Cайт ранги: A A


Палата мажлислари

Аҳоли саломатлигини таъминлашда қандай ишлар амалга оширилиши режалаштирилмоқда?

Аҳоли саломатлигини таъминлашда қандай ишлар амалга оширилиши режалаштирилмоқда?

2021 йил 22 февраль куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасида Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракцияси ташаббуси билан парламент эшитуви ўтказилди. Унда депутатлар Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати бошлиғи, соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари Б. Юсупалиевнинг ҳамда инновацион ривожланиш вазири И. Абдураҳмоновнинг “Ўзбекистон Республикасида коронавирус пандемияси даврида аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш ва санитария-эпидемиологик осойишталикни таъминлаш борасида амалга оширилаётган чора-тадбирлар, шу жумладан, аҳолини коронавирусга қарши эмлаш борасида режалаштирилаётган ишлар тўғрисида”ги ахборотини эшитдилар.

Қайд этилганидек, мамлакатимизда ўтган даврда коронавирус пандемияси салбий оқибатларининг олдини олиш, аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталиги ва саломатлигини сақлаш бўйича кенг қамровли ишлар амалга оширилди. Жумладан, Президентимиз томонидан сўнгги йилларда соғлиқни сақлаш тизимини тубдан ислоҳ қилиш, айниқса, бирламчи тиббий-санитария ёрдами кўрсатишнинг сифати ва самарадорлигини оширишга катта эътибор қаратилди. Бутун дунёда 2020 йилда бошланган коронавирус пандемиясининг салбий таъсирини бартараф этиш, кассаллик тарқалишини олдини олиш, коронавирус билан касалланганларни даъволашни самарали йўлга қўйиш мақсадида давлатимиз раҳбари томонидан ўз вақтида қабул қилинган қатор фармон ва қарорлари асосида аҳоли, иқтисодиёт тармоқлари ва тадбиркорлик cубъектларини қўллаб-қувватлаш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар амалга оширилди.

Жумладан, коронавирус пандемиясига қарши курашиш ишларини молиялаштиришга ҳам алоҳида эътибор қаратилди, Инқирозга қарши курашиш жамғармаси ташкил этилиб, 2020 йил давомида қарийб 13 трлн. сўм маблағ йўналтирилди.

Коронавирус инфекцияси билан боғлиқ эпидемиологик барқарорликни таъминлаш ҳамда аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш мақсадида пандемиянинг эрта босқичларида республика бўйлаб кучайтирилган карантин чекловлари жорий этилди, таълим муассасалари ва кўплаб ташкилотлар фаолияти масофавий тарзда олиб борилди, халқаро ҳамда маҳаллий авиа ва темир йўл қатновлари фаолияти тўхтатилди, санитар-карантин пунктлари фаолияти кучайтирилди ҳамда ҳудудларда мослаштирилган карантин зоналари ташкил этилди ва хориждаги фуқароларимиз чартер рейслар билан мамлакатимизга олиб келиниб, карантин зоналарида карантинга олинди.

Шу билан бир қаторда, Тошкент вилоятида 20 минг ўринли, Наманган, Самарқанд, Сурхондарё вилоятлари ҳамда Қорақалпоғистон Республикасида жами 7 085 ўринли карантин муассасалари ҳамда Тошкент вилояти Зангиота туманида 4000 ўринли махсус шифохоналар қурилиб, замонавий тиббий асбоб-ускуналар билан жиҳозланди. Шунингдек, бундай махсус шифохоналар Нукус, Самарқанд шаҳарлари ҳамда Термиз ва Поп туманларида ҳам барпо этилди. Шу билан бирга, қурилиш-таъмирлаш ишларига 1,2 триллион сўм, тиббиёт ва бошқа ходимларни қўшимча рағбатлантириш тўловларига 2,2 тириллион сўм, дори ва гигиена воситалари, озиқ-овқат, тиббий техника ва бошқа воситаларни сотиб олиш каби тадбирларга 1,3 триллион сўм маблағлар сарфланди.

