Cайт ранги: A A


Палата мажлислари

Тадбиркорлар куни белгиланмоқда

Тадбиркорлар куни белгиланмоқда

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида “Тадбиркорлар кунини белгилаш тўғрисида”ги қонун лойиҳасининг муҳокамаси ҳам қизғин кечди.

Депутатлар томонидан биринчи ўқишда кўриб чиқилган қонун лойиҳаси Президентимизнинг мамлакатимиз тадбиркорлари билан очиқ мулоқоти давомида берилган топшириқлар ҳамда 2021 йил 24 августдаги тегишли фармойиши ижросини таъминлаш мақсадида ишлаб чиқилган.

Қайд этилганидек, мамлакатимизда Президентимиз раҳбарлигида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни жадал ривожлантириш, хусусий мулкни ҳимоя қилиш ва унинг дахлсизлиги кафолатларининг ҳуқуқий механизмларини янада мустаҳкамлаш, инвестиция жалб қилиш ва бизнесни юритиш учун қулай муҳит яратиш бўйича кенг қамровли ишлар амалга оширилмоқда.

Давлатимиз раҳбари Президентлик фаолиятининг илк кунларидаёқ аҳолининг кенг қатламини тадбиркорликка жалб қилиш ва уларнинг даромад манбаларини кенгайтириш, тадбиркорларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг самарали фаолият кўрсатишлари учун барча шарт-шароитларни яратишни мақсад қилди ва мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар ана шу эзгу мақсад-муддаога қаратилди. Зотан, давлатимиз раҳбарининг ҳар бир сўзи ҳам тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш, одамларни ишбилармон қилишга йўғрилган.

Биргина сўнгги беш йилда бу соҳани ривожлантиришга қаратилган 2 мингга яқин қонун, фармон ва қарорлар қабул қилингани натижасида 114 та лицензия ва рухсатнома бекор қилиниб, 33 та фаолият тури хабардор қилиш тартибига ўтказилди. Рухсатномаларни расмийлаштириш тартиблари соддалаштирилган ҳолда, муддатлари ўртача 2 бараварга қисқартирилди.

Бундай қулайлик ва имкониятлар туфайли янги субъектлар кескин кўпайиб, аввалдан ишлаётганлари фаолиятини кенгайтирмоқда. Қувонарлиси, охирги беш йилда тадбиркорлар сони қарийб 3 баравар ошди. Кўп ишбилармонлар ўз бизнесини бутун мамлакат миқёсида кенгайтириб, минглаб иш ўринлари яратиб, нуфузли йирик компанияларга айланди.

Таклиф этилаётган қонун лойиҳаси шубҳасиз, Янги Ўзбекистоннинг барпо этилишида тадбиркорликнинг ижтимоий, иқтисодий ва сиёсий аҳамиятини янада юксалтириш, жамиятимизда тадбиркорликни оммалаштириш ҳамда инсофли тадбиркорликни тизимли рағбатлантириш имконини беради. Зеро, қонун лойиҳаси билан юртимизда 20 август — Тадбиркорлар куни сифатида белгиланмоқда.

Депутатларнинг айтишича, қонун лойиҳасининг қабул қилиниши тадбиркорларнинг мамлакатимиз тараққиётига қўшаётган ҳиссасига эътиборни қаратиш ва баҳолаш, катта ютуқларга эришган, жамиятнинг ижтимоий муаммоларини ҳал этишда фаол иштирок этаётган тадбиркорларни аниқлаш, уларни тақдирлаш, аҳолини, айниқса, ёшларни бизнесга  кенг жалб қилишга хизмат қилади.

Мажлисда қонун лойиҳаси депутатлар томонидан учинчи ўқишда ҳам қабул қилинди.


Кўришлар сони: 174

Депутатлар минбари

Янгиликлар

04.12.2021
Конституция — фуқароларнинг саломатлигини муҳофаза қилишнинг мустаҳкам кафолати

Таъкидланганидек, юртимизда ҳар бир инсон малакали тиббий хизматдан фойдаланиш ҳуқуқига эга эканли...

04.12.2021
Экологик барқарорликни таъминлашнинг ҳуқуқий кафолати

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон Экологик партияси фракцияси ҳамда Экология ва атроф...

03.12.2021
Органик маҳсулотлар ишлаб чиқаришнинг ҳуқуқий асослари яратилмоқда

Бугунги кунда мамлакатимизда органик маҳсулотлар ишлаб чиқариш соҳасидаги масалаларни тартибга солувчи...