Cайт ранги: A A


Палата мажлислари

Давлат бюджети: унинг ижросини депутатлар қандай баҳолашди?

Давлат бюджети: унинг ижросини  депутатлар қандай баҳолашди?

2021 йил 24 август куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида депутатлар Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг 2021 йил биринчи ярим йиллик якунлари бўйича ижроси тўғрисидаги ҳисоботни кўриб чиқдилар.

Кун тартибидаги масала юзасидан Ўзбекистон Республикаси Молия вазири Темур Ишметов маъруза қилди.

Мазкур ҳисобот аввалроқ, қуйи палатанинг Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар қўмитасида, сиёсий партиялар фракциялари йиғилишларида дастлабки тарзда муҳокама қилинган эди.

Мажлисда таъкидланганидек, жорий йилнинг январь-июнь ойлари натижаларига кўра, Ўзбекистон иқтисодиёти 6,2 фоизга ўсган. Шу вақт давомида республикамиз ЯИМ ҳажми 318,5 трлн сўмни ташкил этиб, иқтисодий ўсиш саноат 8,5 фоизга, қурилиш 0,1 фоизга, қишлоқ, ўрмон ва балиқ хўжалиги 1,8 фоизга ҳамда хизматларни 8,0 фоизга ўсиши билан таъминланган.

Инфляция даражаси эса йил бошидан 4,4 фоизни, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 10,9 фоизни ташкил этган ҳолда, бунда озиқ-овқат маҳсулотлари йиллик инфляция кўрсаткичи 6,2 фоизга, ноозиқ-овқат маҳсулотлари 2,7 фоизга, хизматлар нархи ўртача 4,0 фоизга ошган.

Ҳисобот даврида Давлат бюджети даромадлари 74,9 трлн сўмни ташкил этиб, белгиланган прогноз 107,8 фоизга ошириб бажарилган. Даромадлар ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 16,7 трлн сўмга кўп бўлган, харажатлари эса давлат мақсадли жамғармаларисиз 79, 3 трлн сўм бўлиб, аниқланган режа кўрсаткичларига нисбатан 96,9 фоиз ёки ЯИМга нисбатан 24,9 фоизни ташкил этган. Шундан, ижтимоий харажатларни молиялаштириш учун 40,4 трлн.сўм ёки умумий харажатларнинг 50,9 фоизи миқдорида маблағ сарфланган.

Халқ вакиллари 2021 йил учун ажратилган бюджет маблағлари ҳисобидан 42 435 ўринли мактабгача таълим муассасалари, 262 829 ўқувчи ўринли умумтаълим мактаблари, 13 713 ўринли тиббиёт муассасалари, 19 499 ўринли олий ўқув юрти бинолари, 4 174 ўринли талабалар турар жойларини қуриш ва реконструкция қилиш, шунингдек, 222 та объектда 3 330 км дан ортиқ ичимлик ва оқова сув қувурларини тортиш, 187 та иншоотда қуриш ва реконструкция қилиш ишлари ҳисобига 700 дан ортиқ аҳоли пунктларида яшовчи 1 млн 800 минг нафардан ортиқ фуқароларнинг ичимлик сув таъминоти яхшиланишига эришилишини таъкидладилар.

Шунинг баробарида, депутатлар ҳисобот даврида айрим вазирлик, давлат қўмиталари ва идоралари томонидан харажатларнинг ўзлари томонидан тасдиқланган режага нисбатан кам ижро қилингани, хусусан, жорий харажатлар ва капитал қўйилмалар тўлиқ ўзлаштирилмаганига эътибор қаратиб, йил якунига қадар ушбу йўналишларда йўл қўйилган хато ва камчиликларни бартараф қилиш юзасидан соҳаларда пухта ва тизимли тадбирларни амалга оширишни таклиф этдилар.

Депутатлар Халқ таълими, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Автомобиль йўллари қўмитаси ва Сув хўжалиги вазирлигининг бюджет харажатларининг мақсадли индикаторлари синов тариқасида тадбиқ этилгани натижалари асосида “Дастурий бюджетлаштириш”ни барча вазирлик ва идораларга тадбиқ этиш лозимлигини билдирдилар.

Йиғилишда Молия вазирлигининг Давлат молиявий назорати департаменти ҳамда Ички аудит ва молиявий назорат хизматлари томонидан бюджет интизомига риоя этилиши, бюджет маблағларнинг мақсадли фойдаланиши юзасидан ўтказилаётган назорат тадбирларида молиявий хато ва камчиликларга йўл қўйиш, бюджет интизомини бузиш, пул ва товар моддий бойликлар камомади ва асоссиз харажатлар каби тизимли тарзда қонунбузилиш ҳолатлари ўтган йилнинг мос даврига нисбатан кескин ошгани танқид қилиниб, бу борада вазирликлар, давлат қўмиталари ва идоралари жиддий, кескин чора-тадбирлар кўриши кераклиги айтилди.

Мажлисда депутатлар бюджет интизоми, шаффофлиги ҳамда ҳисобдорлиги масалаларига алоҳида эътибор қаратган ҳолда, бюджетдан маблағ ажратишда аввало улардан кутилаётган самарадорлик ва натижадорликни ҳисобга олиш муҳимлигини таъкидладилар.  

