Cайт ранги: A A


Палата мажлислари

Давлат бюджети: унинг ижросини депутатлар қандай баҳолашди?

Давлат бюджети: унинг ижросини  депутатлар қандай баҳолашди?

2021 йил 26 ноябрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида депутатлар Давлат бюджетининг ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг 2021 йил 9 ойи якунлари ижроси тўғрисидаги ҳисоботни кўриб чиқдилар.

Кун тартибидаги масала юзасидан Ўзбекистон Республикаси Молия вазири Темур Ишметов маъруза қилди.

Мазкур ҳисобот аввалроқ, қуйи палатанинг Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар қўмитасида, сиёсий партиялар фракциялари йиғилишларида дастлабки тарзда муҳокама қилинган эди.

Ҳукумат тақдим этган ҳисоботга кўра, Давлат бюджетининг ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг ижроси Ўзбекистон Республикасининг “2021 йил учун Давлат бюджети тўғрисида”ги Қонунида белгиланган бюджет параметрлари доирасида амалга оширилиб, пандемия оқибатларини бартараф этишга қаратилган.

Мажлисда таъкидланганидек, жорий йилнинг 9 ойи якунига кўра, Ўзбекистон иқтисодиёти 6,9 фоизга ўсган, инфляция йил бошидан 5,9 фоизни ташкил этган. Давлат бюджети даромадлари 116,0 трлн сўмни ташкил этиб, белгиланган прогноз 108,4 фоизга ошириб бажарилган. Даромадлар ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 21,6 трлн сўмга кўп бўлган бўлса, харажатлари давлат мақсадли жамғармаларисиз 130,3 трлн сўмни ташкил этган.

Пандемия келтириб чиқарган қийинчиликларга қарамай, Давлат бюджетининг 2021  йил 9 ой харажатлари давлат мақсадли жамғармаларисиз 130 265,1 млрд сўмни аниқланган режа кўрсаткичларига нисбатан 95,8 фоиз ёки ЯИМ га нисбатан 25,1 фоизни ташкил этган. Бюджет ташкилотларининг 40,8 трлн сўмлик иш ҳақи ва унга тенглаштирилган тўловлари ҳамда 8,3 трлн сўмлик иш ҳақига нисбатан ажратмалари ўз муддатларида тўлиқ молиялаштирилиши таъминланган.

Шунингдек, 2021 йил учун ажратилган бюджет маблағлари ҳисобидан 287 та мактабгача таълим муассасалари, 615 та умумтаълим мактаблари, 105 та тиббиёт муассасалари, 6 та олий ўқув юрти бинолари, 3 та талабалар турар жойларини қуриш ва реконструкция қилиш, шунингдек, 300 та объектда 4 минг километрдан зиёд ичимлик ва оқова сув қувурларини тортиш, 420 та иншоотда қуриш ва реконструкция қилиш ишлари ҳисобига 1 млн 800 минг нафардан ортиқ фуқароларнинг ичимлик сув таъминоти яхшиланишига эришилган.

Мажлисда ҳисобот даврида ижтимоий харажатларни молиялаштириш учун Давлат бюджетидан 64 038,0 млрд сўм ёки умумий харажатларнинг 49,2 фоизи миқдорида маблағ сарфлангани, бу харажатлар ЯИМ га нисбатан 12,3 фоизни ташкил этгани қайд этилди. Ижтимоий харажатларнинг асосий қисмини ташкил этган таълим тизими муассасаларини сақлаш ва уларни ривожлантириш харажатларига Давлат бюджетидан 27 425,9 млрд сўм маблағ йўналтирилгани таъкидланди.

Ҳисобот даврида аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилган. Хусусан, соғлиқни сақлаш соҳасига Давлат бюджетидан 16 509,8 млрд сўм миқдорида маблағлар йўналтирилган. Бу эса ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 2 871,3 млрд сўмга кўп демакдир.

Мажлисда депутатлар эътиборни, энг аввало, бюджет маблағларидан мақсадли ва самарали фойдаланиш масалаларига қаратдилар.  Айрим вазирлик ва идоралар томонидан ривожлантириш дастурлари учун харажатлар ва капитал қўйилмалар тўлиқ ўзлаштирилмаганини салбий баҳоладилар.

