Cайт ранги: A A


Палата мажлислари

Қонун лойиҳаларида қандай нормалар белгиланмоқда?

Қонун лойиҳаларида қандай нормалар белгиланмоқда?

Сўнгги йилларда мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар натижасида парламент томонидан маъмурий-ҳудудий бирликларни ташкил этиш ҳамда уларнинг чегараларини ўзгартириш билан боғлиқ 25 дан ортиқ қарорлар қабул қилинди.

Янги ташкил этилган маъмурий-ҳудудий бирликларда маҳаллий кенгашларга сайловларни ташкил этиш, жумладан тегишли сайлов комиссияларини тузиш, сайлов округлари сонини белгилаш ва уларни тузиш, янги тузилган ҳудуддаги маҳаллий Кенгаш ваколат муддатини аниқлашда турли ёндашувлар мавжуд эди.

Ушбу жараёнларнинг аниқ механизмларини қонунчиликда белгилаш мақсадида бир гуруҳ депутатлар ташаббуси билан “Халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларига сайлов жараёни такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига қўшимча ва ўзгартишлар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилиб, жорий йилнинг 24 май куни Қонунчилик палатаси томонидан биринчи ўқишда концептуал жиҳатдан маъқулланган эди.

2022 йил 11 июнь куни бўлиб ўтган Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида сиёсий партиялар фракциялари таклифлари асосида маромига етказилган мазкур қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда кўриб чиқилди.

Қонун лойиҳаси билан 1 та кодекс ва 2 та қонунга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш назарда тутилмоқда. Жумладан, Сайлов кодекси янги ташкил этилган вилоят, туман, шаҳарда халқ депутатлари Кенгашига сайловни ўтказиш учун сайлов округлари сонини белгилаш ва сайловни ўтказиш бўйича тегишли сайлов комиссияларини тузиш ҳамда янги ташкил этилган маъмурий-ҳудудий бирликларда маҳаллий Кенгашлар амалдаги маҳаллий кенгашлар ваколати муддатига сайланишига ва сайловни ўтказишга оид нормалар билан тўлдирилмоқда.

Хусусан, “Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгаши депутатининг мақоми тўғрисида”ги Қонунда сайлов округининг ҳудуди бошқа маъмурий-ҳудудий бирлик таркибига ўтказилганда ёки янги ҳудудий бирлик ташкил этилганда, ушбу сайлов округларидан сайланган депутатнинг ваколатлари муддати тугатилмаслиги ва маҳаллий Кенгашининг ваколатлари муддатига мувофиқ бўлиши назарда тутилмоқда.

Шунингдек, “Ўзбекистон Республикасининг маъмурий-ҳудудий тузилиши тўғрисида”ги Қонун янги 401-модда билан тўлдирилиб, унда маъмурий-ҳудудий тузилиш масалаларини ҳал қилишда сайлов округларининг чегараларини ўзгартиришга оид қоидалар белгиланмоқда.

Мажлисда таъкидланганидек, қонун лойиҳаси янги маъмурий-ҳудудий бирликлар ташкил этилганда ёки маъмурий-ҳудудий бирликларнинг чегаралари ўзгартирилганда сайловларни ўтказиш ҳамда мазкур ҳудудлардаги депутатларнинг ваколатлари билан боғлиқ ҳуқуқий бўшлиқларни бартараф қилишга хизмат қилади.

 

Шу билан бирга, мажлисда депутатлар ташаббуси билан ишлаб чиқилган яна бир қонун лойиҳаси кўриб чиқилди. Унга кўра, “Ўзбекистон Республикасининг референдуми тўғрисида”ги Қонунга Сайлов кодексига сўнгги йилларда киритилган ўзгартишлардан келиб чиққан ҳолда референдум ўтказувчи комиссиялар ваколатларини аниқлаштириш, комиссиялар қарорлари юзасидан берилган шикоятларни кўриб чиқиш, кузатувчиларнинг ҳуқуқларини кенгайтириш ва бошқа бир қатор тузатишлар киритиш назарда тутилган.

Юқорида таъкидлаб ўтилган қонун лойиҳалари “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги ягона қонун лоийҳасига бирлаштирилиб, учинчи ўқишда қабул қилинди.


Кўришлар сони: 685

Депутатлар минбари

Янгиликлар

12.08.2022
Депутатларнинг танқидига нима сабаб бўлди?

Таъкидланганидек, жорий йилда 413 та маҳалла ва қишлоқда ободонлаштириш ишлари олиб борилиши, 8 ...

12.08.2022
Инсон ҳуқуқлари соҳасида амалга оширилаётган ишлар муҳокама қилинди

2022 йил 12 август куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасида Инсон ҳуқуқлари соҳасида Ўзбекистон Республикасининг...

12.08.2022
Конституциявий конун лойиҳаси халқимиз таклифлари асосида маромига етказилмоқда

2022 йил 12 август куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди. Унда ...