Cайт ранги: A A


Қўмита ва комиссиялар йиғилишлари

Янги қўмита ўз фаолиятини сарҳисоб қилди

Янги қўмита ўз фаолиятини сарҳисоб қилди

2019 йил 10 январь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Фуқароларнинг соғлиғини сақлаш масалалари қўмитасининг 2018 йилдаги фаолияти якунлари ҳамда 20189 йилга мўлжалланган режаларига бағишланган матбуот анжумани ўтказилди.

Таъкидланганидек, ўтган йилнинг 4 январь куни ташкил этилган ушбу янги қўмита йил давомида бир қатор диққатга молик ишларни амалга оширишга эришди. Тадбирда қўмитанинг аввало қонун ижодкорлиги соҳасидаги фаолияти сарҳисоб қилинди. Унга кўра, қўмитада ҳисобот йилида 6 та қонун лойиҳаси кўриб чиқилди. Бугунги кунда биринчи ўқишда қабул қилинган “Инсон органлари, тўқималари ва (ёки) ҳужайраларини трансплантация қилиш тўғрисида”ги ҳамда “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартишлар ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳалари иккинчи ўқишга тайёрланмоқда.

Шу билан биргаликда, қўмита аъзолари томонидан қонунчилик ташаббуси асосида “Фуқароларнинг репродуктив саломатлигини муҳофаза қилиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси тайёрланиб, парламент қуйи палатасига киритишга тайёрлаб қўйилди.

Қўмита томонидан соҳага оид қонунлар ижроси, аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш борасида ўз ечимини кутаётган долзарб масалалар юзасидан 6 та назорат-таҳлил тадбири ўтказилди. Жумладан, 2018 йил январь-февраль ойлари давомида Оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, хусусан оналар ва гўдаклар ўлимининг олдини олиш бўйича олиб борилаётган ишлар аҳволи Бухоро, Наманган, Жиззах ва Тошкент вилоятларида ўрганилди ҳамда чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилиб, вазифалар белгилаб олинди.

Қўмита томонидан амалга оширилган аниқ ишлардан яна бири бирламчи тиббий-санитария муассасаларининг штат нормативлари ва муассасаларга штатлар ажратилиши билан боғлиқдир. Таҳлиллар натижасида нормативларда кўплаб ноаниқликлар мавжудлиги, ҳар хил ёндашувлар борлиги аниқланди. Масалан, патронаж ҳамшира шаҳардаги оилавий поликлиника учун ҳар 667 нафар аҳолига 1 ставка, ундан хизмат кўрсатиш радиуси каттароқ бўлган қишлоқ врачлик пунктлари учун ҳар 750 нафар аҳолига 1 ставка, бирламчи тизимдаги хизмат кўрсатиш радиуси энг катта бўлган қишлоқ оилавий поликлиникалари учун эса ҳар 1000 нафар аҳолига 1 ставка кўзда тутилган. Бундан ташқари, ўрганишларда тиббиёт муассасаларига штатлар тўлиқ ажратилмагани ҳолатлари ҳам аниқланди. Ўтказилган назорат-таҳлил натижасига кўра, ҳисобот йилида қўмитанинг саъй-ҳаракати билан тиббиёт муассасаларига 350 дан ортиқ штат бирлиги қўшиб берилиши таъминланди.

Аммо нормативларни қайта кўриб чиқиш, номутаносибликларга барҳам бериш ва тиббиёт муассасаларига зарур миқдорларда штатлар ажратилишини таъминлаш, умуман, бу борадаги муаммоларга тизимли, буткул барҳам бериш бўйича тегишли идоралар раҳбарларига қўмита номидан хатлар юборилди. Лекин ушбу масала ҳисобот йилида тўла ўз ечимини топмади. Мазкур ҳолатлардан келиб чиқиб, Қонунчилик палатасининг 7 январдаги ялпи мажлис қарори билан Бош вазирнинг ўринбосарига парламент сўрови юборилди.

