Cайт ранги: A A


Палата мажлислари

Депутатлар Давлат бюджетининг 2020 йилдаги ҳамда 2021 йил биринчи чоракдаги ижросини муҳокама қилишди

Депутатлар Давлат бюджетининг 2020 йилдаги ҳамда 2021 йил биринчи чоракдаги ижросини муҳокама қилишди

2021 йил 25 май куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди. Унда депутатлар Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг 2020 йилдаги ижроси тўғрисидаги ҳисоботни кўриб чиқишди.

Депутатлар 2020 йилда COVID-19 пандемияси жаҳон иқтисодиётига салбий таъсир кўрсатганига қарамай, давлатимиз раҳбари томонидан ўз вақтида қабул қилинган бир қатор муҳим фармон ва қарори мувофиқлашган фискал ва пул-кредит чоралари қўлланилганлиги натижасида мамлакатимиз иқтисодиётида ижобий иқтисодий ўсиш суръати сақлаб қолинганлигини ҳамда аҳолимизнинг пандемияни қийинчиликларсиз енгиб ўтишида муҳим аҳамият касб этганини эътироф этишди.

2020 йил якунлари бўйича юртимиз иқтисодиёти 2019 йилга нисбатан 1,6 фоизга ўсган бўлиб, ялпи ички маҳсулот ҳажми 580,2 трлн. сўмни ташкил этди. Ялпи ички маҳсулот ўсишининг 0,76 фоизи қишлоқ хўжалигига (соҳадаги ялпи қўшилган қийматининг ўсиши 3,0 фоиз), 0,55 фоизи қурилишга (9,2 фоиз), 0,18 фоизи саноатга (0,7 фоиз) ҳамда 0,04 фоизи хизматлар кўрсатиш соҳаси (0,1 фоиз) ҳиссасига тўғри келди. Шу билан бирга, ҳисобот даврида ялпи қўшилган қиймат таркибида хизматлар 36,3 фоизни (2019 йилда 36,1 фоиз), қишлоқ, ўрмон ва балиқчилик хўжалиги 28,2  фоизни (28,0 фоиз), саноат 28,5 фоизни (29,3 фоиз), қурилиш 7,0 фоизни (6,6 фоиз) ташкил этди.

Коронавирус пандемияси халқаро бозорларга ўз таъсирини кўрсатганлиги оқибатида мамлакатимиз ташқи савдо айланмаси 36,3 млрд. АҚШ долларини ташкил этиб, 2019 йилга нисбатан 13,1 фоизга қисқарган. Бунда экспорт 13,4 фоизга, импорт эса 12,8 фоизга камайган.

Бундан ташқари, 2020 йилда инвестицион фаоллик пасайиши ҳисобига асосий капиталга ўзлаштирилган инвестициялар ҳажми 2019 йилга нисбатан 8,2 фоизга қисқарди ва 202,0 трлн. сўмни ташкил этди.

Пандемиянинг салбий таъсирига қарамай, Давлат бюджети даромадлари 2020 йилда 132,9 трлн. сўмни ташкил этиб, белгиланган 128,7 трлн. сўм прогноз 103,3 фоизга ёки 4,2 трлн. сўмга ошириб бажарилди. Даромадлар 2019 йил маълумотлари билан солиштирилганда 20,8 трлн. сўмга ўсди.

Шунингдек, 2020 йилда коронавирус инфекцияси тарқалиши туфайли карантин чекловлари киритилиши натижасида аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш ва тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш мақсадида, мамлакатимиз раҳбарияти томонидан кўрилган кескин чора-тадбирлар натижасида меҳмонхона ва туроператорлар, айрим кичик бизнес субъектлари учун мол-мулк ва ер солиғи бўйича имтиёзлар берилиши, фаолиятини тўхтатган якка тартибдаги тадбиркорларга солиқлар имтиёзларини ўрнатилиши ҳамда баъзи тадбиркорлик субъектлари учун солиқ қарзини тўлаш муддатларининг узайтириш, солиқ қарзи ундирилишини тўхтатиб туриш, солиқ қарзидан кечиб юбориш каби қатор чоралар кўрилганлиги аҳолининг реал даромадлари ошишига олиб келди.

