Cайт ранги: A A


Палата мажлислари

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди. Мажлисни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери Д.Тошмуҳамедова олиб борди.

Депутатлар Қонунчилик палатаси Кенгаши томонидан таклиф этилган кун тартибини тасдиқладилар.

Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар қўмитасининг аъзоси Ғ.Сафаров «Баҳолаш фаолияти тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги қонун лойиҳасини тақдим этди. Мазкур тузатишлар баҳолаш ташкилотлари фаолиятини, уларнинг ташкилий-ҳуқуқий шаклларини, тарафларнинг манфаатларини ҳимоя қилиш ва ушбу соҳадаги бошқа масалаларни тартибга солувчи нормаларни янада аниқроқ белгилаш мақсадини кўзлайди. Ҳужжатнинг барча сиёсий партиялар фракциялари вакиллари сўзга чиққан батафсил муҳокамасидан сўнг Қонунчилик палатаси Қонунни қабул қилди. Қонун маъқуллаш учун Сенатга юборилади.

«Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси ҳақида Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар қўмитасининг аъзоси Ш.Абдуллаева маъруза қилди. Қонун лойиҳаси Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Микрокредитбанк» акциядорлик тижорат банкининг тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш борасидаги фаолиятини янада кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги, «Иқтисодиёт реал сектори корхоналарининг молиявий барқарорлигини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонларига мувофиқ ишлаб чиқилган. Айрим ҳуқуқий нормаларни аниқлаштириш юзасидан депутатлар томонидан киритилган таклифларни муҳокама қилгач, Қонунчилик палатаси қонун лойиҳасининг асосий қоидаларини маъқуллади ва уни биринчи ўқишда қабул қилди.

Халқаро ишлар ва парламентлараро алоқалар қўмитасинининг раиси М.Тешабоев «Ўзбекистон Республикаси ва Япония ўртасида инвестицияларни либераллаштириш, рағбатлантириш ва ҳимоя қилиш тўғрисидаги Битимни (Тошкент, 2008 йил 15 август) ратификация қилиш ҳақида»ги қонун лойиҳаси тўғрисида ахборот берди. Қонун лойиҳасини муҳокама қилиш чоғида депутатлар мазкур ҳужжатнинг қабул қилиниши ва пировардида Битимнинг кучга кириши Ўзбекистон Республикаси иқтисодиётига Япония инвестицияларини жалб қилишни фаоллаштириш, ўзбекистонлик инвесторлар Япония ҳудудида фаолият кўрсатиши ва уларнинг ҳуқуқларини кафолатлашнинг ишончли қонунчилик базасини яратиш имкониятини беради. Ҳужжатни муҳокама қилиш чоғида депутатлар томонидан билдирилган фикрларни ҳисобга олган ҳолда Қонунчилик палатаси Қонунни қабул қилди.

«Ўзбекистон Республикаси Оила кодексининг 17-моддасига қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳасини Қонунчилик ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитасининг аъзоси М.Маҳаметова тақдим этди. Таклиф этилган ўзгартишлар фуқароларнинг никоҳдан ўтиши пайтидаги алоҳида ҳолатлар ва шароитларни ҳисобга олиш имконини беради. Қонун лойиҳаси бошқа мамлакатларнинг ўхшаш масалаларни қонун йўли билан тартибга солиш борасидаги тажрибаси, шунингдек Ўзбекистон мутахассислари ҳамда экспертларининг фикрлари ва хулосалари ҳисобга олинган ҳолда ишлаб чиқилган. Киритилаётган тузатишларни батафсил муҳокама қилгандан сўнг депутатлар қонун лойиҳасининг концепциясини маъқуллаб, уни биринчи ўқишда қабул қилдилар ва масъул қўмитага уни иккинчи ўқишда кўриб чиқиш учун маромига етказишни топширдилар.

Депутатлар Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг 2008 йилдаги фаолияти тўғрисидаги ҳисоботни кўриб чиқдилар. Ўтган йили парламентнинг қуйи палатаси Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов томонидан илгари сурилган мамлакатни ривожлантириш концепциясига мувофиқ олиб борилаётган кенг кўламдаги ислоҳотларнинг ҳуқуқий базасини янада такомиллаштириш борасида катта ишларни амалга оширди. Ҳисобот даврида қабул қилинган қонунларнинг ижроси устидан назорат қилишга, аҳоли ўртасида тушунтириш ишлари олиб боришга, парламентлараро алоқаларни ривожлантириш ва мустаҳкамлашга, қонунчилик фаолиятининг шакллари ва усулларини такомиллаштиришга, «Давлат бошқарувини янгилаш ва янада демократлаштириш ҳамда мамлакатни модернизация қилишда сиёсий партияларнинг ролини кучайтириш тўғрисида»ги Конституциявий Қонунга мувофиқ парламентда сиёсий партиялар фракцияларининг фаоллигини оширишга катта эътибор берилди. Муҳокама пайтида билдирилган фикрларни ҳисобга олган ҳолда Қонунчилик палатаси ҳисоботни маъқуллади ва тегишли қарор қабул қилди.

Депутатлар Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг 2009 йилга мўлжалланган фаолиятининг асосий  йўналишларини ҳам кўриб чиқдилар. Унда Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов томонидан Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 16 йиллигига бағишланган тантанали мажлисдаги нутқида олдинга қўйилган вазифаларга мувофиқ депутатларнинг қонун ижодкорлиги ва назорат-таҳлил фаолиятининг устуворликлари белгиланган. Парламент қуйи палатасининг ишида суд-ҳуқуқ ислоҳотини бундан буён ҳам амалга оширишга, бозор ислоҳотларини чуқурлаштириш ва иқтисодиётни либераллаштиришга, мамлакат иқтисодиётининг реал секторини мустаҳкамлашга, шунингдек ижтимоий соҳанинг қонунчилик базасини такомиллаштиришга  қаратилган қонун лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва тадбирлар ўтказиш режалаштирилган. Кўриб чиқилган масала юзасидан тегишли қарор қабул қилинди.


Кўришлар сони: 12563

Депутатлар минбари

Янгиликлар

27.10.2021
Ҳар бир мурожаат қонуний ечим топиши керак

Халқ билан мулоқот. Кейинги йилларда мамлакатимизда халқ билан мулоқот қилиш, мурожаатлар билан ишла...

27.10.2021
A.Саидов Буюк Британия парламенти Лордлар палатаси аъзоси Б.Сатти билан учрашди

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари Aкмал Саидов 27 октябрь куни Буюк...

27.10.2021
Спикер Н. Исмоилов Президент сайловининг эълон қилинган якунларига баҳо берди

Ўзбекистон халқи жамиятимизда рўй бераётган шаҳдам ва давомли ютуқларни, кўламдор ижобий ўзгаришларни,...