Cайт ранги: A A


Палата мажлислари

Пенсия тайинлашда қатор имтиёз ва қулайликлар берилмоқда

Пенсия тайинлашда қатор имтиёз ва қулайликлар  берилмоқда

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг 2021 йил 4 май куни бўлиб ўтган навбатдаги мажлисида депутатлар фуқароларга давлат пенсия таъминоти тизимида бир қатор енгилликлар ва шарт-шароитлар яратиш, ижтимоий адолатни мустаҳкамлаш, шахсларга пенсия тайинлаш ва тўлаш учун мурожаат қилишда қулайликлар, имтиёзлар яратиш мақсадида ишлаб чиқилган — “Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳасини биринчи ўқишда муҳокама қилдилар.

Қонун лойиҳаси билан пенсия ва нафақаларни тайинлашда бир қатор имтиёзлар белгиланмоқда. Хусусан, 2021 йил 1 июндан бошлаб, пенсияларни тайинлашда шахснинг иш ҳақи ва меҳнат стажи тўғрисидаги маълумотларнинг электрон базаси юритилмаган давр — 2005 йилдан аввалги йиллар учун иш стажи шахснинг меҳнат дафтарчасидаги мавжуд ёзувлар асосида, ҳеч қандай тасдиқловчи ҳужжатлар талаб этилмасдан ҳисобланади. Бу билан кўплаб фуқаролар пенсия тайинлашда юзага келадиган муаммолардан, қийинчиликлардан, бюрократик тўсиқлардан холос бўладилар.

Қайд этилганидек, яна бир муҳим янгилик — ишловчи фуқаролар томонидан ишламайдиган турмуш ўртоғи келгусида пенсия таъминотига эга бўлишлари учун ўз даромадларидан ихтиёрий равишда ҳар ойда улар учун ҳам ижтимоий солиқ тўлаб бориш ҳуқуқи берилмоқда. Бу ўз навбатида, оилада бола парвариши ва бошқа юмушлар билан банд бўлганлиги ёки турмуш ўртоғининг хоҳишига асосан ишламаган фуқаро учун келажакда пенсия олиш имконияти берилади.

Лойиҳа билан пенсия ва нафақалар фуқаронинг хоҳишига кўра, доимий яшаш ёки вақтинча турган жойи бўйича тайинланиши ва тўланиши белгиланмоқда. Бу билан фуқароларга доимий ёки вақтинча рўйхатга олинган турар жойи бўйича пенсия (нафақа) тайинлаш ва тўлаш учун мурожаат қилиш имконияти яратилади. Яъни, фуқаро вилоятда доимий яшаётган (просписка), бироқ Тошкент шаҳрида вақтинча рўйхатдан ўтган бўлса, пенсия тайинлаш ёки тўлаш учун вилоятга бориш билан боғлиқ муаммолар бартараф этилади.

Шунингдек, уч йил ва ундан аввал тайинланган, қайта ҳисобланган пенсия ва нафақаларни текшириш ҳамда улар бўйича аниқланган ортиқча тўловни ундириш бекор қилинмоқда.

Халқ вакилларининг таъкидлашича, мазкур ҳужжатнинг қабул қилиниши мамлакатимизда пенсионерларни давлат томонидан ижтимоий кўллаб-қувватлашни янада кучайтириш, кекса ёшдаги фуқароларга ҳар томонлама ғамхўрлик қилиш, фуқароларнинг оворагарчиликларини бартараф этиш, бюрократик тўсиқларни қисқаритиришга хизмат қилади.

Қонун лойиҳаси биринчи ўқишда концептуал жиҳатдан қабул қилинди.


Кўришлар сони: 245

Депутатлар минбари

Янгиликлар

13.05.2021
Сувдан фойдаланиш ва сув ресурсларини бошқариш муаммолари муҳокама марказида

Сув ресурслари бўйича Осиё миллий ассамблеяси маслаҳат кенгашининг3-йиғилиши видеоконференц алоқаси...

12.05.2021
Ҳамкорлик алоқалари янги босқичда ривожланади

Қонунчилик палатасида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Канада парламенти Жамоат палатаси...

12.05.2021
Facebook, TikTok, Telegram ва шу каби коммуникация платформалари ўз техник воситаларини Ўзбекистон ҳудудига ўтказишлари шарт

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Инновацион ривожланиш, ахборот сиёсати ва ахборот технологиялари...