Ўтган 9 ойда мактабгача таълим муассасаларининг қурилиш-таъмирлаш ишлари учун ажратилган 1 141,1 млрд. сўмдан 629,1 млрд. сўми, умумтаълим мактаблари учун ажратилган 3 231,8 млрд. сўмдан 2 364,9 млрд. сўми, тиббиёт муассасалари учун ажратилган маблағларнинг 1 644,5 млрд. сўмдан 926,8 млрд. сўми ёки 56,4 фоизи ўзлаштирилгани танқид остига олинди.

Шу билан бирга, Давлат бюджети ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг маблағларидан мақсадли фойдаланиш борасида ҳам камчиликларга йўл қўйилган. Давлат молиявий назорати тадбирлари давомида 728,8 млрд. сўм миқдоридаги молиявий хатоликлар, шундан 83,7 млрд. сўм миқдоридаги пул маблағлари ва моддий бойликлар камомади аниқланган.

Муҳокамалар жараёнида депутатлар томонидан бюджетни шакллантириш ва ижросини таъминлашда натижадорлик муҳим экани таъкидланди. Бу борада молия ҳамда бошқа мутасадди вазирлик ва идораларга бюджет маблағларининг натижадорлигига оид маълумотларни кўпроқ ёритиш масаласи қўйилди.

Мазкур камчиликларни бартараф этиш, бюджетдан ажратилаётган маблағларнинг самарали ҳамда мақсадли сарфланишини таъминлашда мутасадди вазирликлар ва идоралар, ҳокимликлар масъулиятини янада ошириш, бюджетдан маблағ олувчи ташкилотларда молиявий интизомга риоя этилиши юзасидан назоратни янада кучайтириш бўйича тегишли тавсиялар берилди. Бунинг учун парламент ва жамоатчилик назорати механизмларидан кенг фойдаланиш лозимлиги айтиб ўтилди.

Мажлисда кун тартибидаги масала юзасидан Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар қўмитаси раиси Шарофиддин Назаров ҳам қўшимча маъруза қилди.

Қайд этилдики, давлат инвестиция дастурига ижтимоий соҳани ривожлантиришга йўналтирилган маблағлар ва улардан мақсадли ва самарали фойдаланиш борасида ҳисоботда етарли даражада таҳлилий маълумотлар берилмаган. Бу эса қўшимча муҳокамалар ўтказилишига сабаб бўлди.

Муҳокамаларда депутатлар аҳолини қийнайдиган газ, ичимлик суви, электр таъминоти, йўллар, боғча, мактаб ва соғлиқни сақлаш масалаларига йўналтирилган бюджет маблағларининг натижадорлигига оид чуқур таҳлилий маълумотлар тақдим этилишини сўради.

Давлат бюджетининг 2021 йилнинг тўққиз ойидаги ижросини ҳар томонлама муҳокама қилиш чоғида сиёсий партиялар фракциялари вакиллари ўз нуқтаи назарлари ва фикрларини баён қилди.


Зафар ХУДОЙБЕРДИЕВ, Ўзбекистон Либерал-демократик партияси фракцияси аъзоси:

– Албатта, ҳозирги мураккаб жараёнлар ва пандемиянинг салбий оқибатларига қарамай, давлатимиз ва ҳукуматимизнинг қатъий ва тизимли чора-тадбирлари натижасида мамлакатимиз иқтисодиётининг барқарор ўсиш суръатлари таъминланаётганини алоҳида эътироф этамиз. Бу борада қилинган ишлар эътиборга молик. Лекин ҳисобот даврида ютуқлар билан бирга қатор муаммо ва камчиликлар ҳам кўзга ташланади.

Шу жиҳатдан, партия сайловолди дастуридан келиб чиқиб, давлат бюджети ижросига оид ҳисоботларни ҳар бир вазирлик ва идоралар харажатлари сарфини уларга қўйилган вазифалар ижроси билан боғлаган ҳолда кўриб чиқиш таклиф этилди. Молия вазирлигидан кейинги ҳисоботларда мазкур маълумотларни тақдим этиб бориш сўралди.



Мухтабар ХУСАНОВА, Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси фракцияси аъзоси:

— Ҳисобот даврида бошқа соҳалар каби таълим тизимида фаолият олиб бораётган ходимларнинг иш ҳақлари ва унга тенглаштирилган тўловларини тўлиқ ва ўз вақтида тўлаб берилишига катта эътибор қаратилган. Бу харажатлар учун Давлат бюджетидан қарийб 18,0 трлн. сўм ёки таълим йўналишига ажратилган жами харажатларнинг 65,8 фоизи сарфланган.

