Cайт ранги: A A


Палата мажлислари

Депутатлар Ҳисоб палатасининг 2020 йилдаги фаолиятини танқидий-таҳлилий кўриб чиқдилар

Депутатлар Ҳисоб палатасининг 2020 йилдаги фаолиятини танқидий-таҳлилий кўриб чиқдилар

2021 йил 6 апрель куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси видеокоференц алоқа шаклида бўлиб ўтди. Унда депутатлар Ҳисоб палатасининг 2020 йилги фаолияти тўғрисидаги ҳисоботини кўриб чиқдилар.

Мажлисда Ҳисоб палатаси раисининг биринчи ўринбосари Б. Туробов ҳисобот билан сўзга чиқди.

Таъкидлаш жоиз, ҳисобот дастлаб сиёсий партиялар фракциялари томонидан кўриб чиқилди. Фракцияларда ўтказилган муҳокамаларда халқ вакиллари парламент назоратини амалга ошириш, қонун ижодкорлиги фаолиятини такомиллаштириш ҳамда назорат-таҳлил тадбирларига фуқаролик жамияти институтлари вакилларини фаол жалб этиш юзасидан парламент ва Ҳисоб палатасининг ўзаро ҳамкорлигини кучайтиришга қаратилган қатор таклифлар ишлаб чиқдилар.

Мажлисда қайд этилганидек, Ҳисоб палатаси томонидан 2020 йилда 87 та назорат тадбирлари ва таҳлилий ўрганишлар, шунингдек, юртимизда кечаётган коронавирус пандемиясининг салбий оқибатларини камайтириш, мамлакатдаги ижтимоий-иқтисодий ҳолат ҳамда Давлат бюджетининг барқарорлигини таъминлашга қаратилган муҳим чора-тадбирлар амалга оширилган.

Ҳисоб палатаси ўз фаолиятини Президентимизнинг Фармон, қарорлари ва топшириқларида белгиланган вазифалардан келиб чиқиб, амалга оширган. Давлат бюджети параметрларининг шакллантирилиши ва уларнинг ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг устувор йўналишларига мувофиқлигини ҳар томонлама таҳлил қилишга, қабул қилинаётган давлат ва ҳудудий дастурларнинг молиялаштириш манбалари билан таъминланганлигининг аудитини рўёбга чиқаришга қаратган.

Давлат бюджети ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетлари ҳисобидан ажратилган маблағлар сарфланиши юзасидан 2020 йилда ўтказилган назорат тадбирлари натижасида жами 671,3 млрд. сўмлик ноқонуний харажатлар, камомад ва ўзлаштиришлар ҳамда самарасиз харажатлар, 1 трлн. сўмдан ортиқ харажатларни оптималлаштириш имкониятлари аниқланган.

Президентимизнинг 2020 йил 19 мартдаги Фармонига асосан ташкил этилган Инқирозга қарши курашиш жамғармасидан ажратилган маблағлар сарфланиши устидан Молия вазирлиги билан ҳамкорликда доимий назорат ўрнатилиб, аниқланган 23,8 млрд. сўмлик камомад ва ноқонуний харажатлар ҳамда ортиқча молиялаштирилган 8,4 млрд. сўм маблағлар жамғармага қайтарилган.

Бундан ташқари, амалга оширилган ўрганиш ва таҳлиллар натижасида жами 801,5 млрд. сўмлик қўшимча даромад манбалари мавжудлиги аниқланиб, шундан 233,5 млрд. сўмининг ундирилиши таъминланган ва қолган қисмларини ундириш чоралари белгиланган.

Таъкидланганидек, коронавирус пандемияси даврида Давлат бюджети барқарорлиги ва биринчи навбатдаги тадбирларнинг ўз вақтида молиялаштирилишини таъминлашга қаратилган Президентимизнинг 2020 йил 15 апрелдаги қарори ижроси юзасидан Давлат солиқ қўмитаси, Молия вазирлиги ва Давлат активларини бошқариш агентлиги билан ҳамкорликда уставида давлат улуши бўлган корхоналарнинг 2019 йилда олинган фойдасидан Давлат бюджетига 4,8 трлн. сўм дивидендларни ўтказилиши ҳисоб-китоб қилиниб, уларни тегишли бюджетларга жалб қилиниши таъминланган.

Шунингдек, Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 16 апрелдаги қарорида белгиланган тартиб ва меъёрлардан келиб чиққан ҳолда вазирлик ва идораларнинг 27 456 та махсус ҳисоб рақамларидаги қолдиқ маблағларнинг бир қисмини Давлат бюджетига ўтказиш имкониятлари таҳлил қилиниб, уларнинг 382 млрд. сўмини бюджетга ўтказилишида назорат-таҳлил ишлари олиб борилган.

Мажлисда Ҳисоб палатасининг замонавий ахборот-коммуникация ва рақамли технологияларни ҳамда илғор назорат усулларини қўллаган ҳолда бюджет даромадлари тўлиқлигини таъминлашга, мавжуд имконият ва захиралар эвазига бюджет даромадларининг қўшимча манбаларини ишга солишга, ҳудудларда маҳаллий бюджет маблағларини тўлиқ шакллантириш ва самарали ишлатишга қўшаётган салмоқли ҳиссаси, шунингдек, аниқланаётган тизимли молиявий хато ва камчиликларнинг олдини олиш ҳамда уларни бартараф қилиш юзасидан аниқ таклифлар ишлаб чиқилиб, тегишли органларга ўз вақтида киритилаётгани ижобий баҳоланди.

