Cайт ранги: A A


Палата мажлислари

23 январь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди.

Депутатлар Қонунчилик палатаси Кенгаши таклиф этган кун тартибини тасдиқладилар.

Қонунчилик палатаси Э.Халиловни саломатлигига кўра ўз аризасига биноан у эгаллаб турган Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Спикери лавозимидан озод қилиш тўғрисидаги масалани кўриб чиқди ва тегишли қарор қабул қилди. «Адолат» Социал-демократик партиясидан сайланган депутатлар фракцияси раҳбари Д.Тошмуҳамедова Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Спикери этиб сайланди.

Мажлисда депутатлар Фан, таълим, маданият ва спорт масалалари қўмитаси раисининг ўринбосари А.Маматовнинг маърузаси бўйича «Таълим тўғрисида»ги қонун лойиҳаси кўриб чиқдилар. Савол-жавоблардан кейин бўлиб ўтган қонун лойиҳасининг муҳокамаси чоғида ушбу ҳужжатнинг қабул қилиниши мамлакатимизда таълим тизимини янада такомиллаштириш, мустақиллик ва демократия ғояларига содиқ баркамол ёшларни тарбиялаш учун муҳим эканлиги таъкидланди. Баён этилган таклифларни ҳисобга олган ҳолда Қонунчилик палатаси қонун лойиҳасининг асосий қоидаларини маъқуллаб,  уни биринчи ўқишда қабул қилди.

Депутатлар Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитасининг аъзоси Т.Раҳимов тақдим этган «Ўзбекистон Республикасининг Ядровий терроризм актларига қарши кураш тўғрисидаги халқаро конвенцияга (Нью-Йорк, 2005 йил 13 апрель) қўшилиши ҳақида»ги қонун лойиҳасини кўриб чиқдилар. Қонунчилик палатаси депутатлар томонидан киритилган таклифларни муҳокама қилиб, қонун лойиҳасининг концепциясини маъқуллади ва уни биринчи ўқишда қабул қилди.

«Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 58-моддасига қўшимча ва ўзгартиш киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳасини Қонунчилик ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитасининг аъзоси А.Тўхташев тақдим этди. Савол-жавоблар ва бўлиб ўтган муҳокамадан сўнг депутатлар қонун лойиҳасининг асосий қоидаларини маъқуллаб, уни биринчи ўқишда қабул қилдилар.

Қонунчилик ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси раисининг ўринбосари С.Жабборов «Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги қонун лойиҳаси тўғрисида маъруза қилди. Ушбу ҳужжатнинг муҳокамаси чоғида тушган таклифларни эшитиб ҳамда муҳокама қилиб, Қонунчилик палатаси қонун лойиҳасининг концепциясини маъқуллади ва уни биринчи ўқишда қабул қилди.

Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар қўмитаси аъзоси А.Тўхтабоевнинг маърузаси бўйича депутатлар «Хорижий инвесторлар томонидан Ўзбекистон Республикасига ўз ишлаб чиқариш эҳтиёжлари учун олиб кириладиган мол-мулкка нисбатан божхона имтиёзларини қўллашнинг тартибга солиниши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳасини кўриб чиқдилар. Бўлиб ўтган муҳокама чоғида киритилган таклифлар ҳисобга олинган ҳолда қонун лойиҳаси биринчи ўқишда қабул қилинди.

Қонунчилик палатаси Коллектив хавфсизлик тўғрисидаги шартнома ташкилоти доирасида қабул қилинган халқаро шартномаларга Ўзбекистон Республикасининг қўшилиши ҳақидаги қатор қонун лойиҳаларини кўриб чиқди. Ушбу масалалар бўйича Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитасининг аъзолари И.Коренев, Н.Каримов, У.Исмоилов маъруза қилдилар. Савол-жавоблар ва бўлиб ўтган муҳокамадан сўнг Қонунчилик палатаси кўриб чиқилган қонунларни қабул қилди.

«Ихтиролар, фойдали моделлар ва саноат намуналари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикасининг Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги Ўзбекистон Республикаси қонуни лойиҳаси тўғрисида Фан, таълим, маданият ва спорт масалалари қўмитасининг аъзоси Н.Алимов маъруза қилди. Қонунчилик палатаси қонун лойиҳасининг асосий қоидаларини маъқуллаб, уни биринчи ўқишда қабул қилди.

Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар қўмитасининг аъзоси С.Маҳмудов «Қимматли қоғозлар бозори тўғрисида»ги қонун лойиҳасини иккинчи ўқишда тақдим этди. Мазкур ҳужжатнинг моддама-модда муҳокамаси чоғида барча сиёсий партиялар фракцияларининг вакиллари қонун лойиҳасини такомиллаштириш юзасидан фикр-мулоҳазалар билдирдилар. Киритилган таклифлар ҳисобга олинган ҳолда қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда қабул қилинди.

Кўришлар сони: 10745

Депутатлар минбари

Янгиликлар

28.09.2021
Нобанк кредит ташкилотларининг шаклланиши ва ривожланиши учун қулай шароит яратилади

Бугунги кунда мамлакатимизда жами 134 та нобанк кредит ташкилоти фаолият юритмоқда. Лекин ушбу фаолият...

28.09.2021
Адвокат бўлиш истагини билдирган шахслар учун қандай чекловлар олиб ташланмоқда

2021 йил 28 сентябрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Коррупцияга қарши курашиш ва суд-ҳуқуқ...

28.09.2021
Туркистон декларацияси қабул қилинди

Жорий йилнинг 28 сентябрь куни Туркистон шаҳрида Туркий тилли давлатлар парламент Aссамблеясининг...