Бу каби узоқни кўзлаб кўрилган тезкор чоралар, давлат раҳбари даражасида қаратилган эътибор самараси ўлароқ, дунё мамлакатлари орасида юртимиз пандемия даврини катта қийинчиликсиз ва ижтимоий-иқтисодий йўқотишларсиз ўтказди. Жумладан, дунёнинг 221 та мамлакатлари орасида Ўзбекистон 1 млн. аҳолига нисбатан коронавирус билан касалланиш кўрсаткичи бўйича 137-ўринни, COVID-19 дан ўлим ҳолати бўйича 159-ўринни эгаллаб, ҳозирги вақтда умумий аҳоли сонига нисбатан COVID-19 фаол босқичида бўлган беморлар 0,002 фоизни ташкил этмоқда.

Парламент эшитуви давомида қайд этилганидек, коронавирусга қарши курашиш соҳасидаги тиббий илмий-изланишлар натижаларига ва олимларнинг фикрига кўра аҳолини коронавирусга қарши оммавий эмлаш инсон саломатлигини муҳофаза қилиш ҳамда пандемияни жиловлашнинг энг самарали усули ҳисобланади.

Жорий йилда ҳам коронавирус пандемиясига қарши курашни тизимли равишда давом эттириш долзарб аҳамият касб этади. Шу нуқтаи назардан, ўтган йили Қонунчилик палатаси депутатлари томонидан қабул қилинган “2021 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида”ги қонунга асосан
2021 йилда коронавирус пандемиясига қарши курашиш ва вакцина сотиб олиш учун 3 триллион сўм бюджет маблағлари ажратилиши кўзда тутилган.

Тадбир давомида, Давлат бюджетининг 2020 йилнинг 9 ойи ижроси ҳисоботи материалларига кўра, ўтказилган давлат молиявий назорат тадбирларида 129,1 млрд. сўмлик ноқонуний харажатлар, жумладан, Соғлиқни сақлаш вазирлиги тизимида 22 млрд. сўм миқдорида қонунбузилиш ҳолатлари аниқланган ва бу каби салбий ҳолатлар доимий кузатилаётганлигидан келиб чиқиб, соғлиқни сақлаш соҳасидаги дастурларни молиялаштиришда, жумладан, коронавирус пандемиясига қарши курашиш учун ажратилаётган катта миқдордаги бюджет маблағларнинг қонуний сарфлашни таъминлаш, ушбу маблағларни ноқонуний ўзлаштирилишини олдини олиш бўйича ваколатли давлат органлари томонидан таъсирчан чоралар кўрилиши лозимлиги депутатлар томонидан алоҳида таъкидланди.

Йиғилишда бугунги кунда мамлакатимизда аҳолини коронавирусга қарши эмлаш тадбирларини самарали ташкил этиш юзасидан қатор ишлар амалга оширилаётганлиги, хусусан, аҳолини оммавий эмлаш мақсадида дунёнинг 13 та фармацевтика компанияси ҳамда илмий-тадқиқот марказлари билан коронавирусга қарши вакциналарни тезкор етказиб бериш юзасидан музокаралар олиб борилаётганлиги айтиб ўтилди. Жумладан, амалга оширилган ҳамкорлик натижаларидан келиб чиқиб, Хитойнинг “Zhifei Longcom Biopharmaceutical Co.,Ltd” компанияси коронавирусга қарши вакцинани яратишда Ўзбекистоннинг “ZF 2001” вакцинасини бирга яратган ҳаммуаллиф давлат сифатида белгилангани ҳамда ушбу янги вакцинани “ZF-UZ-VAC 2001” номи билан биргаликда ишлаб чиқариш ва ундан фойдаланиш келишилгани маълум қилинди.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси GAVI (Вакциналар ва иммунизация бўйича глобал альянс) ташкилоти COVAX (коронавирусга қарши эмлаш механизми) фондига аъзо давлатлар қаторига киради. Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан COVAX фонди ҳисобидан мамлакатимиз аҳолисини коронавирусга қарши эмлаш бўйича етарли миқдорда вакцина етказиб бериш юзасидан буюртма тайёрланиб, GAVI ташкилотига тақдим этилганлганлиги қайд этиб ўтилди.