Ҳисоботни кўриб чиқиш ва муҳокама қилиш жараёнида сиёсий партиялар фракциялари вакиллари ўз нуқтаи назарларини баён қилиб, бюджет маблағларидан самарали ва мақсадли фойдаланиш, бюджет ташкилотларида молиявий интизомга амал қилиш юзасидан ўз фикр-мулоҳазаларини билдирдилар.

ЎзЛиДеП фракцияси аъзолари ҳисоботдаги мамлакатда макроиқтисодий барқарорлик ва иқтисодий ўсиш суръатларини таъминлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратди. Давлат бюджетининг олти ойлик ижросини атрофлича ўрганиш ва таҳлил қилиш асосида ушбу даврнинг мураккабликлари, қийинчиликларга қарамай барча соҳаларда изчил олиб борилаётган ислоҳотлар ва ўз вақтида кўрилган тизимли чора-тадбирлар туфайли давлат бюджети ижросида намоён бўлганини қайд этдилар.

Шу билан бирга, ҳисобот даврида эришилган ижобий ишларни эътироф этиб, давлат бюджети ижросига оид ҳисоботларни ҳар бир вазирлик ва идоралар харажатлари сарфини уларга қўйилган вазифалар ижроси билан боғлаган ҳолда кўриб чиқиш зарурлигини билдирдилар.

“Миллий тикланиш” ДП фракцияси томонидан таълим-тарбияга бюджетдан етарлича маблағ ажратилаётгани, лекин Халқ таълим вазирлиги бу маблағни ўз вақтида ўзлаштирмаётгани қайд этилди. Масалан, ривожлантириш дастурлари учун ажратилган маблағнинг 68 фоизи ўзлаштирилган, Ислоҳотларга кўмаклашиш жамғармаси учун ажратилган маблағнинг эса 20 фоизи ишлатилмаган.

Ҳисобот даврида Халқ таълими тизимида 65,1 млрд сўм ўзлаштириш ва камомат аниқланиб, бу 2020 йилнинг мос даврига нисбатан 3 мартага ошган. Шу жиҳатдан таълим соҳасида ўз ечимини кутиб турган масалаларни зудлик билан ҳал этган ҳолда, бу борадаги ҳаракатларни жонлантириш лозимлигини қайд этдилар.

Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси  вакиллари бюджет маблағларини тақсимлашда Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамда вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаларининг иштирок этмаслиги маблағларнинг ҳудудлар географик жойлашуви, аҳолининг касалланиш кўрсаткичлари ва шу кабилар ҳисобга олинмасдан, номутаносиб тақсимланишига сабаб бўлаётганини қайд этдилар. Бу борада вазирлик ва идоралар раҳбарларининг шахсий масъулиятини ошириш, бундай камчиликларга йўл қўйганларга нисбатан жавобгарлик масаласини кўриб чиқиш таклиф этилди.

Ўзбекистон ХДП фракцияси аъзоларининг фикрича, ҳисоботда келтирилган маълумотга кўра бюджет маблағларидан мақсадли ва самарали фойдаланишни назорат қилиш борасида муаммолар сақланиб қолмоқда. Бюджет маблағларини мақсадсиз ишлатилиши йилдан-йилга камайиш ўрнига ошиб бормоқда. Мазкур йўналишда Назорат-тафтиш бўлими ва Ҳисоб палатасининг режали назорат тизимидан ташқари, жойларда тезкор амалиёт олиб борадиган фаолият йўлга қўйилмаган.

Юқоридагилардан келиб чиққан ҳолда, Давлат бюджетидан ажратилган маблағлардан мақсадли ва самарали фойдаланиш тизимини такомиллаштиришга эътибор қаратилди. Аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш, бандлигини ошириш, камбағалликни қисқартириш ва ижтимоий ҳимоянинг манзиллилигини кучайтириш зарурлиги таклиф этилди.

Ўзбекистон Экологик партияси  фракцияси аҳолини ичимлик суви билан таъминлашни яхшилаш учун ҳар йили миллиардлаб маблағ ажратилиши, лекин ҳисоботларда аҳолини ичимлик суви билан таъминланганлик даражаси бир неча йилдан буён 70 фоиздан ошмаётганини қайд этиб ўтдилар.

Аҳолининг саломатлигида тоза ичимлик сувининг ўрни ва роли муҳимлигини ҳисобга олган ҳолда, бюджет ижроси давомида ҳосил бўладиган қўшимча маблағларни барчасини аҳолини ичимлик суви билан таъминлаш учун йўналтиришни таклиф қилдилар.

Қонунчилик палатасидаги барча фракция раҳбарларининг ҳисобот юзасидан билдирган фикр-мулоҳазалари эшитилгач, қизғин, амалий ва танқидий руҳда кечган савол-жавоблардан сўнг депутатлар Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг 2021 йил биринчи ярим йиллик ижроси якунлари тўғрисидаги ҳисобот юзасидан тегишли қарор қабул қилдилар.

 


Кўришлар сони: 2036

Депутатлар минбари

Янгиликлар

02.12.2022
Муҳим масалалар муҳокама қилинди

Олий Мажлис Қонунчилик палатасида Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар қўмитаси аъзолари ҳамда Халқаро...

02.12.2022
Конституция ва жамоатчилик назорати

Конституциямиз мамлакатимизнинг асрий қадриятлари ва анъаналари, миллий қонунчилик ва менталитетини...

02.12.2022
Миллий марказда БМТ Хавфсизлик кенгаши Аксилтеррор қўмитаси экспертлари билан учрашув бўлди

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари Акмал Саидов БМТ Хавфсизлик кенгаши...