Cайт ранги: A A


Палата мажлислари

Давлат ва жамият хавфсизлигига таҳдид солувчи ахборотни тарқатганлик учун жавобгарлик кучайтирилмоқда

Давлат ва жамият хавфсизлигига таҳдид солувчи ахборотни тарқатганлик учун жавобгарлик кучайтирилмоқда

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари 2021 йил 15 февраль куни бўлиб ўтган навбатдаги мажлисда Ўзбекистон Республикасининг Жиноят, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексларига ҳамда «Ахборотлаштириш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунига айрим ўзгартиш ва қўшимчалар киритишни назарда тутувчи қонун лойиҳасини ҳам кўриб чиқдилар.

Маълумки, сўз ҳамда фикрлаш эркинлигини қонуний асосда кафолатлаш ҳуқуқий демократик давлатнинг ажралмас қисми ҳисобланади. Сўнгги йилларда Ўзбекистонда сўз эркинлигини, фикрлар хилма-хиллигини, одамлар ўз қарашларини очиқ-ошкора ифода этишини амалда таъминлашга қаратилган изчил саъйи-ҳаракатлар олиб борилмоқда. Айни пайтда мамлакатимизда оммавий ахборот воситалари фаолиятининг кафолатларини таъминлаш мақсадида Конституция билан бир қаторда бошқа бир қатор қонунлар ҳам қабул қилинган.

Бироқ сўнгги вақтларда веб-сайт ёки веб-сайт эгалари, шу жумладан блогерлик фаолияти билан шуғулланувчи шахсларнинг ахборот олиш ва уни тарқатиш маданияти тўлиқ шаклланмагани сабабли, бошқа шахсларнинг қонун билан қўриқланадиган ҳуқуқ ва манфаатларига зарар етказиш ҳолатлари ҳам кузатилмоқда. Қолаверса, бундай шахсларнинг ахборот тарқатиш соҳасидаги ҳуқуқий маданияти шаклланмаганлиги келажакда улар томонидан қонун талабларини бузиб, ўз веб-сайтидан ва веб-сайт саҳифасидан мамлакатнинг мавжуд конституциявий тузумини, ҳудудий яхлитлигини зўрлик билан ўзгартиришга даъват этиш, уруш, зўравонлик ва терроризмни, шунингдек, диний экстремизм, сепаратизм ва фундаментализм ғояларини тарғиб қилиш, давлат сири бўлган маълумотларни ёки қонун билан қўриқланадиган бошқа сирни ошкор этиш, миллий, ирқий, этник ёки диний адоват қўзғатувчи, фуқароларнинг шаъни ва қадр-қимматига ёки ишчанлик обрўсига путур етказувчи, уларнинг шахсий ҳаётига аралашишга йўл қўювчи ҳамда оммавий тартибсизликларга даъват этувчи контентни тарқатиш эҳтимолини оширади.

Шу нуқтаи назардан келиб чиқиб, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон «Миллий тикланиш» ДП ва «Адолат» СДП фракциялари ташаббуси билан «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонуни лойиҳаси ишлаб чиқилди.

Қонун лойиҳаси билан «Ахборотлаштириш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунига веб-сайт ёки веб-сайт эгалари, шу жумладан блогерларнинг оммавий тартибсизликлар ва зўровонликни даъват этиш, аҳоли хавфсизлигига таҳдид солувчи ёлғон маълумот тарқатиш, зўравонликни ёки шафқатсизликни тарғиб қилиш, ҳуқуққа хилоф ҳаракатларни содир этиш мақсадида ахборотни тарқатишларига қарши нормалар киритилмоқда.

Бу билан оммавий тартибсизлик ва фуқароларга нисбатан зўровонлик қилишга оммавий даъват этиш, фуқароларни қонун ҳужжатларига риоя қилмаслик ёки уларни бузишга омма олдида, шунингдек оммавий ахборот воситалари орқали даъват қилиш, жамоат тартибига ёки хавфсизлигига таҳдид солувчи ёлғон маълумот тарқатиш, порнографияни, зўравонликни ёки шафқатсизликни тарғиб қилиш, шунингдек ўзини ўзи ўлдиришга тарғиб қилиш каби қонунбузарлик ҳолатларининг олдини олиш назарда тутилмоқда.

Депутатлар қонун лойиҳасини тайёрлаш жараёнида хорижий мамлакатлар тажрибасини ҳам ўрганиб чиқдилар. Хусусан, АҚШ, Туркия, Россия Федерацияси ва Инсон ҳуқуқлари ва асосий эркинликларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги Европа конвенцияси таҳлил қилинди. Ўрганилган барча давлатларнинг қонунчилигида қонунга хилоф, давлат ва жамият хавфсизлигига таҳдид солувчи ахборотларнинг тарқалишига нисбатан тақиқ ўрнатилгани маълум бўлди.

Халқ вакилларининг таъкидлашича, қонунга хилоф, давлат ва жамият хавфсизлигига таҳдид солувчи ахборотни тарқатганлик учун жавобгарлик чораларининг кучайтирилиши фуқароларнинг ахборот олишга бўлган ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, коммуникация тизимига долзарб ва ишончли ахборотларнинг киритилишига, шунингдек жамиятнинг хафвсизлиги ва барқарорлигини таъминлашда муҳим ўрин тутади.

 

 

 


Кўришлар сони: 949

Депутатлар минбари

Янгиликлар

15.01.2022
Халқимиз манфаатларига хизмат қиладиган таклифлар илгари сурилди

Жамоатчилик муҳокамасига қўйилган “Янги Ўзбекистоннинг 2022-2026 йилларга мўлжалланган тараққиёт...

15.01.2022
Қўмитанинг 2021 йил якунлари бўйича фаолияти сарҳисоб қилинди

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Фан, таълим, маданият ва спорт масалалари қўмитаси томонидан...

14.01.2022
Тараққиёт стратегияси:75 минг гектар интенсив боғ ва янги узумзорлар барпо этилади

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Аграр ва сув хўжалиги масалалари қўмитаси “Янги Ўзбекистоннинг...