Cайт ранги: A A


Палата мажлислари

21 февраль куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди.

Мажлисни Ўзбекистон Республикаси  Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Спикери Д.Тошмуҳамедова олиб борди.

Депутатлар Қонунчилик палатаси Кенгаши тақдим этган кун тартибини тасдиқладилар.

Депутатлар сиёсий партияларнинг 2007 йилдаги фаолиятини молиялаштириш манбалари тўғрисидаги ҳисоботларини эшитдилар. Мазкур масала юзасидан Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси Сиёсий кенгаши Ижроия қўмитасининг раиси М.Тешабоев, Ўзбекистон «Адолат» социал-демократик партияси Марказий тафтиш комиссиясининг раиси Ю.Нишонов, Ўзбекистон Фидокорлар миллий-демократик партияси Марказий кенгашининг биринчи котиби А.Турсунов, Ўзбекистон Халқ демократик партияси Марказий кенгашининг раиси Л.Ғуломов, Ўзбекистон «Миллий тикланиш» демократик партияси Марказий кенгашининг раиси Х.Дўстмуҳамедов сўзга чиқдилар.

Сиёсий партияларнинг ҳисоботларини кўриб чиқиш Ўзбекистон Республикасининг Ҳисоб палатаси, Адлия вазирлиги, Марказий сайлов комиссияси, шунингдек оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирокида ўтди.

Ҳисоботларни муҳокама қилиш чоғида депутатлар «Давлат бошқарувини янгилаш ва янада демократлаштириш ҳамда мамлакатни модернизация қилишда сиёсий партияларнинг ролини кучайтириш тўғрисида»ги Конституциявий Қонуннинг кучга кириши муносабати билан сиёсий партияларнинг молиявий интизомини мустаҳкамлаш алоҳида аҳамият касб этишини таъкидладилар. Қонунчилик палатаси сиёсий партияларнинг 2007 йилдаги фаолиятини молиялаштириш манбалари тўғрисидаги ҳисоботларини маълумот учун қабул қилди.

«Божхона имтиёзларининг қўлланилиш тартибини такомиллаштириш мақсадида Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартишлар киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳасини Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар қўмитасининг аъзоси А.Тўхтабоев тақдим этди. Ҳужжатни муҳокама қилиш чоғида депутатлар тегишли қонунларга ўзгартишлар ва қўшимчалар киритишнинг муҳимлигини таъкидладилар ҳамда ушбу Қонунни қабул қилиш учун овоз бердилар.

Қонунчилик ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитасининг аъзоси А.Тўхташев «Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 58-моддасига қўшимча киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси ҳақида  ахборот берди. Депутатлар қонун лойиҳасининг муҳокамаси чоғида билдирилган  таклифларни ҳисобга олган ҳолда Қонунни қабул қилдилар.

Қонунчилик ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитасининг раиси Н.Исмоилов «Транспорт воситалари эгаларининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси ҳақида маъруза қилди. Савол-жавоблардан кейин ҳужжат барча сиёсий партиялар фракциялари вакилларининг иштирокида моддама-модда муҳокама қилинди. Қонунчилик палатаси баён этилган фикрларни ҳисобга олган ҳолда Қонунни қабул қилди.

«Транспорт воситалари эгаларининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни қабул қилинганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги қонун лойиҳасини ҳам Қонунчилик ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитасининг раиси Н.Исмоилов тақдим этди. Муҳокама чоғида билдирилган барча таклифларни эшитиб ва муҳокама қилиб, депутатлар қонун лойиҳасини иккинчи ўқишда маъқулладилар ҳамда масъул қўмитага уни учинчи ўқишда муҳокамага киритиш учун маромига етказишни топширдилар.

Қонунчилик ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитасининг аъзоси Ф.Ражабов «Одамлар савдосига қаршилик кўрсатиш тўғрисида»ги қонун лойиҳасини тақдим этди. Ҳужжатнинг муҳокамаси чоғида депутатлар фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари, қонуний манфаатларига тажовуз қилишнинг  бундай турининг олдини олишга доир ишончли ҳуқуқий база яратиш муҳимлигини таъкидладилар ва унинг айрим нормаларини такомиллаштиришга қаратилган қатор таклифлар киритдилар. Билдирилган мулоҳазаларни ҳисобга олган ҳолда Қонунчилик палатаси қонун лойиҳасининг концепциясини  маъқуллади ва уни биринчи ўқишда қабул қилди.

Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар қўмитасининг аъзоси Ш.Тешаев «Ўзбекистон Республикаси Божхона кодексининг 109-моддасига ўзгартиш киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси ҳақида маъруза қилди. Савол-жавоблар ва батафсил муҳокамадан сўнг депутатлар ҳужжатнинг қоидаларини маъқуллаб, Қонунни қабул қилдилар.

Депутатлар Фан, таълим, маданият ва спорт масалалари қўмитасининг аъзоси А.Каримов томонидан тақдим этилган «Давлат мукофотлари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг

16-моддасига қўшимча киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳасини кўриб чиқдилар. Қонунчилик палатаси ҳужжатнинг муҳокамаси чоғида депутатлар билдирган фикрларни ҳисобга олган ҳолда Қонунни қабул қилди.

Кўришлар сони: 15175

Депутатлар минбари

Янгиликлар

28.09.2021
Нобанк кредит ташкилотларининг шаклланиши ва ривожланиши учун қулай шароит яратилади

Бугунги кунда мамлакатимизда жами 134 та нобанк кредит ташкилоти фаолият юритмоқда. Лекин ушбу фаолият...

28.09.2021
Адвокат бўлиш истагини билдирган шахслар учун қандай чекловлар олиб ташланмоқда

2021 йил 28 сентябрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Коррупцияга қарши курашиш ва суд-ҳуқуқ...

28.09.2021
Туркистон декларацияси қабул қилинди

Жорий йилнинг 28 сентябрь куни Туркистон шаҳрида Туркий тилли давлатлар парламент Aссамблеясининг...