Cайт ранги: A A


Палата мажлислари

Инсон ҳуқуқларини таъминлаш Қонунчилик палатасининг доимий эътиборида бўлади

Инсон ҳуқуқларини таъминлаш Қонунчилик палатасининг доимий эътиборида бўлади

2020 йил 14 октябрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди. Депутатлар кун тартибидаги масалаларни кўриб чиқишдан аввал куни кеча Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясида Ўзбекистон Республикаси тарихда илк бор БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши аъзолигига кўпчилик овоз билан сайлангани юзасидан ўз муносабатларини билдириб ўтдилар.

Таъкидланганидек, давлатимиз раҳбарининг қатъий сиёсий иродаси туфайли мамлакатимизда сўнгги йилларда айнан инсон ҳуқуқларини таъминлаш соҳасида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилди. БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашига аъзо бўлиб сайланиши авваламбор, бу борадаги Ўзбекистон саъй-ҳаракатларининг халқаро даражадаги эътирофи экани алоҳида қайд этиб ўтилди.

Депутатлар томонидан ушбу воқелик парламент хусусан, Қонунчилик палатаси зиммасига ҳам катта масъулият юклаши, инсон ҳуқуқлари соҳасида бошланган ишларни, жумладан соҳанинг қонунчилик ва ташкилий-ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлаш, инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро стандартларни миллий қонунчиликка имплементация қилиш, шунингдек, халқаро мажбуриятларни бажаришда парламент назоратини кучайтириш лозимлиги таъкидланди.

 

Дилором Файзиева, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати:

 — Ўзбекистон Республикасининг БМТга аъзо давлатлар томонидан кўпчилик овоз билан мазкур нуфузли ташкилотнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Кенгашига аъзо этиб сайланиши катта ютуқдир. Бу воқелик мамлакатимиздаги замонавий сиёсий йўналиш ва олиб борилаётган ислоҳотларга нисбатан жаҳон ҳамжамияти томонидан билдирилган ишонч, қўллаб-қувватлов ва эътирофдан дарак бериб турибди. Олий Мажлиснинг қонунларни такомиллаштириш ва уларнинг ижроси юзасидан парламент назоратини амалга ошириш фаолияти асосида айнан фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари ҳимоясига қаратилган. Шу боис, бундай эътирофни, биз депутатлар тинчлик ва хавфсизлик, барқарорлик тараққиётга эришишнинг асоси бўлган инсон ҳуқуқлари ҳимояси борасидаги келгуси ҳаракатларни изчил ва натижадор олиб боришда улкан масъулият деб биламиз.

 

Қодир Жўраев, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати:

— Ўзбекистоннинг ушбу муҳим халқаро тузилмага сайланиши, шубҳасиз, мамлакатимизда инсон ҳуқуқ ва эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини изчил таъминлашга қаратилган кенг кўламли ислоҳотларнинг амалий натижасидир. Тан олиш керакки, сўнгги йилларда инсон ҳуқуқлари соҳасида кўп ишлар қилинди. Биргина соҳанинг қонунчилик асосларини такомиллаштириш бўйича 30 дан зиёд қонунлар қабул қилинди. Парламентимиз томонидан 10 дан ортиқ халқаро шартнома, чунончи, Халқаро меҳнат ташкилотининг 4 та Конвенцияси ратификация қилинди.

Бундан ташқари, болалар меҳнати ва мажбурий меҳнатга барҳам бериш, гендер тенгҳуқуқлиликни таъминлаш, фуқаролиги йўқ шахсларга фуқаролик бериш, диний экстремизм билан боғлиқ жиноятларни содир этишда айбланган шахсларни озодликдан ва «қора рўйхат»дан чиқариш, кам таъминланган аҳолини ижтимоий жиҳатдан ҳимоя қилиш, камбағалликни қисқартириш каби йўналишларда қатор ижобий ишлар амалга оширилди. Шак-шубҳасиз, бу ишлар келгусида ҳам изчил давом эттирилади.

 

Ақшагул Тулегенова, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати:

 — Бугунги кунда Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари бўйича 80 дан ортиқ халқаро ҳужжатга, жумладан Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг 6 та асосий шартномаcи ва 4 та факультатив протоколига қўшилган бўлиб, уларнинг амалга оширилиши юзасидан БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши ва шартномавий қўмиталарига мунтазам равишда миллий маърузаларни тақдим этиб келмоқда. Бундан ташқари, миллий қонунчиликни инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро-ҳуқуқий стандартлар билан уйғунлаштириш бўйича амалий чора-тадбирлар кўрилмоқда.

Бу ишлар куни кеча Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош ассамблеясида Ўзбекистон БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши аъзолигига биринчи марта сайланганида ўз аксини топди. Бу хушхабар биз – парламент аъзоларига нафақат ифтихор туйғусини балки, мазкур йўналишда олиб борилаётган ишлар самарадорилигини тўлиқ назорат қилиш орқали мамлакатнинг халқаро майдондаги обрўсини янада мустаҳкамлашда бор имкониятни ишга солишга яна бир рағбат бўлди.

 

Иномжон Қудратов, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати:

— Ўзбекистон сўнгги тўрт йилда инсон ҳуқуқлари соҳасида кўплаб халқаро даражада эътироф этилаётган ижобий ютуқларни қўлга киритмоқда. Президентимиз фармони билан инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси миллий стратегиясининг тасдиқланиши мамлакатнинг соҳадаги қатъий позицияси қандай эканидан далолат беради. Қолаверса, Ўзбекистоннинг айнан инсон ҳуқуқлари борасидаги ташаббусларига халқаро ҳамжамият томонидан ҳам хайрихоҳлик билдирилмоқда. Ўзбекистонинг БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашига аъзоликка сайлангани ҳам бунинг ёрқин ифодасидир.


Кўришлар сони: 711

Депутатлар минбари

Янгиликлар

16.09.2021
Болалар омбудсманининг ҳуқуқий мақоми кучайтирилмоқда

Халқаро тажрибага назар ташлайдиган бўлсак, бугунги кунда 20 дан ортиқ ривожланган давлатларда алоҳида...

16.09.2021
Озон қатламини ҳимоя қилиш борасида олиб борилаётган ишлар ҳолати қандай?

Семинарда таъкидланганидек, Ўзбекистон дунё ҳамжамиятининг тўлақонли субъекти сифатида атроф муҳитни...

16.09.2021
Депутат номига сайловчилардан миннатдорчилик хати келди

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракцияси аъзоси Мавжуда...