси фракциясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди...

Тадбирлар тақвими