Давлат бюджетининг 2020 йилдаги харажатлари (давлат мақсадли жамғармаларисиз) 144,1 трлн. сўмни ёки ялпи ички маҳсулотга нисбатан24,8 фоизни ташкил этди. Ҳисобот даврида ижтимоий харажатларни молиялаштириш учун Давлат бюджетидан 74,2 трлн. сўм ёки умумий харажатларнинг 51,5 фоизи миқдорида маблағ сарфланди. Бу харажатлар ялпи ички маҳсулотга нисбатан 12,8 фоизни ташкил этди. Ушбу харажатларнинг 85,1 фоизи ёки 63,2 трлн. сўми ижтимоий соҳа ва аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш харажатлари ҳиссасига тўғри келди.

Ўзбекистон Республикаси давлат ташқи қарзининг ҳажми 2021 йилнинг 1 январь ҳолатига 21,1 млрд. доллар ёки ялпи ички маҳсулотга нисбатан 36,5 фоизни, Ўзбекистон Республикаси номидан жалб қилинган ташқи қарз 15,1 млрд. доллар эквивалентини, Ўзбекистон Республикасининг кафолати остида жалб қилинган ташқи қарз эса, 6,0 млрд. доллар эквивалентини ташкил этади.

Таъкидланишича, санитария-гигиена тадбирларини амалга ошириш, COVID-19 билан касалланганларни даволаш, иқтисодиётнинг энг кўп зарар кўрган соҳаларини қўллаб-қувватлаш ва янги иш ўринларини яратиш орқали пандемия оқибатларини юмшатиш билан боғлиқ тадбирларга турли манбалар ҳисобидан 77,2 трлн. сўм ёки ялпи ички маҳсулотга нисбатан 13,3 фоиз миқдорида маблағлар йўналтирилди. Жумладан, 13,8 трлн. сўми Давлат бюджети ҳисобидан (шундан 12,8 трлн. сўми Инқирозга қарши курашиш жамғармаси ҳисобидан), 3,3 трлн. сўми Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси томонидан амалга оширилган.

Ҳисоботнинг муҳокамаси жараёнида депутатлар ижобий натижаларни эътироф этган ҳолда давлат бюджети ижросига оид айрим камчиликларга ҳам алоҳида эътибор қаратдилар. Хусусан, 2020 йил давомида вазирлик ва идораларда ташкил этилган Ички аудит ва молиявий назорат хизматлари томонидан 2 726 та назорат тадбирларида жами 309,2 млрд. сўмлик молиявий хато ва камчиликлар аниқланиб, шундан 1 238 та текшириш ҳужжатлари қонуний чора кўриш учун ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга юборилган.

Молия вазирлигининг Давлат молиявий назорати департаменти томонидан 2020 йилда ўтказилган 6 944 та молиявий назорат тадбирларнинг асосий қисми, яъни 4 729 таси (68%) бюджет интизомига риоя этилиши ва бюджет маблағларнинг мақсадли фойдаланиши юзасидан ўтказилган. Назорат тадбирларида аниқланган 246 млрд. сўм миқдоридаги бюджет интизомининг бузилиши, пул ва товар моддий бойликлар камомади, қилинган асоссиз харажатлар учун 168,8 млрд. сўм бюджетга тикланиши таъминланган.

Депутатлар бюджет интизоми, шаффофлиги ҳамда ҳисобдорлиги масалаларига алоҳида эътибор қаратдилар. Бюджетдан маблағ ажратишда аввало улардан кутилаётган самарадорлик ва натижадорликни ҳисобга олиш муҳимлигини таъкидладилар.

Ғазначилик тизимида автоматлашган тартиб ҳамон тўлақонли жорий қилинмаган. Ягона ғазна ҳисоб варағидаги вақтинча бўш маблағлар танлов ўтказмасдан, тўғридан-тўғри Марказий банкнинг депозитига жойлаштириш ҳолатлари мавжуд. Марказий банк томонидан 260,5 млрд. сўм фоизлар тарзидаги даромадлар ҳисобланиб, 15 фоизлик ставкада тўлов манбаида 39,1 млрд. сўм солиқ суммаси республика бюджетига тўлаб берилмаганлиги алоҳида қайд этилди.

Муҳокамаларда халқ вакиллари юридик шахслар томонидан ишчиларнинг иш ҳақи ҳисобидан 231 213 та ҳолатда 243,4 млрд сўм маблағлар жисмоний шахсларнинг мол-мулк ва ер солиғига тўловлар тарзида ўтказилганлиги ва бу тўловлар ходимларнинг розилигини олиб ёки олмай ўтказганлиги масаласига эътибор қаратишди.