Шунингдек, 2020 йилда давлат раҳбарининг 796 та ҳужжатларидаги 15 518 та топшириқлари “ijro.gov.uz” идоралараро ахборот тизимга киритилиб, ижроси назоратга олинган. Хусусан, масъул вазирлик ва идораларнинг топшириқлар ижроси хусусида киритган 65 042 та жавоблари назорат тартибида ўрганиб чиқилгани ва киритилган маълумотларнинг 20 515 та топшириқнинг ижросини таъминланганлигига етарли асос бўлмаган, деб баҳолангани ҳамда ижрочиларга қайтарилганлиги бу йўналишдаги назоратнинг нақадар муҳим ва зарурий эканлиги депутатлар томонидан таъкидлаб ўтилди.

Депутатлар Ҳисоб палатаси ўз фаолиятида очиқлик ва ошкоралик принципларига амал қилаётганини алоҳида эътироф этдилар. Жумладан, мамлакатда олиб борилаётган ислоҳотларни ҳамда 2020 йилда амалга оширилган ишларни кенг жамоатчиликка етказиш, молиявий ҳуқуқбузарликларни барвақт олдини олиш мақсадида 40 дан ортиқ материаллар расмий веб-сайтда, оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқларда ёритилган. Ҳисобот даврида расмий веб-сайт орқали 19 та материал ҳамда миллий телевидение орқали 22 та видео материаллар тайёрланган.

Шу билан бирга, депутатлар ҳисоботда келтирилган тизимли молиявий ҳуқуқбузарликларга, хато ва камчиликларга ҳам алоҳида эътибор қаратдилар. Хусусан, бюджет даромадларини кўпайтириш имкониятларини излаш, мавжуд захираларни ишга солиш, яратилган шароит ва дастаклардан оқилона фойдаланиш ўрнига Давлат бюджетидан берилган маблағларни мақсадсиз ва самарасиз сарф қилинишига ва бюджет маблағларининг ноқонуний ўзлаштирилишига йўл қўйилаётгани, марказий ҳамда маҳаллий идоралар мутасаддиларининг ушбу муҳим масалага эътиборсизлик қилаётгани ва бошқа камчиликлар депутатлар томонидан кескин танқид қилинди.

Айниқса, Ҳалқ таълими вазирлиги муассасаларида 192,2 млрд. сўмлик молиявий хато, камчиликлар ва ўзлаштиришлар аниқланганлигига, жумладан, халқ таълими соҳасидаги ислоҳотларга кўмаклашиш жамғармаси маблағларидан 21 млрд. сўмлик самарасиз харажатларга йўл қўйилганлигига алоҳида эътибор берилди. Мисол тариқасида, Беруний туманидаги 420 млн. сўмга қурилиб фойдаланишга қабул қилинганлиги кўрсатилган 58-мактаб филиалида умуман қурилиш бўлмаганлиги аниқланган.

Муҳокамаларда депутатлар ҳисоботда келтирилган халқаро молия ташкилотлари маблағлари ҳисобидан амалга оширилаётган лойиҳаларда муаммолар мавжудлигига ҳамда уларнинг келиб чиқиш сабабларига ҳам эътибор қаратдилар. Жумладан, давлат ташқи қарз маблағларини жалб қилган ҳолда 2010 — 2019 йилларда якунланган умумий қиймати 12,6 млрд. АҚШ долларлик 81 та лойиҳаларнинг 24 тасида хато ва камчиликлар аниқланган.

Айрим лойиҳалар йиллаб кечиктирилган, шунингдек, лойиҳада кўзда тутилган мақсадлар доимий ўзгартирилган ёки сифатсиз асбоб-ускуна ва жиҳозлар қиммат нархларда сотиб олинганлиги, баъзи лойиҳаларнинг самарадорлик кўрсаткичлари ўта паст даражада ҳамда лойиҳа маблағлари талон тарож қилиниб ўзлаштирилганлиги кескин танқидларга сабаб бўлди.

Йиғилишда Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар қўмитасининг хулосаси баён этилди. Унга кўра, Ҳисоб палатаси томонидан 2020 йилда амалга оширилган ишлар белгиланган режа асосида амалга оширилганлиги эътироф этилди ҳамда келгусида жойларда ҳуқуқни қўллаш амалиётини яхшилаш, қонунчиликни такомиллаштириш ва Давлат бюджети ижросини назорат-таҳлил тартибида ўрганиш масалаларида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Ҳисоб палатасининг ўзаро ҳамкорлиги самарадорлигини янада ошириш зарурлиги борасида қатор таклифлар илгари сурилди.

Шунингдек, тизимли такрорланаётган камчилик, хатолар ва молиявий ҳуқуқбузарликлар бўйича тегишли давлат ва хўжалик бошқаруви органлари билан ўрта ва узоқ истиқболга мўлжалланган чора-тадбирлар ишлаб чиқиш зарурлигига эътибор қаратилди.

