Cайт ранги: A A


Палата мажлислари

Ҳукумат томонидан тақдим қилинган Ўзбекистон Республикасининг 2022 йил Давлат бюджети лойиҳаси кўриб чиқилди

Ҳукумат томонидан тақдим қилинган Ўзбекистон Республикасининг 2022 йил Давлат бюджети лойиҳаси кўриб чиқилди

“2022 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида”ги қонун лойиҳаси шунингдек, ушбу ҳужжат билан бирга тақдим этилган 2022–2024 йилларда мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг асосий йўналишлари Қонунчилик палатасининг ялпи мажлисида кўриб чиқилди.

Йиғилишда молия вазири Т.Ишметов, Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар қўмитаси раиси Ш.Назаровларнинг маърузалари эшитилди.

Маълумки, мамлакатимизда Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида кенг кўламли иқтисодий-ижтимоий ислоҳотлар изчиллик билан амалга оширилмоқда. Халқимизнинг фаровон турмушини таъминлаш, юртимиз иқтисодий салоҳиятини янада мустаҳкамлаш, бюджет ва молия соҳасини либераллаштириш, энг муҳими ижтимоий соҳани мақсадли қўллаб-қувватлаш борасидаги саъй-ҳаракатлар бугун ўзининг ижобий самарасини бермоқда. Мазкур эзгу амалларнинг узвийлигини таъминлаш учун бюджет параметрларини парламент томонидан кўриб чиқилиши ва мақулланиши алоҳида аҳамият касб этади.

Шунингдек, давлатимиз раҳбари ҳузурида 2022 йил учун солиқ тушумлари ҳамда бюджет параметрлари юзасидан ўтказилган йиғилишда Президентимиз мамлакатимизда инсон қадрини улуғлаш, одамлар ҳаётини яхшилаш бош мақсад этиб белгилангани, бу тамойиллар бюджетни шакллантиришда ҳам бош мезон бўлиши зарурлигини алоҳида таъкидлаган эди.

Парламентга тақдим этилган қонун лойиҳаси макроиқтисодий сиёсатнинг 2022 йил учун асосий йўналиш ва кўрсаткичлари пандемия давридан кейин иқтисодиётнинг тикланиши ҳамда бутун дунёда пандемия давом этиши эҳтимоли борлигидан келиб чиқиб шакллантирилган. Бунда асосий эътибор макроиқтисодий барқарорликни сақлаб қолишга, яъни ялпи ички маҳсулотнинг ўсиши кейинги йилларда унинг ижобий динамикасини сақлаб қолган ҳолда, 839,9 триллион сўмни ташкил этиши ҳамда 6,0 фоизга ўсиши назарда тутилмоқда. Хусусан, саноат ишлаб чиқариши ҳажми 7,0 фоиз, қурилишда 8,1 фоиз, чакана товар айланмасининг ўсиш суръати 9,3 фоизга кўпайиши прогноз қилинмоқда.

2022 йилда консолидациялашган бюджет даромадлари 254,6 триллион сўмни, харажатлари 280,1 триллион сўмни ҳамда консолидациялашган бюджети тақчиллигининг чекланган миқдори ялпи ички маҳсулотнинг 3 фоизи миқдорида белгилаш таклиф этилмоқда.

Давлат бюджетининг харажатлари эса 188,9 триллион сўмни, давлат мақсадли жамғармалар харажатлари 58,7 триллион сўмни ташкил этади. 2022 йилда ҳам Давлат бюджет харажатларининг ярми ижтимоий соҳаларга йўналтирилиши белгиланмоқда.

Қонун лойиҳасида бюджет соҳасига оид қатор ўзгартиришлар назарда тутилмоқда. Хусусан, иқтисодий ўсиш жараёнида тармоқлар ичидаги масалаларни тезкорлик билан амалга ошириш ва биринчи даражали бюджет маблағлари тақсимловчиларнинг ваколатини кенгайтириш мақсадида уларга ўзларининг қуйи ташкилотларига ўзларига ажратилган бюджет маблағларининг чекланган миқдорларини 10 фоизгача Вазирлар Маҳкамасининг қарорига асосан йўналтириш ҳуқуқи берилмоқда.

Давлат бюджети тақчиллигининг прогноз кўрсаткичларидан ошиб кетишининг олдини олиш ва бюджет барқарорлигини таъминлаш мақсадида 2022 йил учун Ўзбекистон Республикаси номидан чиқариладиган давлат қимматли қоғозларининг чекланган соф ҳажми 6 трлн. сўм миқдорида, бюджет тақчиллигининг чекланган миқдоридан ошишига олиб келиши мумкин бўлган қўшимча харажатлар фақатгина қўшимча даромад манбаи мавжуд бўлганда ёки бошқа харажатларни қисқартириш ҳисобига амалга ошириш ҳамда 2023 йилдан бошлаб Ўзбекистон Республикасининг консолидациялашган бюджети тақчиллигининг энг юқори чекланган миқдори ялпи ички маҳсулотнинг йиллик прогнозига нисбатан 3 фоиздан ошмаслиги лозимлиги белгиланмоқда.

