Cайт ранги: A A


Палата мажлислари

Кун тартибида ахборот тарқатиш ҳуқуқи ва жавобгарлиги

Кун тартибида ахборот тарқатиш ҳуқуқи ва жавобгарлиги

Сўнгги йилларда Ўзбекистонда ахборот соҳасини демократлаштириш ва либераллаштириш борасида амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар натижасида давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги сезиларли даражада ўсиб, жамиятда очиқ мулоқот майдони яратилди. Жамоатчиликнинг нутаи назарини қарор топтиришда, қизиқишига сабаб бўладиган кенг кўламли масалалар юзасидан ижтимоий фикрнинг пайдо бўлишида эса ОАВ ўрни кескин ошмоқда.

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг 2020 йил 15 декабрь куни бўлиб ўтган навбатдаги мажлисида кўриб чиқилган “Ўзбекистон Республикасининг Жиноят, Жиноят-процессуал кодексларига ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳаси муҳокамасида депутатлар ахборот ва сўз эркинлигини таъминлашнинг муҳим жиҳатларига, шунингдек, ушбу ҳужжатни қабул қилиш заруратига алоҳида эътибор қаратишди.

Таъкидлаб ўтилганидек, бугунги кунда миллий қонунчилигимизда фуқароларнинг ахборот ҳуқуқлари, масс-медиа ва оммавий коммуникациялар соҳаси субъектларининг ҳуқуқлари ҳимоясини таъминлайдиган ҳуқуқий нормаларни мустаҳкамлаш зарурати пайдо бўлди. Телекоммуникация ва Интернет тармоқларида ахборотни тарқатиш жараёнини тартибга солувчи нормаларни такомиллаштириш талаб этилмоқда.

Парламент аъзоларининг фикрича, бундай шароитда оммавий ахборот воситалари билан бир қаторда фуқароларнинг ҳам ахборотга доир ҳуқуқлари ҳимоясининг кафолатларини таъминлаш муҳим ҳисобланади.

Шу нуқтаи назардан, қонун лойиҳаси билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга зўравонлик ва шафқатсизликни тарғиб қилувчи ахборотни оммавий ахборот воситалари, телекоммуникация ёки Интернет тармоқларига жойлаштирганлик учун жавобгарликни белгилаш назарда тутилмоқда.

Кодекснинг амалдаги таҳририга кўра, зўравонликни ёки шафқатсизликни тарғиб қилувчи маҳсулотни тайёрлаш, тарқатиш, реклама қилиш ва намойиш этиш ҳаракатлари учун БҲМнинг эллик бараваридан юз бараваригача, мансабдор шахсларга эса юз бараваридан бир юз эллик бараваригача миқдорда жарима солиниши белгиланган.

Янги қонун лойиҳасига кўра, бундай ҳаракатлар учун жарима миқдорини ошириш, фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг эллик бараваридан тўрт юз бараваригача, мансабдор шахсларга эса юз бараваридан тўрт юз эллик бараваригача миқдорда жарима солиш ҳақидаги меъёрни киритиш таклиф этилмоқда.

Шунингдек, шахснинг қадр-қимматини камситувчи, уни обрўсизлантиришга қаратилган ёлғон ахборотни ишончли маълумот кўринишида била туриб телекоммуникация, интернет тармоқларига жойлаштирганлик учун маъмурий жавобгарлик назарда тутилмоқда. Депутатларнинг қайд этишича, амалдаги қонунчиликда бу турдаги ҳаракатни содир этган шахс тўғридан тўғри жиноий жавобгарликка тортилиши белгиланган. Таклиф этилаётган лойиҳада эса шахс шундай ҳаракатлари учун муқаддам маъмурий жавобгарликка тортилганидан кейин 1 йил давомида такроран содир этсагина жиноий жавобгарликка тортилиши белгиланмоқда.

Шахснинг қадр-қимматини камситувчи, уни обрўсизлантиришга олиб келадиган ёлғон ахборотни тарқатиш, шу жумладан, оммавий ахборот воситалари, телекоммуникация ёки Интернет тармоқларига жойлаштириш орқали тарқатиш базавий ҳисоблаш миқдорининг эллик бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлиши қайд қилинмоқда.

Мажлисда қонун лойиҳасининг қабул қилиниши миллий ОАВ ва журналистларнинг профессионал фаолияти учун янги самарали механизмларни татбиқ этишга имкон бериши, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари тўғрисидаги маълумотларни эркин олишлари ҳамда уларнинг фаолиятига аралашмаслик бўйича қўшимча кафолатларни яратиши қайд этилди.

Ўз навбатида, депутатлар жамиятда, оилаларда ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини сақлаш, интернет орқали кенг тарқалаётган, болалар, ёшлар онгига салбий таъсир кўрсатиши мумкин бўлган ахборотларни тарқатганлик, тарғиб қилганлик бўйича жавобгарлик кучайтирилиши мақсадга мувофиқлигини таъкидладилар.

Қизғин муҳокамалардан сўнг, қонун лойиҳаси қабул қилинди.


Кўришлар сони: 853

Депутатлар минбари

Янгиликлар

13.05.2021
Сувдан фойдаланиш ва сув ресурсларини бошқариш муаммолари муҳокама марказида

Сув ресурслари бўйича Осиё миллий ассамблеяси маслаҳат кенгашининг3-йиғилиши видеоконференц алоқаси...

12.05.2021
Ҳамкорлик алоқалари янги босқичда ривожланади

Қонунчилик палатасида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Канада парламенти Жамоат палатаси...

12.05.2021
Facebook, TikTok, Telegram ва шу каби коммуникация платформалари ўз техник воситаларини Ўзбекистон ҳудудига ўтказишлари шарт

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Инновацион ривожланиш, ахборот сиёсати ва ахборот технологиялари...