Мамлакатимизда коронавирус инфекциясига қарши эмлаш ишларига тайёргарлик кўриш ва уни амалга ошириш билан боғлиқ аниқ вазифалар белгилаб олинган ҳамда халқаро тажрибадан келиб чиқиб, хавф гуруҳига кирувчи шахсларни биринчи навбатда эмлаш назарда тутилмоқда.

Шунингдек, эмланиши лозим бўлган шахсларнинг электрон рўйхатини шакллантириш, 3 138 та эмлаш пункти, 862 та ҳаракатдаги ва мобиль бригадалар фаолиятини йўлга қўйиш, мавжуд 1 та марказий, 14 та ҳудудий ҳамда 206 та туман (шаҳар) вакцина сақлаш омборхоналарини, улардаги 457 та совуткич, 148 та электр генератор, 121 та термосумка ва термоконтейнерни шай ҳолатига келтириш ишлари олиб борилмоқда.

Аҳолини эмлаш тадбирларига жалб этиладиган тиббиёт ва бошқа ходимлар жорий йилнинг февраль ойи якунига қадар коронавирусга қарши эмлаш масалалари бўйича қайта ва тўлиқ тайёргарликдан ўтказиш режалаштирилган.

Коронавирус пандемиясига қарши курашиш жараёни мамлакатимиз, халқимиз хаёти учун энг муҳим ва долзарб масалалардан бири эканлигидан келиб чиқиб, Қонунчилик палатаси депутатлари томонидан Коронавирусга қарши эмлаш, жумладан, вакцинация жараёнининг ихтиёрийлиги, биринчи навбатда эмланиши назарда тутилмаган аҳоли тоифаларини эмлаш, вакцинация натижасида рўй бериши мумкин бўлган салбий оқибатлар каби масалалар билан боғлиқ ҳолатларни қонуний ҳал этиш учун ҳуқуқий асосларни такомиллаштириш зарурлиги таъкидланди.

Парламент эшитувида халқ вакиллари кекса ва нуронийлар, ижтимоий ҳимояга муҳтож, яъни “Темир дафтар”га киритилган ва ногиронлиги ҳамда сурункали касалликлари бўлган шахслар, тиббиёт ходимлари, мактаб ўқитувчилари, мактабгача таълим ташкилотлари, шунингдек ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимларини биринчи навбатда эмлаш ишларини ташкил қилиш мақсадга мувофиқ бўлар эди, деган таклифни илгари сурдилар.

Депутатлар таъкидлаганидек, айни кунларда коронавирусга қарши биринчи навбатда вакцина олувчилар рўйхатига журналистлар, блогерлар ва оммавий ахборот воситалари ҳамда жамоат транспорти ходимлари, шунингдек чет давлатларда таҳсил олувчи талабалар ва меҳнат мигрантлари ҳам киритилганлиги ижтимоий тармоқларда қизғин муҳокамаларга сабаб бўлмоқда. Бу эса, ўз навбатида, мазкур рўйхатни адолатли тарзда қайта кўриб чиқишни тақоза қилмоқда. Мазкур масала юзасидан халқ вакиллари томонидан Ҳукуматга бир қатор таклифлар берилди.

Қизғин баҳс-мунозаралар тарзида ўтган парламент эшитувида депутатлар кун тартибидаги масала юзасидан ўз фикр-мулоҳазалари ва таклифларини билдирдилар.

Халқ вакилларининг ҳудудлардаги фаолияти доирасида коронавирусга қарши эмлаш ишларининг ташкил қилиниш жараёнлари устидан ҳам таъсирчан парламент назорати ўрнатилиши айтиб ўтилди.


Кўришлар сони: 154

Депутатлар минбари

Янгиликлар

26.02.2021
Чаманзор қишлоғи муаммолари ўрганилди

Шу кунларда Жиззах вилоятида хизмат сафарида бўлиб турган Oлий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери...

26.02.2021
Ноширлик соҳасини давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг асослари такомиллаштирилмоқда

Муҳокама этилаётган қонун лойиҳаси 7 боб ва 35 моддадан иборат. Унда ноширлик соҳасини давлат томонидан...

26.02.2021
Депутатлар аралашуви билан муаммо бартараф этилди

Дастлаб, депутатлар Фарғона шаҳридаги 5-оилавий поликлиникада бўлишди. Ушбу тиббиёт муассасаси 48 ...