Шунингдек, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар, Тошкент шаҳар Кенгашларига қўшимча тарзда юридик шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқ ҳамда юридик шахслардан олинадиган ер солиғи тушумларини, шу жумладан Ўзбекистон Республикаси Президенти қарорларига кўра, туманлар ва шаҳарлар бюджетларига тўлиқ ҳажмда йўналтириш ваколати берилмоқда. Маҳаллабай ишлашнинг янги тизими учун 2,5 триллион сўм маблағ кўзда тутилаётгани бўлиб, ушбу маблағлар бевосита ҳоким ёрдамчилари томонидан тасарруф этилиши белгиланмоқда.

Шу билан бирга оилавий шифокор пунктлари ва оилавий поликлиникаларда “тиббиёт бригадалари” фаолиятини йўлга қўйиш учун қўшимча 20 мингдан ортиқ ўрта тиббиёт ходимлари штатларини сақлаш учун 451 миллиард сўм, Республика ихтисослаштирилган тиббиёт марказлари ҳамда бошқа давлат ва хусусий тиббиёт муасассаларида имтиёзли тоифага кирувчи шахсларни бепул даволаниш (тиббий йўлланма) харажатлари учун 589 миллиард сўмдан зиёд маблағ ажратиш кўзда тутилган.

Мажлисда қайд этилганидек, умумтаълим муассасаларини, мактабгача таълим ташкилотларини, соғлиқни сақлаш муассасаларини қуриш, реконструкция қилиш ва мукаммал таъмирлашга, шунингдек суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш тадбирлари доирасида объектларни қуриш, реконструкция қилиш ҳамда таъмирлаш-тиклаш харажатлари тегишли маҳаллий бюджетлардан амалга ошириш белгиланмоқда.

Маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг масъулияти ва манфаатдорлигини кучайтириш ва ваколатларини кенгайтириш мақсадида адвокатлар томонидан кўрсатилган юридик ёрдам учун ҳақ тўлаш, кўп квартирали уй-жой фондига туташ ҳудудларни таъмирлаш харажатлари ва Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги тизимига кирувчи иссиқлик таъминоти ташкилотларининг иссиқлик тармоқлари ва қозонхона ускуналарини капитал таъмирлаш харажатлари маҳаллий бюджетларга ўтказилмоқда.

Шу билан бирга ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш ва кўп йиллардан бери аҳолини қийнаб келаётган муаммоларни тезкор ҳал этиш мақсадида 2022 йил 1 янаврдан бошлаб республиканинг барча туман (шаҳар)ларида тегишли бюджетларнинг тасдиқланган умумий харажатларининг 5 фоизи, туман (шаҳар)лар бюджетлари қўшимча маблағларининг камида 30 фоизини жамоатчилик фикри асосида шакллантирилган тадбирларни молиялаштиришга йўналтириш қонун билан мустаҳкамланмоқда.

Халқ вакиллари томонидан ўтган даврлар давомида давлат бюджети тўғрисидаги қонунларни қабул қилиш ва уларнинг ижроси бўйича ҳисоботларни кўриб чиқиш жараёнида билдирилган таклиф ва тавсиялар ҳам 2022 йилги бюджетномада ўз аксини топмоқда. Хусусан, маҳаллий бюджетлар даромадларини ошириш мақсадида Қорақалпоғистон Республикасининг республика бюджетига, вилоятларнинг вилоят бюджетларига ва Тошкент шаҳрининг шаҳар бюджетига ўтказиладиган тушумларга қўшимча тарзда тамаки маҳсулотлари учун акциз солиғи бўйича тушумлар тўлиқ ҳажмда ўтказилиши белгиланмоқда. Консолидациялашган бюджет таркибида бюджетдан ташқари жамғармалар ҳам киритилмоқда.

Қизғин баҳс-мунозаралардан сўнг “Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида”ги қонун лойиҳаси биринчи ўқишда қабул қилинди.

Масъул қўмитага қонун лойиҳасини иккинчи ўқишга тайёрлаш жараёнида билдирилган фикр-мулоҳаза ва таклифлар асосида лойиҳани мутахассислар ва экспертлар иштирокида муҳокама қилиб, маромига етказиш топширилди.

 

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси

Қонунчилик палатаси Матбуот хизмати


Кўришлар сони: 234

Депутатлар минбари

Янгиликлар

04.12.2021
Конституция — фуқароларнинг саломатлигини муҳофаза қилишнинг мустаҳкам кафолати

Таъкидланганидек, юртимизда ҳар бир инсон малакали тиббий хизматдан фойдаланиш ҳуқуқига эга эканли...

04.12.2021
Экологик барқарорликни таъминлашнинг ҳуқуқий кафолати

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон Экологик партияси фракцияси ҳамда Экология ва атроф...

03.12.2021
Органик маҳсулотлар ишлаб чиқаришнинг ҳуқуқий асослари яратилмоқда

Бугунги кунда мамлакатимизда органик маҳсулотлар ишлаб чиқариш соҳасидаги масалаларни тартибга солувчи...