Республика бўйича 2020 йил давомида фаолият кўрсатган 14 359 та хўжалик юритувчи субъектларнинг 33,6 млрд. сўмлик ортиқча тўланган солиқ суммаси қайтариб берилмаганлиги ёки фоизлар ҳисобланмаганлиги депутатларнинг ҳақли эътирозига сабаб бўлди.

2020 йилда манбаси мавжуд бўлмаган ҳолда даромадлар режасининг ошириб бажарилиши натижасида шаклланган маблағларга нисбатан, республика бюджетидан 224,3 млрд. сўм, 3 та вилоят бюджетида 6,1 млрд. сўм, 109 та туман ва шаҳарларда 89,6 млрд сўм, жами 320,0 млрд. сўм миқдоридаги ортиқча харажатлар амалга оширилган.

Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатасининг Давлат бюджети ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг 2020 йилдаги ижроси тўғрисидаги ҳисоботни ташқи аудит ва баҳолашдан ўтказиш натижалари тўғрисида тайёрланган хулосасида келтирилган бир қатор салбий ҳолатларни халқ вакиллари чуқур муҳокама этдилар.

Қизғин муҳокамалар давомида парламент қуйи палатаси вакиллари маҳаллий давлат органлари мансабдор шахсларининг ижро интизомини ошириш, Давлат бюджетининг ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг келгуси давр учун ўз вақтида, сифатли ижро этилиши устидан парламент назоратини кучайтириш, бунинг учун парламент депутатлари тегишли Халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари билан яқин ҳамкорлик қилишга доир аниқ вазифаларни белгилаб олиш зарурлигини таъкидладилар.

Мажлисда Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Давлат бюджетининг ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг 2020 йилдаги ижроси тўғрисидаги ҳисобот юзасидан тегишли қарори қабул қилинди. 

***

Депутатлар шу куннинг ўзида Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг 2021 йил биринчи чорагидаги ижроси тўғрисидаги ҳисоботни ҳам кўриб чиқишди.


Ҳисоботда таъкидлангандек, 2021 йилда ҳам COVID-19 пандемияси асоратлари сақланиб қолаётган глобал иқтисодий инқироз натижасида ташқи иқтисодий ҳолат бўйича хатарлар ноаниқлиги юқорилигича сақланиб қолмоқда.

Йиғилишда таъкидланганидек, 2021 йилнинг январь-март ойларида республикамиз иқтисодиёти 2020 йилнинг мос даврига нисбатан 3,0 фоизга ўсган бўлиб (2020 йилнинг 1-чорагида 4,6 фоиз), ялпи ички маҳсулот ҳажми 128,6 трлн. сўмни ташкил этди. Иқтисодий ўсиш саноатда 3,8 фоизга, қурилишда 0,5 фоизга, қишлоқ, ўрмон ва балиқ хўжалигида 3,1 фоизга ҳамда хизматлар кўрсатиш соҳасида 2,8 фоизга ўсиши таъминланган. Инфляция даражаси йиллик нисбатда 10,9 фоизни, ўтган йилнинг январь-мартига нисбатан эса 2,7 фоизни ташкил этди.

Ҳисобот даврида Давлат бюджети даромадлари 33,9 трлн. сўмни, харажатлари эса 34,1 трлн. сўмни ташкил этиб, Давлат бюджети дефицити 188,2 млрд. сўмни ёки ЯИМга нисбатан 0,1 фоизни ташкил этди ва прогноз даражасида бўлди.

Қайд этилганидек, иқтисодиётни жонлантириш ҳамда истеъмолни рағбатлантириш мақсадида ижтимоий харажатлар 2021 йил 1-чорак якуни билан ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 21 фоизга оширилиб, 18,2 трлн. сўмни ташкил қилди.

Ҳозирда юзага келган пандемия шароитида Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги ва унинг ҳудудий марказларига коронавируснинг янги тури кириб келиши ва тарқалишининг олдини олишга қаратилган тадбирлар учун 2021 йилнинг 1-чорагида жами 387,5 млрд. сўм маблағ ажратилди, шундан “Коронавирус” тарқалишининг олдини олишга қаратилган тадбирларга жалб этилган тиббиёт, санитария-эпидемиологик ва бошқа ходимларнинг 46 765 нафарига 186,7 млрд. сўм қўшимча рағбатлантириш тўловлари тўланди.