Шу билан биргаликда, Қорақалпоғистон Республикаси, Сирдарё, Қашқадарё ва Фарғона вилоятида нефрология ва гемодиализ хизмати ҳолати ҳамда тиббиёт ходимларининг малака ошириш ва қайта тайёрлаш масалалари ҳам ўрганилиб, таҳлил қилинди. Қўмита томонидан аниқланган ҳолатлар ва уларни бартараф этиш бўйича таклифлар ишлаб чиқилди. Ушбу таклифлар Президент ва Вазирлар Маҳкамаси қарорларида ўз аксини топди.

2018 йил давомида қўмита аъзолари, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, республика илмий марказларининг етакчи мутахассисларидан иборат Ишчи гуруҳлари тузилиб, ҳудудларда аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш аҳволи ўрганиб борилди. Хусусан, Жиззах, Қашқадарё, Сирдарё, Навоий, Бухоро вилоятларининг ҳамда Тошкент шаҳрининг 70 га яқин туманидаги 520 дан ортиқ маҳаллаларда аҳоли, хусусан беморлар билан бевосита мулоқот ва учрашувлар ўтказилди. Бу жараёнда фуқаролар томонидан кўтарилган 4600 дан ортиқ масаланинг қарийб 71 фоизи жойида ҳал этилди. Тор соҳа мутахассислари томонидан жами 15 минг нафар фуқаро чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилди, шунингдек, 377 нафар юртдошимиз ногиронлар аравачаси, эшитиш мосламалари, қўлтиқтаёқ ва ҳассалар билан таъминланди.

Ҳисобот даврида парламент эшитуви институтидан ҳам самарали фойдаланилди. Қонунчилик палатасида қўмита томонидан Соғлиқни сақлаш вазирининг аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш аҳволи юзасидан икки марта ахбороти эшитуви ташкил қилинди. Шунингдек, парламент қуйи палатасида қарор топган анъанага мувофиқ, “Ҳукумат соати”да соғлиқни сақлаш вазири биринчи ўринбосарининг аҳолини ва тиббиёт муассасаларини сифатли дори воситалари билан таъминлаш борасидаги вазифалар бўйича, қўмитада эса, соғлом овқатланиш ва соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш борасидаги ахбороти ҳамда вазир ўринбосарининг оналик ва болаликни муҳофаза қилиш соҳасидаги амалга оширилган ишлар юзасидан ахборотлари эшитилди.

Қўмита томонидан жойларда ўтказилган ўрганишлардан келиб чиқиб, соғлиқни сақлаш соҳасига оид 2 та парламент сўрови юборилди. Қўмита аъзолари томонидан сайловчилар манфаатларидан келиб чиққан ҳолда, 31 та депутат сўрови орқали тегишли вазирлик ва идоралар олдига масалалар қўйилди.

Фуқароларнинг соғлиғини сақлаш масалалари қўмитаси томонидан ўтган даврда 15 та давра суҳбати, 2 та семинар ва 1 та конференция ўтказилди. Жисмоний ва юридик шахсларнинг жами 547 та мурожаатлар кўриб чиқилди.

Матбуот анжуманида журналистларга қўмитанинг 2018 йилдаги фаолиятининг бошқа қирралари ҳақида ҳам аниқ мисоллар ёрдамида маълумот берилди. 2019 йилга мўлжалланган устувор вазифалар хусусида ҳам атрофлича тўхталиб ўтилди.


Кўришлар сони: 8356

Депутатлар минбари

Янгиликлар

23.09.2021
Институт раҳбарияти томонидан депутат номига миннатдорчилик хати келди

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Азамжон Тўлабоев номига Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини...

23.09.2021
Ҳар қандай дарднинг давоси бор. Энди хорижга боришга ҳожат қолмайди

Сирдарёлик Олег Ким бу йил йигирма ёшни қарши олди. Лекин олти йилдан буён буйраклар хасталигидан...

23.09.2021
Қонун лойиҳасидаги бўшлиқлар тўлдирилмоқда

Мутахассислар таъкидлашича, қонун лойиҳасининг қабул қилиниши трансплантация билан боғлиқ тиббий...

Тадбирлар тақвими