Cайт ранги: A A


Палата мажлислари

13 март куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди.

Мажлисни Ўзбекистон Республикаси  Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Спикери Д.Тошмуҳамедова олиб борди.

Депутатлар Қонунчилик палатаси Кенгаши тақдим этган кун тартибини тасдиқладилар.

Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатасининг 2007 йилги ҳисоботи тўғрисида палата раиси Б.Мусаев маъруза қилди. Маърузада  таъкидландики, ҳисобот даврида Ҳисоб палатасининг фаолияти мамлакатимизда иқтисодий ислоҳотларни чуқурлаштиришнинг асосий йўналишларини рўёбга чиқаришга доир устувор вазифалардан келиб чиққан ҳолда олиб борилди. «Бюджет тизими тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунини бажара бориб, Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети ижросининг ташқи аудити ўтказилди, Давлат бюджети даромадларини ва бюджетдан ташқари мақсадли фондларни шакллантиришнинг тўлиқлиги текширилди.

Тузилмавий  ислоҳотлар миқёсини кенгайтириш мақсадида ким ошди, биржа ва танлов савдолари орқали давлат активларининг реализация қилиниши, шунингдек хусусийлаштиришдан келадиган маблағларнинг ўз вақтида тушиши ва тўғри тақсимланиши ўрганилди. Солиқ сиёсатини янада такомиллаштириш, ресурсларни тежаш ва улардан оқилона фойдаланиш мақсадида айрим тармоқларда бюджет фондлари ва бюджетдан ташқари фондларга қарздорликнинг юзага келиш сабаблари ўрганилди. Давлат бюджети маблағларидан оқилона фойдаланилишини таъминлаш мақсадида сиёсий партиялар молиявий маблағларининг шаклланиши ва улардан мақсадли фойдаланилиши текширилди.

Қонунчилик палатаси Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатасининг 2007 йилги ҳисоботини маъқуллади ва тегишли қарор қабул қилди. «Транспорт воситалари эгаларининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни қабул қилинганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги қонун лойиҳасини Қонунчилик ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитасининг раиси Н.Исмоилов тақдим этди.

Савол-жавоблар ва айрим ҳуқуқий нормаларни янада такомиллаштиришга қаратилган таклифлар муҳокама қилинганидан кейин депутатлар Қонунни қабул қилдилар. Қонун маъқуллаш учун Сенатга юборилади.

Қонунчилик ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитасининг аъзоси Ф.Ражабов «Одам савдосига қарши курашиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси ҳақида маъруза қилди. Савол-жавоблардан кейин ҳужжат моддама-модда муҳокама қилинди, муҳокама давомида барча сиёсий партиялар фракцияларининг вакиллари мамлакатимизда фуқаролар ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларига тажовуз қилиш бундай турининг олдини олиш учун пухта ҳуқуқий база яратиш муҳимлигини таъкидладилар. Қонун лойиҳасининг айрим нормаларини такомиллаштиришга қаратилган таклифлар киритилди. Билдирилган фикрларни ҳисобга олган ҳолда Қонунчилик палатаси қонун лойиҳасини иккинчи ўқишда қабул қилди ва масъул қўмитага уни учинчи ўқишда кўриб чиқиш учун маромига етказишни топширди.

«Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 224-моддасига ўзгартиш киритиш ҳақида»ги қонун лойиҳасини Қонунчилик ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси раисининг ўринбосари С.Жабборов тақдим этди. Ҳужжатни такомиллаштириш юзасидан қатор таклифлар билдирилган муҳокамадан кейин Қонунчилик палатаси Қонунни қабул қилди.

Халқаро ишлар ва парламентлараро алоқалар қўмитаси аъзоси С.Абдуллаевнинг маърузаси юзасидан депутатлар  «Ишга қабул қилиш учун энг кичик ёш тўғрисидаги конвенцияни (Женева, 1973 йил 26 июнь) ратификация қилиш ҳақида»ги қонун лойиҳасини кўриб чиқдилар. Муҳокама давомида киритилган таклифларни эшитиб ҳамда муҳокама қилиб, депутатлар ҳужжатни маъқулладилар ва Қонунни қабул қилдилар.

«Болалар меҳнатининг оғир шаклларини тақиқлаш ва йўқ қилишга доир шошилинч чоралар тўғрисидаги конвенцияни (Женева,  1999 йил

17 июнь) ратификация қилиш ҳақида»ги қонун лойиҳасини депутатлар кўриб чиқиши учун Халқаро ишлар ва парламентлараро алоқалар қўмитасининг аъзоси Г.Аннақличева тақдим этди. Савол-жавоблар ва келиб тушган таклифларнинг батафсил муҳокамасидан кейин Қонунчилик палатаси Қонунни қабул қилди.

«Миллий музей фонди ва музейлар тўғрисида»ги қонун лойиҳаси ҳақида Фан, таълим, маданият ва спорт масалалари қўмитасининг аъзоси О.Исаев маъруза қилди. Депутатлар ҳужжатни муҳокама қилиш чоғида келиб тушган таклифларни ҳисобга олган ҳолда қонун лойиҳасининг асосий қоидаларини маъқуллаб, уни биринчи ўқишда қабул қилдилар.


Кўришлар сони: 14822

Депутатлар минбари

Янгиликлар

28.09.2021
Нобанк кредит ташкилотларининг шаклланиши ва ривожланиши учун қулай шароит яратилади

Бугунги кунда мамлакатимизда жами 134 та нобанк кредит ташкилоти фаолият юритмоқда. Лекин ушбу фаолият...

28.09.2021
Адвокат бўлиш истагини билдирган шахслар учун қандай чекловлар олиб ташланмоқда

2021 йил 28 сентябрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Коррупцияга қарши курашиш ва суд-ҳуқуқ...

28.09.2021
Туркистон декларацияси қабул қилинди

Жорий йилнинг 28 сентябрь куни Туркистон шаҳрида Туркий тилли давлатлар парламент Aссамблеясининг...