Йиғилишда сиёсий партияларнинг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракциялари аъзолари Ҳисоб палатасининг йиллик ҳисоботига ўз муносабатларини билдирдилар.

Хусусан, Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати — Ўзбекистон Либерал-демократик партияси фракцияси аъзолари  давлат ташқи қарзи ҳисобига амалга оширилган лойиҳалар бўйича аудит хулосаларини Олий Мажлис Қонунчилик палатасига киритиб бориш, муаммоли 14 та лойиҳа бўйича хулосаларни лойиҳачиларнинг тақдимоти билан киритиш ҳамда аниқланган камчиликларни бартараф этиш бўйича кўрилаётгани ишлар ҳақида маълумот тақдим қилиш зарурлигини билдириб ўтдидлар.

Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси фракцияси аъзолари Ҳисоб палатаси томонидан маҳаллий бюджетларнинг ижроси ўрганилганда қатор камчиликларнинг аниқланганлигига эътибор қаратар экан, жойларда ҳокимликларнинг бугун мамлакатда маҳаллий давлат ҳокимияти органлари молиявий мустақиллигини мустаҳкамлаш борасида яратилган қулай шарт-шароитларни инобатга олган ҳолда маҳаллий бюджет даромадларини кўпайтириш чора-тадбирларини излашга, мавжуд имконият ва резервларни ишга солишга ҳамда бюджетдан ажратилаётган маблағларнинг мақсадли ва самарали сарф қилинишини таъминлашга эътиборини янада кучайтириш зарурлигига ва бу соҳада уларга тегишли маслаҳат ва амалий ёрдамлар кўрсатиш зарурлигини таъкидладилар.

Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси фракцияси аъзолари Ҳисоб палатаси томонидан ўрганишлар жараёнида аниқланган камчиликларни бартараф этиш мақсадида тегишли вазирлик ва идоралар билан ҳамкорликда норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги таклифлар тайёрлаш бўйича ишларни тизимли олиб бориш лозимлигига, шунингдек Давлат бюджетидан молиялаштириладиган соғлиқни сақлаш муассасалари учун дори воситалари ва тиббиёт буюмлари ҳамда жиҳозларини сотиб олиш учун ажратилаётган маблағларни муассасалар ва ҳудудлар бўйича тақсимотида адолат принципларига тўла риоя этилаётганига алоҳида эътибор қаратиш зарурлигини илгари сурдилар.

Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракцияси аъзолари аҳолини арзон уй-жойлар билан таъминлашга, имтиёзли кредит линиялари учун Давлат бюджетидан ажратиладиган мақсадли маблағлар салмоғи ошганини, мазкур соҳани янада жадаллаштириш таклифини билдириб, аҳолига ипотека кредитлари берилишида адолат ва шаффофлик тамойиллари устуворлигига эришиш, энг аввало, уларни эҳтиёжманд оилаларга тақсимланаётганини, қурилаётган уй-жойларнинг дастлабки таннархи шаклланиши жараёнини, уларни сифатини назоратга олиш таклифини бердилар.

Ўзбекистон Экологик партияси фракцияси вакиллари томонидан инвестиция лойиҳаларини мониторинг ва назорат қилишда Ҳисоб палатаси тегишли мутахассисларни жалб қилган ҳолда лойиҳаларнинг экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш талабларига риоя этилган ҳолда амалга оширилганига эътиборни кучайтириш борасида, шунингдек, “Тоза ҳудуд” давлат унитар корхоналарининг фаолиятини қўллаб-қувватлаш учун ажратилаётган маблағлардан мақсадли ва самарали фойдаланилишини тизимли равишда ўрганиб бориш юзасидан таклифлар билдирилди.

Барча сиёсий партиялар фракциялари томонидан Ҳисоб палатасининг 2020 йилги ҳисоботи маъқулланди. Билдирилган таклифлар ва фикр-мулоҳазаларни инобатга олган ҳолда, қуйи палата Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатасининг 2020 йилдаги фаолияти тўғрисидаги ҳисоботни тасдиқлади ва тегишли қарор қабул қилди.

 

Ўзбекистон Республикаси

Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси

Матбуот хизмати


Кўришлар сони: 404

Депутатлар минбари

Янгиликлар

08.04.2021
Депутатлар 279 та муаммони жойида ҳал этди

Қизғин ўтган мазкур учрашувлар давомида сайловчилар томонидан 616 та муаммо ва муаммоли вазият, ...

08.04.2021
Хотин-қизларнинг ҳуқуқий манфаатларини ҳимоя қилиш масаласи муҳокама қилинди

Аёллар соғлигини муҳофаза қилиш чоралари, тиббий хизмат қамровини кенгайтириш, оилада соғлом фарзандни...

08.04.2021
Ўзбекистон — Саудия Арабистони: парламентлараро алоқаларнинг янги босқичи

Бугунги глобаллашув жараёнида давлатлар ўртасидаги ўзаро ҳамкорлик ва яқин муносабатлар жуда муҳим...