Мактабгача таълимга давлат бюджетидан 5,8 трлн. сўм маблағ ажратилган бўлиб, ҳисобот даврида ушбу маблағларнинг 5,4 трлн сўми харажат қилинди. Шу нуқтаи назардан, 2021 йилнинг 9 ойи учун белгиланган вазифалар ижросини қониқарли деб ҳисоблаймиз ва тақдим этилган ҳисоботни маъқуллаймиз.




Абдуғани УМИРОВ, “Адолат” социал демократик партияси фракцияси аъзоси:

–Жаҳонда давом этаётган глобал иктисодий инкироз туфайли дунёнинг айрим минтақаларида тикланиш жараёни ҳали ҳам суст кечаётган бўлсада, 2021 йилда Ўзбекистон иқтисодиёти юқори ўсиш суръатлари таъминланиб, ялпи ички маҳсулот хажми 2020 йилнинг мос даврига нисбатан 6,9 фоизга ўсган. Буни Президентимиз томонидан мамлакатимизда олиб борилаётган иктисодий ислоҳотлар натижаси, деб ҳисоблаймиз.

Шунингдек, Президентимиз раҳбарлигида мамлакатимизда аҳоли турмуш даражаси ва фаровонлигини янада яхшилаш, хусусан, пандемия шароитида иқтисодиётни тиклаш, камбағалликни қисқартириш, ижтимоий соҳага ажратилаётган маблағларнинг самарадорлигини ошириш бўйича олиб борилаётган ислоҳотларни ижобий баҳолаймиз.



Фирдавс ШАРИПОВ, Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракцияси аъзоси:

– Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг 2021 йил 9 ой якунлари бўйича ижроси тўғрисидаги ҳисоботни тузилиши ўтган ҳисоботлар билан солиштирилганда қатор ижобий ўзгаришларга эришилган.

Бюджет маблағларини тақсимловчиларга ажратиладиган маблағларнинг ижроси тўғрисидаги маълумотларда ажратилган режага нисбатан ижроси қисман таъминланган ёки бажарилмаган вазирликлар бўйича сабаблари аниқ изоҳлар билан кўрсатиб ўтилган. Бу эса қўшимча саволларнинг туғилмаслигига асос бўлди.

Юқоридагилардан келиб чиққан ҳолда, Халқ демократик партияси фракцияси Давлат бюджетидан ажратилган маблағлардан мақсадли ва самарали фойдаланиш тизимини янада такомиллаштириш лозимлигини таъкидлайди.


Муқаддас ТИРКАШОВА, Ўзбекистон Экологик партияси фракцияси аъзоси:

– Қайд этиш жоизки, мамлакатимизда сўнгги йилларда атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш ва экологик муаммоларни ҳал этиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Хусусан, 2021 йил 9 ойлигида экология ва атроф-муҳит муҳофазаси тадбирлари учун давлат бюджетидан жами 3 539,6 млрд сўм йўналтирилганини алоҳида эътироф этамиз. Бунда аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш, сув тежовчи технологияларни жорий этиш, ўрмонлаштириш ишларини амалга ошириш, чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга оширишга катта эътибор қаратилгани диққатга сазовордир.

Шунингдек, сўнгги икки йилда ҳайвонот ва ўсимлик дунёси, муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар, чиқиндиларни утилизация қилиш жойлари давлат кадастрларини юритиш учун бюджетдан маблағ ажратилаётганини юқори баҳолаймиз.

Муҳокамалар давомида билдирилган фикр ва мулоҳазалар ҳамда таклифлар атрофлича кўриб чиқилиб, Вазирлар Маҳкамасининг Давлат бюджети ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг 2021 йил 9 ойлиги бўйича ижроси тўғрисидаги ҳисоботни тасдиқлаш ҳақида тегишли қарор қабул қилинди.





Кўришлар сони: 244

Депутатлар минбари

Янгиликлар

15.01.2022
Халқимиз манфаатларига хизмат қиладиган таклифлар илгари сурилди

Жамоатчилик муҳокамасига қўйилган “Янги Ўзбекистоннинг 2022-2026 йилларга мўлжалланган тараққиёт...

15.01.2022
Қўмитанинг 2021 йил якунлари бўйича фаолияти сарҳисоб қилинди

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Фан, таълим, маданият ва спорт масалалари қўмитаси томонидан...

14.01.2022
Тараққиёт стратегияси:75 минг гектар интенсив боғ ва янги узумзорлар барпо этилади

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Аграр ва сув хўжалиги масалалари қўмитаси “Янги Ўзбекистоннинг...