Шу билан бирга, 2021 йил 1-чорагида Ўзбекистон Республикаси Давлат мақсадли жамғармалари даромадлари прогнози 8 436,9 млрд. сўм бўлиб, прогноз кўрсаткичлари 8 787,7 млрд. сўм билан ёки 104 фоизга бажарилди. Шундан, Давлат бюджетидан ажратилган трансфертлар 2 328,5 млрд. сўмни ташкил этди.

Ҳисобот даври учун Ўзбекистон Республикаси Давлат мақсадли жамғармалари харажатлари 9 489,3 млрд. сўм миқдорида режалаштирилган бўлиб, 9 192,9 млрд. сўм миқдорида ёки 97 фоизга ижро этилди.

Давлат қарзи, 2021 йилнинг 1 апрель ҳолатига 23,4 млрд. долл. ёки ялпи ички маҳсулотга (ЯИМ) нисбатан 40,5 фоизни, жумладан, давлат ички қарзи 2,2 млрд. долл. ёки ЯИМга нисбатан 3,7 фоизни, давлат ташқи қарзи эса 21,2 млрд. долл. ёки ЯИМга нисбатан 36,8 фоизни ташкил этди.

Мажлисда депутатлар қайд этиб ўтганидек, ўтган давр ичида эришилган ижобий натижалар билан бир қаторда бюджет маблағларининг мақсадли сарфланиши борасида йўл қўйилаётган хато ва камчиликлар ошиб бормоқда ва бу ҳолат аҳолининг эътирозларига сабаб бўлмоқда. Бундай камчиликларни кўплаб соҳаларда учратиш мумкин. Жумладан, Халқ таълими вазирлиги тизимида ўтказилган 248 та назорат тадбирларининг 198 тасида 43,3 млрд. сўм миқдорида қонун бузилиш ҳолатлари аниқланиб, ўтган йилнинг мос даврига (9,4 млрд. сўм) нисбатан қонун бузилиш ҳолатлари 4,6 мартага ошган. Соғлиқни сақлаш вазирлиги тизимида ўтказилган 275 та назорат тадбирларининг 212 тасида 23,3 млрд. сўм миқдорида қонун бузилиш ҳолатлари аниқланиб, ўтган йилнинг мос даврига (7,9 млрд. сўм) нисбатан қонун бузилиш ҳолатлари 2,9 мартага ошган. Мактабгача таълим вазирлиги тизимида ўтказилган 289 та назорат тадбирларининг 242 тасида 41,2 млрд. сўм миқдорида қонун бузилиш ҳолатлари аниқланиб, ўтган йилнинг мос даврига (5,4 млрд. сўм) нисбатан қонун бузилиш ҳолатлари 7,6 мартага ошган.

Парламент қуйи палатаси аъзолари йиғилишда иштирок этган мутасадди вазирлик ва идоралар раҳбарларининг эътиборини пандемия шароитида Давлат бюджетининг ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг даромад ва харажатларини амалга оширишда келгуси чоракларда кўзда тутилиши лозим бўлган бошқа долзарб вазифаларга ҳам қаратишди. Халқ вакиллари бу борада парламент назоратини янада кучайтириш мақсадга мувофиқлигини таъкидладилар.

Мажлис якунига кўра, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Давлат бюджетининг ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг 2021 йил биринчи чорак ижроси тўғрисидаги ҳисобот юзасидан тегишли қарор тавсиялар билан қабул қилди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси
Қонунчилик палатаси Матбуот хизмати


Кўришлар сони: 333

Депутатлар минбари

Янгиликлар

30.07.2021
Директорлик лавозими учун танлов жараёнлари шаффофми?

2021 йил 30 июль куни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Фан, таълим, маданият ва спорт масалалари ...

30.07.2021
Депутат аралашуви билан муаммога ечим топилди

Депутат сўрови – бу депутатнинг тегишли ҳудудда жойлашган давлат ҳокимияти ва бошқарув органларинин...

30.07.2021
Қонуннинг ҳудуддаги ижроси атрофлича муҳокама қилинди

Йиғилишда Қашқадарё ва Жиззах вилоятларида “Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси...